Жаҳон | 08:48 / 12.09.2023
5705
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Эроннинг 6 млрд долларлик активларини блокдан чиқаради

Теҳрон билан маҳбуслар алмашинуви доирасида Вашингтон Эроннинг музлатилган 6 миллиард активларини Қатарга ўтказади ва 5 кишини озод қилади.

Фото: Eric Baradat/Getty Images/AFP

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен АҚШ ва Эрон ўртасидаги маҳбусларни алмашиш бўйича келишув доирасида Эроннинг 6 миллиард долларлик музлатилган активларини Жанубий Кореядан Қатарга ўтказишга рухсат берувчи буйруқ чиқарди. Бу ҳақда 12 сентябр, сешанба куни AP ва Reuters агентлиги АҚШ Конгресси қабул қилган хабарномага таяниб хабар берди.

Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги келишувнинг умумий шартларига кўра, Эрон томонидан ҳибсга олинган беш нафар АҚШ фуқаросига пул ўтказиш ва АҚШда сақланаётган беш нафар эронликни озод қилиш эвазига мамлакатни тарк этишга рухсат берилади, деб ёзади Reuters. Конгрессга юборилган билдиришнома АҚШ расмийлари ўз фуқароларини Эрондаги қамоқдан озод қилиш бўйича келишув доирасида беш нафар эронликни озод қилишини расман биринчи марта тасдиқлади. 

Эрон маблағларни фақат ҳуманитар эҳтиёжлар учун сарфлаши мумкин бўлади 

Ҳужжатда таъкидланганидек, ўтказилган маблағлар Эронга фақат инсонпарварлик мақсадларида сарфлаш учун берилади. Музокаралар билан таниш бўлган саккиз нафар Reuters манбасига кўра, 6 миллиард долларлик ўтказма ва маҳбуслар алмашинуви кейинги ҳафтада амалга оширилиши мумкин. 

Эрон август ойида АҚШнинг тўрт фуқаросини Теҳрондаги қамоқхонадан уй қамоғига ўтказган эди. Блинкен буни уларнинг уйга қайтишига олиб келадиган жараённинг бошланиши деб атади. АҚШ Эрондан қайтишни режалаштираётганлар орасида тадбиркорлар Сиамак Намозий ва Эмад Шарқий, шунингдек, эколог Морад Таҳбаз бор, деб ёзади Reuters. Яна икки кишининг шахси ошкор этилмаган. Агентликлар Қўшма Штатлар ўз навбатида кимни топширишини аниқлай олмади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид