Жаҳон | 09:32 / 16.09.2023
6753
5 дақиқада ўқилади

Писториус: Украинага НАТОдан хавфсизлик кафолатлари керак

Украинада тинчликка халқаро хавфсизлик кафолатлари мавжуд бўлгандагина эришиш мумкин, дейди Германия мудофаа вазири. Унинг сўзларига кўра, Киевга Taurus қанотли ракеталарини етказиб бериш масаласи бир неча ҳафта ичида ҳал бўлади.

Фото: Picture Alliance

Германия мудофаа вазири Борис Писториус Украинада тинчликка халқаро хавфсизлик кафолатлари мавжуд бўлгандагина эришиш мумкин, деб ҳисоблайди. «Ушбу кафолатларнинг муҳим жиҳати Украинани қуролли кучлар модернизацияси ва ислоҳотида қўллаб-қувватлаш ҳақидаги ваъдамиздир», деди у 15 сентябр, жума куни Мюнстерда Киев мэри Виталий Кличко ҳам иштирок этган биринчи Вестфалия тинчлик конференцияси очилишида

Писториуснинг сўзларига кўра, НАТО-Украина кенгашининг ташкил этилиши Украинанинг Шимолий Атлантика альянсига қўшилиши имконини берадиган яқин ҳамкорлик йўлидаги муҳим қадамдир. «Кенгаш сиёсий даражада биргаликда қарорлар қабул қилишга ёрдам беради. Ҳамкорлигимиз қанчалик жадал бўлса, НАТОга йўл шунчалик тез бўлади», - деди у. 

Борис Писториуснинг қайд этишича, шу сабабли альянс, Украина мисолида, НАТОга таклиф юборишдан олдинги охирги босқич – альянсга аъзолик бўйича йўл харитасидан воз кечишга қарор қилган. «Чунки биз Украинанинг НАТОга йўлини имкон қадар осонроқ қилишни хоҳлаймиз», - дея таъкидлади у ҳамда келгуси ҳафтада Украина ва НАТО ҳамкорлари Германиядаги Рамштайн базасида Киевни қўллаб-қувватлаш бўйича кейинги қадамларни муҳокама қилишини эслатиб ўтди. 

Taurus қанотли ракеталарини етказиб бериш 

Германиянинг Taurus қанотли ракеталарини Украинага етказиб бериш масаласига тўхталган Писториус, бу бир-икки ҳафта ичида ҳал қилинишини айтди. Унинг таъкидлашича, кечикиш Германия ҳукумати иккиланаётганини кўрсатмайди. «Германия Федератив Республикаси бу эҳтиёткорликни кўрсатиши керак, гарчи украиналик дўстларимизга тушуниш қийин бўлса ҳам», деди вазир. 

Писториус тушунтиришича, Германия ҳар бир қадамдан олдин юзага келиши мумкин бўлган оқибатларни ҳисоблаши керак. «Taurus ракеталари ҳозиргача Украинага етказиб берилган барча қуроллардан узоқроқ масофага эга, у юқори технологияли саноат маҳсулоти, биз бу ерда қаҳва машинасини дастурлаш ҳақида гапирмаяпмиз. Германияда бу ракеталарнинг 500 га яқини бор, уларнинг ярми модернизация қилинмаган, қолган ярми эса дастурий таъминотни янгилашга муҳтож», деди Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари. 

Германия канцлери Олаф Шолц Украинага Taurus ракеталарини етказиб бериш имконияти ҳақида ҳозирча вазминлик билан гапиряпти. Бир кун олдин Германия Бундестагининг ҳукмрон партиялардан бир қатор депутатлар Шолцга мурожаат қилиб, бундай етказиб беришни амалга оширишга чақирди.

Кличко Германияни яна Киевга ракета етказиб беришга чақирди 

Киев мэри Виталий Кличко Германияни яна Украинага Taurus ракеталарини етказиб беришга чақирди. «Бизга бу ракеталарни юборинг», деб ёзади у Bild газетаси учун 15 сентябрда чоп этилган мақоласида. 

Кличко Шолцнинг бу масалада иккиланишига тушуниш билан қаради. «Биз немис жамоатчилигига кўпроқ ёрдамга эҳтиёж борлигини тушунтириш қанчалик қийинлигини биламиз», деб ёзган у, аммо «Россияга қарши ниҳоятда қийин қарши ҳужум» туфайли Украина Taurus ракеталарига муҳтожлигини таъкидлади. 

Бундесвер миссияларини кенгайтириш 

Борис Писториус ҳам Вестфалия тинчлик конференциясида сўзга чиқиб, Германия Европадан ташқаридаги халқаро муаммоларни ҳал қилишда иштирокини кучайтиришга ваъда берди. «Европаликлар келажакдаги дунё тартиби ҳақида гап кетаётганда жим ўтира олмайди. Биз бутун дунё бўйлаб гегемон кучлар суверен давлатлар ва халқларни ўз иродасига бўйсундиришини пассив кузатмаслигимиз керак», - деди у. 

Шу муносабат билан, Писториус Россиянинг Украинага қарши урушига ва Хитойга ишора қилди. Унинг сўзларига кўра, Хитой Ҳинд-Тинч океани минтақасида ўз амбицияларини «қаттиқ ва баъзида ўйламасдан» амалга оширмоқда. 

«Германия Европа қитъасидан ташқарига қараши ва иложи бўлса, бошқа минтақалардаги иштирокини кучайтириши керак. Энг муҳими, Германия етакчи савдо давлати сифатида халқаро юк ташиш йўллари ва таъминот занжирлари хавфсизлигига боғлиқ», деб тушунтирди Борис Писториус.

Мавзуга оид