Жаҳон | 12:05 / 15.09.2023
13664
4 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Комсомолск-Амурдаги авиация заводига ташриф буюрди

«Восточний» космодромида Путин билан музокаралардан сўнг КХДР раҳбари Комсомолск-Амурга ташриф буюрди. Бу ерда Ким Чен Ин фуқаролик ва ҳарбий самолётлар ишлаб чиқариладиган заводни кўздан кечирди.

Фото: AP

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин 15 сентябр, жума куни Россияга кўп кунлик сафари доирасида Комсомолск-Амурдаги авиация заводига ташриф буюрди. Ким Чен Ин поездда Комсомолск-Амур вокзалига етиб келди, у ердан самолётсозлик заводига йўл олди, деб хабар бермоқда Россия ОАВ. Аввалроқ Россия президенти Владимир Путин Комсомолск-Амурда Ким фуқаролик ва ҳарбий самолётлар ишлаб чиқариладиган заводларга ташриф буюришини айтган эди. Бу шаҳарда Ю.Гагарин номидаги авиация заводи бўлиб, у ерда «Су» маркали самолётлар ишлаб чиқарилади.

РИА «Новости» агентлиги Ким Чен Иннинг Комсомолск-Амур темирйўл вокзалига етиб келгани акс этган кадрларни эълон қилди, у ерда Шимолий Корея раҳбарини Хабаровск ўлкаси губернатори Михаил Дегтярев, шаҳар мэри Александр Жорник, Муҳандислик мактаби ўқувчилари ва «Дружба» рақс гуруҳи кутиб олган. Ким Чен Ин қизил гилам бўйлаб ўтган, у мусиқа жўрлигида нон ва гуллар билан кутиб олинган.

Россия ва Шимолий Корея ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик 

13 сентябр куни «Восточний» космодромида Ким Чен Ин ва Владимир Путин ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков сўзларига кўра, етакчилар совға сифатида карабинларни алмашган. Песков Кимнинг Россияда яна бир неча кун қолишини айтди, бироқ қўшимча ҳеч қандай маълумот бермади. 

Россия Шимолий Корея билан унга сунъий йўлдошлар яратишда ёрдам бериш ҳамда ҳарбий-техник ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди. Ўз навбатида, Ким Чен Ин Россияни ғарб билан қарама-қаршиликда қўллаб-қувватлашига ишонтирди. Иккала давлат ҳам «империализм»га қарши биргаликдаги кучлар билан курашиш ниятида эканини билдирди. Россия ва КХДР раҳбарларининг бу баёнотлари Украина уруши фонида янгради. Бу уруш давомида, БМТ маълумотларига кўра, 9,6 мингдан ортиқ тинч аҳоли ҳалок бўлган ва 17,5 мингдан ортиқ одам яраланган.

Кимнинг Узоқ Шарққа ташрифидан кейин Шимолий Корея ва Россия КХДРда икки томонлама ҳамкорлик бўйича музокараларни давом эттириш ниятида. Путин Кимнинг Шимолий Кореяга ташриф буюриш таклифини қабул қилди. 

АҚШ ва Жанубий Корея янги санкциялар билан таҳдид қилди 

Айни пайтда, АҚШ президент Байден маъмурияти Россия ва Шимолий Корея қурол-яроғ бўйича янги келишувларга киришса, уларга қарши қўшимча санкциялар қўллашдан тортинмаслиги ҳақида огоҳлантирди. «Биз Шимолий Корея ва Россия ўртасида қурол-яроғ савдосида воситачи бўлган субъектларга нисбатан санкциялар қўллаш бўйича бир қатор чораларни кўрдик ва агар керак бўлса, қўшимча санкциялар қўллашдан тортинмаймиз», — деди 14 сентябр куни АҚШ Давлат департаменти вакили Мэтю Миллер.

Унинг сўзларига кўра, Россия ва Шимолий Корея ҳамкорликни кенгайтириш масаласини муҳокама қилаётгани хавотирли, бу БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияларининг бузилишини англатиши мумкин. «Ҳамкорлик ва ҳарбий таъминот кенгайиб бораётгани кўрилса, бу чуқур ташвишга солади ва потенциал БМТ Хавфсизлик кенгашининг кўплаб резолюцияларини бузади», деди Миллер. 

Жанубий Корея, шунингдек, Россия ва КХДР ўртасида қурол-яроғ бўйича битимлар тузилган тақдирда Россияга қарши турли чоралар, жумладан, санкциялар қўллашини истисно этмайди, дея маълум қилди Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Пак Чин 15 сентябр куни. «Шимолий Корея етакчилар саммити натижасида Россия билан қурол савдоси бўйича ҳар қандай келишувга эришиши Корея яриморолида хавфсизлик ва тинчликка ўта жиддий таҳдид бўлади», - дея таъкидлади дипломат. 

Мавзуга оид