Ўзбекистон | 13:43 / 22.09.2023
14433
2 дақиқада ўқилади

“Чустдаги ҳолат назоратда, болаларнинг аҳволи қониқарли” – ССВ

Болаларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари олиб борилмоқда. Аҳволи яхшилангани сабабли 10 нафар болага уйига кетишга рухсат берилган.

Фото: Kun.uz

Чуст туманидаги боғчанинг айрим тарбияланувчилари орасида тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатилган. Дастлабки шикоят бўйича 5 нафар бола шифохонага олиб келинган. Кейинчалик жами 71 нафар боланинг соғлигидан шикоятлар қайд этилган ва улар тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат вазирнинг назоратида эканлигини маълум қилди.

Наманган вилоятининг Чуст туманида мактабгача таълим ташкилотидаги болалар билан содир бўлган заҳарланиш ҳолати юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги барча керакли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

Туман тиббиёт бирлашмасига қабул қилинган болаларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари олиб борилмоқда.

Уларга якуний ташхис қўйиш мақсадида белгиланган талаблар асосида намуналар олиниб, экспертизадан ўтказилмоқда.

Айни пайтда болаларнинг ҳолати қониқарли, улардан 10 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилди.

Содир бўлган ушбу ҳолат шахсан Соғлиқни сақлаш вазири томонидан қатъий назоратга олинган”, дейилади ССВ расмий баёнотида.

Вазирлик ҳолат сабабларига ойдинлик киритилгач, қўшимча ахборот берилишини билдирган.

Мавзуга оид