Ўзбекистон | 14:38 / 16.09.2023
23400
4 дақиқада ўқилади

Ташаббусли бюджетнинг иккинчи мавсумида 1187 та лойиҳа ғолиб бўлди

Натижалар эълон қилингач, юртимизнинг барча гўшаларидаги ғолиб бўлган маҳаллаларда байрам бошланиб кетди. Фуқаролар бирдамлик билан ўзлари мисқоллаб йиғган овозлар натижасидан хурсанд, албатта.

Қайд этиб ўтиш лозимки, 2023 йилнинг иккинчи мавсуми учун «Ташаббусли бюджет» учун овоз бериш жараёнига 9436 та маҳалладан 50 мингга яқин лойиҳа илгари сурилган эди. Уларнинг 33,5 мингтаси тасдиқланган.

2023 йилнинг иккинчи мавсуми учун ўтказилган танловда 1012 та маҳалладан 1187 та лойиҳа ғолиб бўлди. Ғолиб лойиҳаларнинг суммаси 1 трлн 314 млрд 565 млн 965,5 минг сўмни ташкил этган. Ташаббусларни қўллаб-қувватлаб, 18 млн 115 минг 86 та овоз берилган.

2023 йилнинг биринчи мавсумига солиштириладиган бўлса, илгари сурилган ташаббуслар сони бироз камайган — биринчи мавсумда ташаббуслар сони 55 минг 970 та эди. Уларнинг 33 минг 680 таси тасдиқланган эди. Овоз бериш сони ортган. Биринчи мавсумда 16 млн 129 мингта овоз тўпланган эди. Биринчи мавсумда ташаббуслар учун йўналтирилган маблағлар ҳажми ҳам қарийб икки баробар кўп эди — 2 трлн 882,9 млрд сўм.

2023 йилги иккинчи мавсумда энг юқори натижани 20 минг 120 овоз билан Андижон вилояти Балиқчи тумани «Шеробод» МФЙ Мустақиллик кўчасига асфалт қопламаси ётқизиш лойиҳаси (1 млрд 320 млн сўм) қўлга киритган бўлса, атиги 171 овоз тўплаган Сирдарё вилояти Ширин шаҳарчасидаги Ихтисослаштирилган мактабига ташқи ҳожатхона қуриш (350 млн сўм) лойиҳаси ҳам ғолиб бўлган.

Иккинчи мавсумда илгари сурилган таклифларнинг 15 минг 140 таси (31 фоиз) ички йўлларни таъмирлашга оид. 14 минг 835 та таклиф (30 фоиз) маҳалла ҳудудини ободонлаштириш тадбирларига қаратилган. Мактаблар бўйича 6 минг 820 та (14 фоиз), боғчалар бўйича 3024 та (6 фоиз), тиббиёт муассасалари бўйича 3100 та (6 фоиз) таклиф келиб тушган.

Илгари сурилган ва ғолиб бўлган лойиҳаларга эътибор қаратадиган бўлсак, ички йўлларни (пиёдалар йўлакчаси, йўл ўтказгичлар) таъмирлаш билан боғлиқ тадбирлар энг кўп ғолиб бўлган — 446 та лойиҳа.

Кейин ўринда умумтаълим мактабларини таъмирлаш ва моддий техника базасини ривожлантириш тадбирлари турибди — 236 та лойиҳа.

Учинчи ўринда соғлиқни сақлаш муассасаларини таъмирлаш ва моддий техника базасини ривожлантириш тадбирлари турибди — 217 та лойиҳа.

Қолган барча ғолиб бўлган ташаббуслар 288 тани ташкил этади. Яъни ташаббусли бюджет айнан қайси соҳалар кўпроқ эътиборга муҳтож эканини ҳам очиб бермоқда. Маълумот учун: 2023 йилги биринчи мавсумда мактабларга оид лойиҳалар энг кўп ғолиб бўлганди.

Ташаббус билдириш бўйича Сурхондарё вилояти бошқа ҳудудлардан яққол ажралиб турган эди. Вилоятдаги 238 та маҳалладан жами 12 минг 279 та таклиф келиб тушган. Бу жами ташаббусларнинг 25 фоизига тенг. Таққослаш учун: бу борада иккинчи юқори кўрсаткич Тошкент шаҳрига тегишли бўлиб, пойтахтликлар порталга 4020 та таклиф киритишган эди.

Вилоятлар кесимида олиб қаралса энг кўп ғолиб бўлган лойиҳалар Тошкент вилоятида — 122 та. Иккинчи ўринда Самарқанд вилояти — 113 та. Учинчи ўринда Қашқадарё вилояти — 100 та.

Қолган ҳудудларда эришилган натижалар қуйидагича: Тошкент шаҳри (98), Фарғона вилояти (97), Қорақалпоғистон Республикаси (92), Наманган вилояти (84), Андижон вилояти (83), Сурхондарё вилояти (77), Бухоро вилояти (74), Сирдарё вилояти (73), Хоразм вилояти (66), Навоий вилояти (58) ва Жиззах вилояти (50).

Рақамларга қараб, жойларда муаммолар ҳал бўлаётгани сабабли ташаббуслар сони камаяётгани, янги лойиҳалар учун овоз тўплашда фуқароларнинг фаоллиги ортганини сезиш мумкин. Сурхондарёдаги 12 мингдан зиёд лойиҳадан атиги 77 таси ғолиб бўлгани ҳали вилоятда қилинадиган ишлар жуда кўплигидан далолат бериб турибди.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида билдирганига кўра, энди «Очиқ бюджет» лойиҳаларида ғолиб бўлиш учун 1,5 минг овоз етарли бўлади. Бунинг учун йил якунигача яна 1,2 трлн сўм ажратилиши мумкин. Демак, бирдамлик кўрсатиб, ғолиб бўлган ташаббуслар сони яна ортади.

Шуҳрат Шокиржонов тайёрлади.

Мавзуга оид