Жаҳон | 17:30 / 10.09.2023
33417
8 дақиқада ўқилади

Маск атрофида янги можаро: миллиардер Қримга ҳужумни тўхтатиб қолганми?

Дунёнинг энг бадавлат одами Илон Маск атрофида янги можаро авж олди. CNN журналист Уолтер Айзексоннинг миллиардер ҳақида ёзаётган автобиографиясига таяниб шов-шувли маълумот тарқатди. Унда айтилишича, Маск Starlink қурилмалари Россия аннексия қилган Қрим яримороли атрофида ишламаслиги бўйича яширин кўрсатма берган.

Қрим флотига ҳужум тўхтатилганмиди?

Украин сувости дронлари Қримдаги Россия флотига яқинлаша бошлаганида улар алоқани йўқотиб, соҳилга чиқиб қолади. CNN бу воқеа қачон содир бўлганига ойдинлик киритмаган.

«Маскнинг қароридан кейин Қримга ҳужум учун Россия ядро зарбаси билан жавоб беришидан қўрққан украиналик мулозимлар ундан алоқа тизимини қайта ёқишни ўтиниб сўрайди. Бу вақтда Маск россиялик юқори мартабали мулозимлар билан мулоқот қилгани улардаги қўрқув ҳиссини янада оширади», деб Айзексоннинг асаридан иқтибос келтирган CNN.

Бу шов-шувли маълумотдан кейин Маск ўзига тегишли бўлган Твиттер ижтимоий тармоғида Starlink Қрим атрофида ўчириб қўйилмагани, тизим яриморол атрофида аввалдан ишламаганини айтиб чиқди. У ўзининг Space X космик компанияси билан боғлиқ келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларни ҳам тилга олди.

«Украина ҳукумат органлари томонидан Starlink'ни бутун Севастопол йўналишида ишлатиш бўйича сўров тушган, табиийки мақсад лангар ташлаб турган Россия флотининг аксар қисмини сувга чўктириш эди. Агар бунга рози бўлганимда, Space X катта ҳарбий акт ва эскалация кучайишига аралашиб қолган бўларди», деб ёзди Маск.

CNN эълон қилган мақолага Украина президенти девони вакили Михайло Подоляк ҳам муносабат билдириб, Маскни Россия Украина шаҳарларини ўққа тутишига имкон яратиб беришда айблади.

«Баъзан хатолар жуда жиддий бўлади. Украина дронларига Starlink ёрдамида Россия флотининг бир қисмини йўқ қилишга имкон бермаслик орқали Маск бу флотдан Украина шаҳарлари «Калибр» ракеталари ёрдамида ўққа тутилишига имкон яратиб берди. Бу вазиятдан бехабарлик ва катта эго оқибатидир. Шу ўринда савол туғилади: нега баъзи одамлар ҳарбий жиноятчиларни ва уларнинг одамларни ўлдиришга интилишини қўллаб-қувватлашади? Улар наҳот зулмга даъват қилаётганини тушунмаса?» деди Подоляк.

Шу тариқа, Маск ўзи хоҳлаб ёки хоҳламай Украинадаги урушга таъсир қила оладиган одамга айланиб қолди. Буни АҚШ ҳукуматидагилар ҳам рад эта олмайди, дейилади CNN мақоласида.

Россиянинг Украинадаги урушида Маскнинг роли қандай?

Донецк областида Starlink терминали

Уруш бошланиши билан Илон Маск Украинага Starlink алоқа тизимларини тақдим этишини маълум қилиб, бунга сабаб сифатида Россия мамлакатдаги алоқа тизимларига зарар етказганини келтирганди. Starlink интернет тизими Украинадаги асосий алоқа воситасига айланди. Ундан ҳам ҳарбий, ҳам фуқаролик мақсадларда фойдалана бошлашди. Масалан, уруш бошида алоқа тизимларидаги узилиш сабаб Володимир Зеленскийнинг ҳар кунлик видеомурожаатлари айнан Starlink ёрдамида эфирга узатилди. Шунингдек, Украинадаги темирйўл тармоғи ва тиббиёт тизимида ҳам Starlink'дан фойдаланишмоқда.

Ўз навбатида, Starlink жанг майдонида ҳам Украина ҳарбийларининг муҳим алоқа воситасига айланди. The Times'нинг ёзишича, 2022 йил март ойида украиналик ҳарбийлар Россия позицияларига зарба бериш учун ўз дронларини Starlink интернет тизимларига улайди. CNN'нинг ёзишича, Украина Starlink терминалларидан ҳужум мақсадида фойдалана бошлагач, Маск ўз қарори қанчалик тўғри бўлгани борасида иккилана бошлаган.

«Starlink урушда фойдаланиш учун эмас, одамлар бемалол Netflix'га уланиши, кино кўриши, кўнглини ёзиши, мактаблар интернетга уланиши, яхши ишлар қилиниши учун берилганди, дронлар ёрдамида ҳужум қилиниши учун эмас», деган Маск Айзексоннинг китоби учун берган интервюсида.

2022 йил октябр ойида Маск Твиттердаги саҳифасида кутилмаганда Россия ва Украина ўртасидаги тинчлик битими режасини эълон қилади. Унда айтилишича, Россия босиб олган ерларда БМТ кузатуви остида референдум ўтказиш, Қримни эса Россия таркибида қолдириш керак. Маскнинг иддао қилишича, Қримни Укрианага бериш «Хручёвнинг хатоси бўлган».

«Мен ҳамон Укрианани фаол қўллаб-қувватлайман, аммо эскалация кучайиши Украинага ҳам, бутун дунёга ҳам жиддий зарар етказмоқда», деб ёзганди Маск эскалация кучайиши ядро урушини келтириб чиқариши мумкинлигини иддао қилиб.

Миллиардернинг бу чиқишлари Украина ҳукумати вакилларида жиддий эътирозлар келтириб чиқарди. «Сиз оммавий қирғин ва қийноқлар вақтида автомат остида ўтган псевдореферендумларни легаллаштиришни истаяпсизми? Ёмон йўл», деди Маскнинг режасига жавобан Михайло Подоляк. Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба эса Маскка ўхшаган одамлар Украинага ўз ерлари ва халқидан воз кечишни таклиф қилаётганини айтди.

Айнан мана шу баёнотидан кейин Маск Пентагонни Украинага ортиқ текинга Starlink терминалларини етказиб бера олмаслиги, мавжуд терминалларга хизмат кўрсатилмаслигидан хабардор қилган. Яъни Украинага кўрсатилаётган алоқа хизмати учун Пентагондан пул талаб қилган. CNN'нинг ёзишича, бу америкалик мулозимларнинг ғазабини келтиради. Улар «бошида қаҳрамондек кўриниб энди миллионлаб долларлик ҳисоб юбораётган» Маскнинг ҳаракатидан ҳайратга тушади.

Аммо кўп ўтмай Маск Starlink хизматини текинга кўрсатишни давом эттиришини маълум қилади. Кейинчалик ошкор бўлишича, Маск АҚШ мудофаа вазирлигидаги юқори мартабали генерал билан суҳбатдан кейин бунга рози бўлган.

Путин билан суҳбат

Маскнинг Starlink ортиқ бепул етказиб берилмаслиги ҳақида гаплари айни уруш авжига чиқаётган вақтда айтилганди ва баёнотнинг ўзиёқ фронтдаги воқеаларга таъсир қилади. New Yorker Маск ҳақида эълон қилган профайлида исми айтилмаган украиналик аскарнинг улар олдинга бораётганда Starlink кутилмаганда алоқани узиб қўйгани ҳақида гапини келтирган.

Шунингдек, профайлда Маскнинг «Путин билан ажойиб суҳбат ўтказганини айтгани» ҳақида ҳам сўз боради. 2022 йил кузида эса Маск Аспендаги конференцияда чиқиш қилиб «Путин тинчлик хоҳламоқда, биз тинчлик масаласида Путин билан гаплашишимиз керак», деган.

Маскнинг Путин билан гаплашгани аслида янгилик эмас, бу ҳақда унинг ўзи ҳам очиқ гапирган. Америкалик сиёсатшунос Ян Бреммер миллиардер билан гаплашгани ва ундаги баъзи тафсилотлар ҳақида айтиб берганди. Унинг сўзларига кўра, Путин Маск билан суҳбатда Қрим ва янги босиб олинган ерлар Россияники сифатида тан олиниб, Украина нейтрал давлатга айлансагина тинчлик бўйича музокара ўтказишга тайёрлигини айтган.

Маскнинг ўзи эса Путин билан уруш ҳақида гаплашганини рад этган. «Путин билан бир марта гаплашганман, 1,5 йил аввал. Суҳбат мавзуси космос бўлган», деган Маск.

2021 йилда Илон Маск кутилмаганда россияликларнинг «Новое знание» форумида чиқиш қилганди
Фото: SERGEI BOBYLEV/TASS

Starlink'нинг Украинадаги келажаги

CNN'нинг ёзишича, Starlink тизимлари Украинада ишлашда давом этмоқда ва унинг урушга таъсири камайиб қолгани йўқ. Аммо компания 2023 йил февралда тизимдан уруш мақсадларида фойдаланишни тақиқлагани бор гап. Space X баёнотида компания маҳсулотлари ҳарбийлар томонидан ишлатилиши мумкинлиги, аммо ҳужум мақсадларида фойдаланилмаслиги шартлиги айтилган.

Бунга жавобан Михайло Подоляк «Space X ким томонда эканини аниқлаштириб олиши керак: Укриана ёки Россия», деганди.

2023 йил июл ойида New York Times ўз манбаларига таяниб, Space X жанг майдонларида Starlink фаолиятини чеклашни бошлагани ҳақида ёзганди. Нашрнинг ёзишича, Маск жанг майдонларида тизимни ўчириш бўйича бир неча марта шахсан буйруқ берган. У бир марта Қрим атрофида Starlink'ни ишлатиш бўйича украин ҳарбийларининг сўровини рад этган.

2023 йил февралда Forbes Пентагон Space X билан Starlink терминалларини Украинага юбориш ва уларга хизмат кўрсатиш бўйича шартнома имзолагани ҳақида ёзганди.

Мавзуга оид