Жаҳон | 20:21 / 14.09.2023
14999
4 дақиқада ўқилади

Россияликлар Хитой автомобилларини оммавий равишда таъмирлашга юбормоқда – ОАВ

Россияликларнинг Хитой автомобилларига «ўтиши» уларни таъмирлашга бўлган талабнинг ошишига олиб келди.

Фото: РИА Новости

2023 йилнинг дастлабки саккиз ойида Хитойдан келтирилган янги, ёши 4 йилгача бўлган автомобиллар ўтган йилга нисбатан 35 фоизга кўпроқ таъмирга жўнатилган. Бу ҳақда Россиядаги энг йирик техник хизмат кўрсатиш шохобчалари тармоғи – Fit Service маълумотларига таяниб, «Известия» хабар берди. Таъмирлаш ҳолатлари сонининг кўпайганини «Маршал» федерал логистика компанияси ҳам тасдиқлаган.

«Хитойда ишлаб чиқарилган баъзи автомобилларда ишлаб чиқариш сифати билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкин, бу эса эскиришга ва тез-тез таъмирлаш заруратига олиб келади. Бундан ташқари, бундай моделларда ишончлилик ва чидамлилик билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкин, бу ҳам тез-тез бузилишларга олиб келади», деди «Маршал» компаниялар гуруҳи бош директори Михаил Белоусов.

«Хитойнинг аксарият автомобиллари «подвеска»си тижорат мақсадларида фойдаланишга тайёр эмас. У такси режимида фойдаланилганда оғир юкламаларга бардош бера олмайди», деди RentCarsSPB автомобил ижараси компанияси директори Александр Виноградов.

«Подвеска» билан боғлиқ муаммолар 20 минг км масофани босиб ўтгандан кейин бошланиши мумкин, деб қўшимча қилди «Сколково» технопарки резиденти Дмитрий Полунин. «Агар биз автомобилдан шаҳарда фойдаланишни назарда тутсак (йилига ўртача 40 минг км), у ҳолда «подвеска» билан боғлиқ муаммолар 6 ойдан кейин пайдо бўлиши мумкин», деди эксперт.

«Открытие Авто» томонидан ўтказилган сўровномага кўра, россиялик автомобил ихлосмандлари Хитой автомобилларининг сифатидан ҳафсаласи пир бўлган. Хусусан, россияликларнинг 61 фоизи Хитойдан келаётган автомобиллар Россия об-ҳаво шароитларига қисман мослашган деб ҳисоблайди, яна 19 фоизи қиш фаслига дош бера олмаслигига ишонади.

Хитой автомобилларининг камчиликлари орасида россияликлар металлнинг юпқалиги ва деталларнинг юкламаларга бардош бермаслиги (44 фоиз), қишда металлнинг коррозияга учраши (42 фоиз), шунингдек, электроника ва эҳтиёт қисмларнинг сифатсизлигини (29 фоиз) санаб ўтишган. Россия йўллари шароитларига мос келмайдиган «подвеска»дан 28 фоизи, бўёқларнинг сифатсизлигидан 24 фоизи шикоят қилган.

«Автостат» маълумотларига кўра, 2023 йил 1 июль ҳолатига кўра, Россияда тахминан 1,08 миллион Хитой автомобили бор. Fit Service маълумотларига кўра, улардан Chery, Lifan, Geely, Haval, Changan ва JAC брендлари техник хизмат кўрсатиш шохобчаларининг энг кўп «меҳмони» бўлган.

Украинага қарши уруш бошланганидан сўнг, автомобил ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар Россиядаги фаолиятини тўхтатди. Бундан ташқари, янги автомобилларни расмий етказиб бериш ҳам тўхтатилди. Хитой бундан фойдаланди ва Россия бозорини кенгайтирди.

2023 йилда Россия Хитой автомобилларининг дунёдаги энг йирик импортчисига айланди. Январь-май ойларида мамлакатга 287 минг дона автомобил келтирилди, бу 2022 йилдагидан қарийб икки баравар кўп (162 минг), деб ёзди Bloomberg Хитой божхона органлари ва Хитой автомобил ишлаб чиқарувчилар уюшмаси маълумотларига таяниб.

Мавзуга оид