АҚШ – Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги тўрт вектордан бири
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сафаридан кейин Ўзбекистон учун Вашингтоннинг геосиёсий аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Ўзбекистон ташқи сиёсатида АҚШ 4 та катта геосиёсий векторлардан бири ҳисобланади, булар: Хитой, Россия, глобал жануб ва АҚШ.
Марказий Осиё макроҳудуд бўлиб, 2016 йилдан буён алоҳида субъект бўлишга ҳаракат қилиб келяпти. Марказий Осиё марказидаги давлат эса Ўзбекистон. Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатлари юқорида айтилган қолган 3 та вектор билан торозига солинади, яъни АҚШ билан муносабатлар ижобий нейтрал позицияда дейиш мумкин. АҚШ ҳозир биз учун оппонент бўлган давлат эмас. Андижон воқеаларидан то 2010 йилга қадар Вашингтон Тошкент учун оппонент эди, бу даврда муносабатлар совуқ бўлди. 90-йиллар ўрталаридан 2004 йилгача эса Ўзбекистон ташқи сиёсатида расмий Вашингтонга йўналиш олган эди, аммо бу ички сиёсатда ўз аксини топмади, яъни инсон ҳуқуқлари, демократияда кўринмади. Ўша даврда Ўзбекистон қаттиқ авторитар давлат бўлиши билан биргаликда, АҚШга йўналиш олган эди.
2016 йилда Ўзбекистон ташқи сиёсати ўзгарди. Унгача Ўзбекистон дихотомия (бир томон билан яқинлашиш ва бошқа томонлар билан узоқлашиш) концепциясида ташқи сиёсат олиб борарди, яъни оқ ва қора. Бирор бир қудратли давлатга йўналиш оларди ва ўша давлат оппонентлари Ўзбекистонга ҳам оппонент бўларди. Бугунги кунда ундай эмас. Ўзбекистон мувозанат сақлашга ҳаракат қиляпти. Россия, Хитой, Туркия, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлар билан ижобий муносабатда бўлиб келяпти. Улар ўртасидаги зиддиятлар Ўзбекистонга тааллуқли эмас, деган позиция бор.
Вашингтон билан муносабатлар қолган векторлар билан муносабатларни мувозанатда сақлаш учун жудаям муҳим. Ўзбекистонда ҳокимият алмашганига 7 йил бўлди ва геосиёсий майдонда ўзи учун битта векторни танлагани йўқ. Каримов даврида ҳар томонга юзланиб чиқди ва 2005 йилдан кейин умуман ёпилди, бугун бундай эмас. Вашингтон билан муносабатлар шунинг учун муҳимки, Ўзбекистон Шарқ ва Шимол томондан геосиёсий, геоиқтисодий “ютилиш”ни истамайди. АҚШ билан муносабатлар орқали Ўзбекистон ташқи сиёсатини тақсимлаб, мувозанатни ушлаб туришни истайди.
Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос
Юқоридаги фикрлар Камолиддин Раббимовнинг Kun.uz'га берган интервюсидан олинди.
Мавзуга оид
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
21:25 / 22.11.2024
Россия ортидан АҚШ ҳам ядро стратегиясини ўзгартирди
13:52 / 22.11.2024
АҚШ Ўсимликлар карантини агентлигига 205 минг долларлик ускуналар топширди
21:00 / 21.11.2024