Жаҳон | 10:38 / 19.09.2023
7852
3 дақиқада ўқилади

Киев ғалла импорти бўйича қўшни давлатлар билан судлашади

Полша, Венгрия ва Словакиянинг Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишга қўйилган тақиқни узайтириш ҳақидаги қарори ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри қадамдир, деди Украина савдо вазири ўринбосари Тарас Качка.

Фото: EPA - ELTA

Украина ЖСТ доирасида Полша, Венгрия ва Словакияга қарши даъво аризаси билан мурожаат қилмоқчи, чунки бу давлатларда Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб киришни тақиқлаш ЕИ даражасида тегишли чеклов киритилган кун - 15 сентябрдан кейин ҳам сақланиб қолди. «Бу ҳаракатлар қонуний жиҳатдан нотўғри эканлигини исботлаш муҳим. Шунинг учун эртага биз суд жараёнларини бошлаймиз», деди Украина Иқтисодий ривожланиш, савдо ва қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари ўринбосари Тарас Качка Politico интернет нашрига берган интервюсида

«Бизнинг назаримизда, Венгрия ва Полшанинг бу чоралари (Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилиш тақиқини миллий даражада узайтириш тўғрисидаги қарор) Европа комиссиясига тўлиқ ишончсизлик тўғрисидаги баёнотдир», - дея таъкидлади Качка. 

Унинг қўшимча қилишича, агар Варшава Украина ғалласини импорт қилиш тақиқидан воз кечмаса, Украина Полшага нисбатан чекловчи чоралар кўриш имкониятини кўриб чиқади. «Биз қўшимча маҳсулотларга қарши жавоб чораларини кўришга ва Полшадан сабзавот ва меваларни олиб киришни тақиқлашга мажбур бўламиз», деди вазир ўринбосари. 

Украина ғалласини қўшни мамлакатларга сотиш бўйича тақиқ 

Май ойида ЕИ Полша, Болгария, Руминия, Венгрия ва Словакияга Украина буғдойи, маккажўхори, кунгабоқар уруғини ички бозорда сотишга тақиқ жорий этишга рухсат берди. Шу билан бирга, Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ушбу мамлакатлар ҳудуди орқали ташишга рухсат берилган ва шундай бўлиб қолади. 

15 сентябр куни Киев қўшни давлатларга экспортни қаттиқ назорат қилишга ваъда берганидан кейин ЕИ бу чекловни узайтирмади. Ўз навбатида, Полша, Венгрия ва Словакия ўз иқтисодлари ва фермерлари манфаатларини кўзлаб иш юритишини ҳамда тақиқни бир томонлама қўллаб-қувватлашини билдирди. 

Словакия 15 сентябрдан сўнг Европа Иттифоқининг тўрт турдаги донни сотиш бўйича илгари қўйган тақиқини узайтирган бўлса, Полша 16 ва 17 сентябр, дам олиш кунларида Украина уни ва озуқа емларини сотишга қўшимча тақиқлар киритди. Венгрия, Качка таъкидлаганидек, бундан ҳам қатъий чоралар кўрди ҳамда Украинадан илгари чекловлар таъсир қилмаган яна 25 та маҳсулотни, шу жумладан гўштни сотишни тақиқлади. 

18 сентябр куни Руминия бош вазири Йон-Марчел Чолаку Украина ғалласининг импортига талаб ошса, у қишлоқ хўжалиги вазиридан уни миллий бозорда сотишга қўйилган тақиқни 30 кунга узайтиришни сўрашини айтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид