Жаҳон | 10:50 / 08.09.2023
2664
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Россия активларидан олинадиган фойдага солиқ солишни муҳокама қилмоқда

Россия Марказий банкининг музлатилган активлари 3 миллиард еврога яқин ортиқча фойда келтириши мумкин. Европа Комиссияси ушбу даромадларни солиққа тортиш ва уларни Европа Иттифоқи бюджетига ўтказишни режалаштирмоқда.

Фото: Shutterstock

Европа Иттифоқи вакиллари шу ҳафтада Украинани қайта тиклашга ёрдам бериш учун Россия банкининг музлатилган активларидан олинадиган фойдага солиқ жорий этиш масаласини муҳокама қилиш бўйича бир қатор учрашувларни бошлайди. Бу ҳақда 6 сентябр куни манбаларга таяниб, Bloomberg хабар берди.

Унга кўра, Еврокомиссия Европа Иттифоқининг ижро этувчи органи сифатида Марказий банкнинг200 млрд евродан ортиқ миқдорда блокланган активларидан олинган даромадларни ЕИ бюджетига қонуний ўтказиш имконини берувчи уч босқичли режани таклиф қилмоқчи. Аввало, аниқ молиявий мажбуриятларни ва уларнинг ҳажмини аниқлаш, иккинчидан, марказий депозитарийларга Россия ҳисобварақларидаги маблағ қолдиқларини ажратиш бўйича талабларни шакллантириш ва учинчи, якуний босқич сифатида ушбу даромадларни солиққа тортиш ва уларни Европа Иттифоқи бюджетига ўтказиш режалаштирилган.

Politico нашри худди шу режа ҳақида ёзар экан, бундай босқичма-босқич ёндашув Еврокомиссияга ЕИ давлатлари ўртасида музокаралар олиб бориш учун зарур бўлган вақтни беришини таъкидлайди. 

ЕК режасини муҳокама қилиш 7 сентябрда бошланди 

Bloomberg манбалари 7 сентябр куни Еврокомиссия вакиллари режани муҳокама қилиш учун Белгия, Германия, Испания, Италия ва Франция расмийлари билан учрашганини айтди. Келгуси ҳафта Европа Иттифоқининг барча 27 давлати вакиллари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтади. Ҳужжатни қабул қилиш учун улар умумий овоз бериши керак, чунки масала биргаликдаги ташқи сиёсат ва хавфсизликка тегишли. 

Шу билан бирга, таъкидланганидек, солиққа тортиш ва ортиқча фойданинг мусодара қилиниши ЕИ мамлакатлари учун ҳам ҳуқуқий, ҳам молиявий муаммоларни келтириб чиқаради. Улардан баъзилари Россия активларининг олиб қўйилиши евроҳудуднинг сармоявий жозибадорлигини пасайтиради, деган хавотирда, деб ёзади Politico ва Bloomberg. Айни пайтда Болтиқбўйи давлатлари ва Полша музлатилган маблағларни тўлиқ мусодара қилишни сўрамоқда. 

Музлатилган активлар 3 миллиард евро олиб келиши мумкин 

Россия Банкининг музлатилган активлари тахминан 3 миллиард евро ортиқча фойда келтириши кутилмоқда, гарчи баъзи ҳисоб-китобларга кўра, бу рақам бундан ҳам юқори бўлиши мумкин. Активларнинг ярмидан кўпи нақд пул ва депозитлар, қолганларининг «сезиларли қисми» эса яқин икки-уч йил ичида муддати тугаши билан нақд пулга айланадиган қимматли қоғозлардир, деб аввалроқ хабар берган эди Bloomberg. 

Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен июн ойи ўрталарида Россия активларидан «ёзги таътил олдидан» фойдаланиш бўйича таклиф киритишга ваъда берганди, аммо бу амалга ошмади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид