Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эстония ва Латвия «Осмон қалқони» ташаббусига қўшилади
Икки Болтиқбўйи давлати Европа ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини янгилаш ташаббусига қўшилиш нияти тўғрисидаги декларацияни имзолади. Бундан ташқари, улар IRIS-T SLM ерусти ўрта масофали ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олади.
Эстония ва Латвия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини янгилаш учун Германия томонидан бошланган «Европа осмон қалқони» ташаббусига (European Sky Shield Initiative) қўшилмоқда. Икки мамлакат мудофаа вазирлари Ханно Певкур ва Инара Мурниеце германиялик ҳамкасби Борис Писториус иштирокида ушбу лойиҳага қўшилиш нияти тўғрисидаги декларацияни имзолади, дея хабар берди Германиянинг Diehl Defence мудофаа компанияси матбуот хизмати 11 сентябр куни.
Бундан ташқари, Эстония ва Латвия биргаликда IRIS-T SLM ерусти ўрта масофали ҳаво мудофаа тизимларини сотиб олиш ниятида, деди Писториус. Учрашувда уларни ишлаб чиқарувчи Diehl Defence компанияси билан ҳам тегишли шартнома имзоланди. «Икки Болтиқбўйи мамлакати учун бу 30 йилдан ортиқроқ вақт олдин мустақилликка эришганидан бери энг йирик мудофаа сармоясидир», - дея таъкидлади немис компанияси.
«Харидлар кучли рақобат шароитида рекорд суръатда амалга оширилди, бу бизга керакли имкониятларни энг қисқа вақт ичида ва жуда ҳамёнбоп нархда тақдим этиш имконини берди. Бу жараён мураккаб талабларни ишлаб чиқишда Эстония ва Латвия ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни ўз ичига олди. Энди 2025 йилда биринчи тизимларни етказиб бериш ва ишга туширишни кафолатлаш учун лойиҳани пухта бошқариш талаб этилади», деди харидлар жараёнини бошқараётган Эстония Мудофаа инвестиция маркази (ECDI) бош директори Магнус-Валдемар Саар.
«Осмон қалқони» Европа лойиҳаси
«Осмон қалқони» бу - 2022 йил август ойида Берлин томонидан бошланган интеграциялашган Европа ҳаво мудофаа тизимини яратиш лойиҳаси. Бугунги кунга қадар Европанинг 19 та давлати, жумладан, НАТОнинг 17 та давлати, шунингдек, Австрия ва Швейцария ҳам лойиҳага қўшилиш ниятини эълон қилди. Борис Писториус Европа ва Шимолий Атлантика иттифоқини мустаҳкамлаш учун бу ташаббус ва қуруқликдаги ҳаво мудофааси муҳимлигини таъкидлади. Германия Мудофаа вазирлиги раҳбарининг айтишича, унинг мамлакати миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш учун 2024 йилдаёқ IRIS-T SLM тизимларини олади.
Diehl Defence томонидан ишлаб чиқариладиган IRIS-T SLM тизими 40 кмгача ва 20 км баландликдаги самолётлар, вертолётлар, қанотли ракеталар ва учувчисиз учиш воситаларидан таҳдидларга қарши туришга қаратилган. Тизим юқори тактик ҳаракатчанлиги, ракета учириш мосламаларини жойлаштириш қобилияти ва техник хизмат кўрсатувчи ходимларни тайёрлаш даражасига паст талаблар, бир нечта нишонларни уриш қобилияти билан ажралиб туради, дея таъкидлади ишлаб чиқарувчи. Diehl Defence, шунингдек, тизимнинг ишлаши Украинада ўзини ижобий намойиш этганини ва деярли 100 фоиз аниқликни кўрсатганини таъкидлади.