Жаҳон | 09:35 / 13.09.2023
5116
2 дақиқада ўқилади

Марокашда зилзила туфайли ҳалок бўлганлар сони 3000 кишига яқинлашди

Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Марокашда сўнгги 60 йил ичида содир бўлган энг кучли зилзила натижасида 2900 дан ортиқ киши ҳалок бўлгани, яна 5500 га яқин киши жароҳат олгани маълум. Марокашда уч кунлик мотам эълон қилинди.

Фото: Saouri Aissa/Xinhua/IMAGO

Марокашдаги кучли зилзила оқибатида камида 2901 киши ҳалок бўлди, дея хабар бермоқда мамлакат давлат телеканаллари 12 сентябр, сешанба куни Марокаш Ички ишлар вазирлиги маълумотларига таяниб.

Яна камида 5530 киши жароҳат олган. Аниқланган зилзила қурбонлари сони янада ортиши мумкин. Фожиа муносабати билан аввалроқ Марокаш қироллик суди мамлакатда уч кунлик мотам эълон қилган эди.

Европа Иттифоқи ва Германия Марокашга ёрдам беришга тайёр

Германиянинг ўнлаб қутқарувчилари зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш учун Шимолий Африка мамлакатига учиб кетишга тайёр эканини маълум қилди, деб хабар берди Германия Техник ёрдам хизмати (THW). «Ҳозирча Марокаш ёрдам сўрагани йўқ. Лекин биз томондан ҳаммаси тайёр», - дея таъкидлайди ташкилот вакили dpa агентлигига.

Аввалроқ Европа Иттифоқи Марокашга кучли зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам таклиф қилган эди. «Европа Иттифоқи Марокашни ушбу қийин пайтда қўллаб-қувватлашга тайёр», деб ёзди Европа кенгаши раиси Шарл Мишел X ижтимоий тармоғида. 

9 сентябрга ўтар кечаси 6,8 магнитудали зилзила содир бўлди. Марокаш миллий геофизика институти маълумотларига кўра, зилзила эпицентри Марракешдан 70 километр жануби-ғарбда жойлашган Марракеш-Сафи тоғли ҳудудида бўлган. АҚШ Геологик хизмати маълумотларига кўра, зилзила ўчоғи 18,5 километр чуқурликда жойлашган. Бу Марокашда сўнгги 60 йилдан ортиқ вақт давомида содир бўлган энг кучли зилзила бўлди, дея хабар беради dpa. 

Мавзуга оид