Жаҳон | 15:50 / 07.09.2023
19027
6 дақиқада ўқилади

«Макдоналдс»да овқатланган Блинкен ва бозорга зарба оқибатлари. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 560-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Россия қўшини Донецк областининг Константиновка шаҳрини ўққа тутди. 16 киши ҳалок бўлиб, 33 киши жароҳат олган.
  • АҚШ Украинага Abrams танклари учун  кучсизлантирилган уранли снарядлар етказиб беришини маълум қилди.
  • РФ мудофаа вазирлиги маҳкумларни «алоҳида ҳарбий ҳисоб»га қўйишни — яъни Ҳарбий рўйхатга олиш тўғрисидаги Низомдан озодликни маҳрум этиш жазосини ўтаётган фуқароларни ҳарбий рўйхатга олишдан озод қилувчи кичик бандни чиқариб ташлашни таклиф этди. «Алоҳида ҳарбий рўйхат» ахлоқ тузатиш муассасаларида юритилади.
  • Олий Рада Рустем Умеровни Украинанинг янги мудофаа вазири этиб тайинлади. Умеров бу лавозимда 2021 йил ноябридан буён ишлаб келган Олексий Резников ўрнини эгаллади.
  • АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен Киевга келди. Ташриф якунида у АҚШ санкцияга тушган россиялик бизнесменларнинг активларини Украинага беришини маълум қилди. Бундан ташқари, АҚШ Украинага миллиард долларлик ёрдам пакети ажратади.
  • Запорижжя областининг оккупация маъмурияти раҳбари Балицкий РФ қўшинлари Работинедан «тактик чекингани»ни маълум қилди.

Кун воқеаси. Константиновкага зарба

Украина президенти Володимир Зеленский 6 сентябр куни Донецк областининг Константиновка шаҳрига ракета зарбаси берилганини хабар қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, 16 киши ҳалок бўлиб, 33 киши яраланган. Зеленский зарба келиб тушган жойда ҳарбий қисм бўлмаганини урғулаган: «Улар қасддан бозорни нишонга олиб зарба беришди. Шунчаки бозор, дўконлар, дорихоналар бўйлаб зарба йўллашди. Мен ўз жамоам билан кўп бор Константиновкада бўлганман, ким у ерни яхши билса, тушунадики, у ер шунчаки тинч фуқаролар жойи эди. Унинг яқинида ҳеч қандай ҳарбий қисм бўлмаган», — деди Зеленский.

Украина бош вазири Денис Шмигал қурбонлар орасида ёш бола ҳам борлигини хабар қилди. 20 дўкон, электр узатиш линияси, маъмурий бино ва турар жой биносининг бешинчи қавати шикастланган. Бир қанча енгил автомобиллар ҳамда саккизта савдо объекти тўлиқ ёниб кетган. Прокуратура уруш қонунлари ва урф-одатларини бузиш тўғрисидаги модда бўйича тергов ҳаракатлари бошланган. Россия зарба юзасидан ҳеч қандай изоҳ бермади.

Авиазарба чоғида ерга ётиб олган константиновкаликлар
Alex Babenko / EPA / Scanpix / LETA
Отишмадан кейин ёнғин чиққан бозор ҳудудидаги жасадлар
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Украиналик ҳарбий хизматчи парамедикларни чақирмоқда. Унинг ортида жасадлар
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Ярадорларга биринчи ёрдамни кўрсатаётган шифокорлар
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Ҳалок бўлган аёлнинг юрак уришини текшириб кўраётган эркак
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Константиновка бозори ҳудудида қон излари
Alex Babenko / EPA / Scanpix / LETA
Отишма вақтида ҳалок бўлган киши жасадини олиб кетаётган шифокорлар
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA
Константиновкада реклама плакати олдида ётган аёл жасади
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Блинкен Киевдаги «Макдоналдс»да

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен 6 сентябр тонгида Киевга ташриф буюрди. У Америка элчихонасига кириб чиққанидан сўнг Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба билан Берковецке қабристонига бориб, Россия босқинини қайтаришда ҳалок бўлган украин жангчиларининг қабрларини зиёрат қилди. Бундан ташқари, улар биргаликда «Макдоналдс»да овқатланишди. Бу АҚШ давлат котибининг кенг кўламли уруш бошланганидан буён Киевга учинчи бор расмий ташриф билан келиши бўлди.

Киевга ташриф якунида Блинкен АҚШ биринчи марта санкцияга тушган россиялик бизнесменларнинг мусодара қилинган активларини Украинага топшириши ҳақида эълон қилди. Хусусан, Константин Малофеевнинг беш миллион доллари уруш фахрийлари реабилитацияси учун йўналтирилади. Шунингдек, у АҚШ Украинага яна 1 миллиард доллар миқдоридаги ҳарбий ёрдам пакети юборишини ваъда қилди.

Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба ва АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Киевдаги Макдоналдс ошхонасида
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA

Россияликларнинг шиналар билан ҳимояланган бомбардимончиси 

Maxar сунъий йўлдоши тасвири. Унда Россиянинг Саратов яқинидаги Энгелс авиабазасида турган Ту-95 стратегик бомбардимончисининг қанотлари шиналар билан қопланганини кўриш мумкин. Россиялик ҳарбийлар шу йўл билан ҳарбий самолётларни украин дронларидан ташланадиган ўқ-дорилардан ҳимоялашга ҳаракат қилмоқда. 30 августга ўтар кечаси дронларнинг Псковдаги Крести авиабазасига ҳужуми оқибатида Ил-76 русумли тўртта ҳарбий-транспорт самолёти шикастланган ва йўқ қилинганди. 
Maxar Technologies / AP / Scanpix / LETA

Украина фронтининг турли чеккаларидан суратлар

Ростов-на-Донга дронлар ҳужуми оқибатлари

Маҳаллий расмийлар ва РФ мудофаа вазирлиги 7 сентябрга ўтар кечаси шаҳарда украинларнинг икки дрони уриб туширилгани ҳақида хабар берди. Регион губернатори Василий Голубевга кўра, дронлардан бири Ростов-на-Доннинг ғарбий қисмига, иккинчиси эса — шаҳар марказига қулаган. ОАВ хабар беришича, дронлардан бири Жанубий ҳарбий округ штаби яқинида портлаган.

Ҳужум натижасида учта бино фасади шикастланган ва дераза ойналари синиб кетган. Шунингдек, атрофда турган бир неча енгил автомобиллар шикастланган. Бир киши оёғидан жароҳатланган ҳолда шифохонага ётқизилган. Дрон қулаган жойда фавқулодда ҳолат режими жорий этилган.

Sergey Pivovarov / Reuters / Scanpix / LETA
EPA / Scanpix / LETA
AFP / Scanpix / LETA

Мавзуга оид