Ўзбекистон | 21:43 / 04.09.2023
24474
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура: СамДУ Каттақўрғон филиалида плита қулашидан 6 нафар талаба жароҳатланган

Аввалроқ университет баёнотида жароҳатланганлар сони икки нафар экани айтилганди. Прокуратура мутахассисларни жалб қилган ҳолда бинонинг қурилиши ва мукаммал таъмирланиши бўйича текширув бошлаган.

Фото: Zarnews

Самарқанд давлат университетининг Каттақўрғон филиалидаги фаоллар залининг шифт қисмига ўрнатилган темир-бетон плитаси қулаб тушгани оқибатида 6 нафар талаба қиз тан жароҳати олган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Gazeta.uz'га маълум қилган.

Ҳозирда бинонинг қурилиши ҳамда мукаммал таъмирланиши ҳолати мутахассислар жалб қилинган ҳолда ўрганилмоқда, дейилади прокуратура хабарида.

Аввалроқ университет расмийси Kun.uz'га ҳодиса оқибатида 3 нафар талаба қиз жароҳат олганини маълум қилган, кўп ўтмай университет расмий баёнотида жароҳатланганлар сони 2 нафар экани, уларнинг умумий аҳволи яхшилиги айтилганди.

Ҳолат бўйича Каттақўрғон шаҳар прокуратураси терговга кадар текширув бошлаган.

Самарқанд давлат университети Каттақўрғон филиалининг Каттақўрғон шаҳар Амир Темур кўчаси 27-уйда жойлашган ўқув биноси собиқ Самарқанд давлат институти академик лицейи биноси учун қурилган бўлиб, 2008 йилда фойдаланишга топширилган.

2008−2018 йилларда СамДЧТИ қошидаги академик лицей сифатида, 2019−2021 йилларда Каттақўрғон шаҳар 7-мактаби фаолият олиб борган.

Мавзуга оид