Ўзбекистон | 08:15 / 22.09.2023
11418
2 дақиқада ўқилади

Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тармоғи тортилади

Кампиробод сув омборидан Фарғонага тоза ичимлик суви тортиш борасида Хитой ҳолдинги билан дастлабки келишувга эришилди. 

Фото: Kun.uz

Хайрулла Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегация Хитойга амалий ташриф билан борди. Ташриф давомида жами 32 та, шундан умумий қиймати 1,37 млрд доллар бўлган 29 та инвестициявий келишув ва савдо шартномалари имзоланди.

Хусусан, вилоятдаги ижтимоий муассасаларни қуриш ёки капитал реконструкция қилиш ҳамда Кампиробод сув омборидан Фарғона шаҳрига тоза ичимлик суви тортиш лойиҳалари борасида Хитойнинг SINOMASH ҳолдинги билан дастлабки келишувларга эришилди. 

Ушбу лойиҳаларга Хитой молия муассасалари томонидан камида 20 йил муддатга 300 млн долларгача миқдорда ёки эквалентида долларда йиллик 3 фоизгача бўлган кредит ажратиш бўйича дастлабки келишувга келинди.

Делегация томонидан Zhiyuanhui Information Technology Inc. компанияси билан Фарғона шаҳрида “ақлли шаҳар” тизими асосида рақамлаштириш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди. Хитой томони бу лойиҳани 2 та МФЙ ҳудудида синов тариқасида беғараз амалга ошириб бериши билдирилмоқда.

Пекин шаҳридаги энг йирик мева-сабзавот савдо комплекси бўлган Синфади раҳбарияти билан Фарғона вилоятида етиштириладиган мева ва сабзавот маҳсулотларини тўғридан тўғри экспорт қилиш бўйича музокаралар олиб борилиб, дастлабки келишувларга эришилди.

Кампиробод сув омбори Ўзбекистоннинг Андижон вилояти ва Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятлари чегарасида жойлашган. У 1983 йилда қурилган. Унга Тар, Қоракўлжа ва Қорадарё сувлари қуйилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид