22:02 / 07.09.2023
10391

Хитойлик амалдорларга иш жойида iPhone'дан фойдаланиш тақиқланди

Хитой марказий ҳукумати идоралари расмийларига иш мақсадида ва иш жойида iPhone телефонлари ва хорижий компанияларнинг бошқа гаджетларидан фойдаланиш тақиқланди, дея хабар тарқатди Wall Street Journal.

Фото: CNBC

Нашрга кўра, бу борадаги топшириқ охирги ҳафталарда марказий идораларнинг ходимларига ўз раҳбарлари томонидан ишга оид чат-гуруҳлар ва учрашувларда берилган. Бундай топшириқлар қанчалик кенг ёйилаётгани маълум эмас.

Бу тақиқ кейинги ҳафтада Apple компаниясининг янги маҳсулотлари, хусусан iPhone 15 тақдимоти кутилаётган бир вақтда жорий этилди. Бу ҳолат Хитойда фаолият юритаётган хорижий компанияларда турли хавотирларни уйғотиши мумкинлиги айтиляпти.

South China Morning Post нашрининг ёзишича, бу чеклов ҳаммага эмас, фақатгина инвестициялар, савдо ва халқаро муносабатлар билан боғлиқ муайян вазирликлар ходимларига тақаллуқли. Улар шу ой охиригача iPhone'ларидан воз кечишлари керак. Чеклов бошқа хорижий брендларнинг смартфонларига нисбатан амал қилмайди.

Bloomberg хабарига кўра, давлат идораларида жорий этилаётган Apple маҳсулотларига тақиқ давлат компанияларида ҳам жорий этилиши режа қилинган.

Reuters'нинг қайд этишича, Хитой 10 йилдан ортиқроқ вақтдан бери хорижий технологияларга боғлиқлигини камайтиришга интиляпти. Мамлакатда давлат иштирокидаги корхоналар, хусусан банклардан маҳаллий дастурий маҳсулотларни ишлатиш сўралади. Чин ҳукумати, шунингдек, маҳаллий яримўтказгичлар ишлаб чиқариш саноатини қўллаб-қувватлашга урғу бермоқда.

Пекин хориж технологияларидан мустақил бўлишга интилиш кампаниясини 2020 йилда фаоллаштирди: ўша йили мамлакат раҳбарлари “дуал циркуляция” деб номланган ўсиш моделини тақдим этди. Бу моделга кўра, Хитой асосий эътиборини ички бозорни инновацион-технологик ривожлантиришга қаратади, шу билан бирга ташқи дунёга очиқлигича қолади. Таҳлилчилар бу сиёсат фонида Чин ҳукуматининг ахборот хавфсизлиги бўйича хавотирлари ошганини айтмоқда.

Top