Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Свет нега кўп ўчади, муаммо нимада?
Тармоқлар эскиргани туфайли Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган электр энергиясини истеъмолчига етказиб беришдаги йўқотишлар 20-25 фоизгача етади. Ривожланган мамлакатларда эса бу кўрсаткич 7-8 фоизни ташкил қилади. Узилишларга барҳам беришнинг ягона йўли – бутун эскирган тизимни янгилаш ва модернизация қилиш. Электр ва газ тарифларида бозор тамойилларининг жорий қилиниши эса тизимни модернизация қилиш учун зарур бўлган маблағларни жалб этишга ёрдам беради.
Электр узилишларига асосий сабаб нимада?
Тармоқларнинг ҳаддан ташқари эскирганлиги. Ёз ёки қиш фаслида хонадонларда тез-тез ток ўчиб қолишининг асосий сабаби айнан шу омилга боғлиқ. Ишониш қийин, бироқ республикадаги мавжуд электр ускуналарининг 40 фоиздан ортиғи эскирган. Мисол учун, электр узатиш тармоқларининг 46 фоизи, подстанцияларнинг 51 фоизи, трансформатор пунктларининг эса 100 тадан 36 таси ўз ҳаётини яшаб бўлган. Айнан шунинг учун қаттиқ совуқ ёки қаттиқ иссиқ бўлса, дарров қаерлардадир “свет” ўчиб қолади. Бу эса одамларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.
Тармоқларнинг эскиргани туфайли ишлаб чиқарилган электр энергиясини истеъмолчига етказиб беришда ҳам йўқотишлар кўп бўлмоқда. Агар ривожланган давлатларда бу миқдор 7-8 фоизни ташкил қилса, Ўзбекистонда 20-25 фоизгача етади.
Бу нима дегани? Айтайлик, жорий йилда 70 миллиард kWh электр энергияси ишлаб чиқарилади. Тармоқнинг эскиргани туфайли унинг 14–17,5 миллиард kWh ҳажмдагиси истеъмолчига етиб бормаяпти.
Йўқотилаётган мазкур 14 миллиард kWh электр энергияси эса бир ойда ўртача 200 kWh ток ёқадиган 5 миллион 833 мингтадан ортиқ истеъмолчининг 1 йиллик истеъмолига тенг.
Истеъмолнинг кескин ортиши. Охирги йилларда жуда кўп янги турар жойлар қурилди. Кўпчилик эски уйини бузиб, кимдир икки, яна кимдир уч қаватли, камида 10-15 та хонали уй-жой қуриб олди. Бироқ ўша ҳудудларнинг аксариятида трансформаторлар, электр симлари эскилигича қолди. Бундан 30-40 йил олдин битта трансформатор ҳудуддаги уйларда ёқиладиган ўртача 3-4 мингта лампочка, ҳар битта хонадон учун битта телевизор, битта чангютгич ва битта совиткич ҳисобга олиниб ўрнатилган эди.
Қурилишларнинг ортиши фонида ўша трансформатор 10-15 мингта лампочка, аксарият хонадонлардаги 2 та телевизор, 2 та холодильник, 2 та кондиционер, компьютер, микротўлқинли печ, ноутбук, 10 тагача мобил телефонлар, чангютгич, кир ювадиган машина ва бошқа замонавий электр жиҳозларини ёқиш учун электр энергияси етказиб беришга мажбур бўляпти. Содда қилиб айтганда, 50 кило юк кўтара оладиган одамнинг устига 250 килогача юк ташлаб қўйилиб, ундан буни кўтариш талаб қилиняпти.
Қандай ишларни амалга ошириш режалаштирилган?
Тизимдаги носозликларга барҳам бериш учун тармоқда чуқур модернизациялаш ишларини олиб бориш лозим. Аммо бу жуда қийин иш. Чунки свет ўчишига тўлиқ барҳам бериш тизимли ва узоқ вақт талаб қиладиган жараён. Хусусан, 2030 йилга қадар катта кучланишни кўтара оладиган 9 минг 885 километр электр симлари ва умумий қуввати 37 минг 290 мегаватт-ампер бўлган 53 та подстанция қурилиши белгиланган. Бу ишлаб чиқарилган электр энергиясининг атиги 5-6 фоиз йўқотиш билан истеъмолчига етиб боришини таъминлайди. Натижада бугун йўқотилаётган энергиясининг катта қисми сақланиб қолади.
Шунингдек, жами узунлиги 6 минг 195 километрдан иборат 500 киловольтли ва 3 минг 690 километрли 220 киловольт қувватга мўлжалланган электр узатиш кабеллари, шунингдек, умумий қуввати 26 минг 640 мегаватт-ампер бўлган 22 та, умумий қуввати 10 минг 650 мегаватт-ампер бўлган 31 та подстанциялар, умумий қуввати 2 минг 918 мегаватт бўлган энергия сақловчи (батарея) қурилмалари қурилиши режалаштирилган. Бунинг натижасида эса тармоқлардаги узилишларга тўлиқ барҳам берилиши кўзда тутилган. Чунки бу юмушларнинг амалга оширилиши орқали электр узатиш тармоқларининг узунлиги 90 фоиз оширилиб, умумий узунлиги 22 минг километрга, юқори қувватли подстанциялар сони 62 фоиз оширилиб, 138 тага етказилади.
Шу билан бирга, 2023–2030 йилларда республика ҳудудларида 0,4-110 киловольт кучланишли тақсимлаш электр тармоқларини янгилаш ҳамда модернизация қилиш дастури бўйича 109 минг 858 километр электр узатиш тармоқларини, 52 та 35-110 киловольт қувватга эга подстанцияларни ва 34 минг 908 та трансформатор пунктини янгилаш режалаштирилган. Бу ишлар якунига етгач, республикадаги 7,4 миллион истеъмолчининг 3,5 миллиондан ортиғида электр таъминоти яхшиланади.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, узилишларга барҳам беришнинг ягона йўли – бутун эскирган тизимни янгилаш ва модернизация қилиш. Бунинг учун эса соҳага қўшимча маблағ киритиш зарур, аҳолини энергия ресурсларидан оқилона фойдаланишга ўргатиш керак. Электр ва газ тарифларининг ўсиши, ўз навбатида, бир томондан, тизимни модернизация қилиш учун зарур бўлган маблағларни жалб этишга ёрдам берса, иккинчи томондан, аҳолини электр энергиясини тежашга ўргатиб боради.
Чунки энергиядан самарали фойдаланиш йўлга қўйилмас экан, энергия манбаларини ишлаб чиқариш қанчалик кўпайтирилмасин, ортиб бораётган талабни қондириш мушкул вазифа бўлиб қолаверади.
Мавзуга оид
17:36 / 26.05.2026
Газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов қилинганда 2 ой эски тарифлар амал қилади
13:18 / 15.05.2026
1 июндан электр энергияси ва табиий газнинг янги тарифлари жорий этилади
21:41 / 05.05.2026
Қозоғистон 2027 йилда Россиядан электр энергияси олишни тўхтатади
12:57 / 07.04.2026