Жаҳон | 18:44 / 25.09.2023
9184
1 дақиқада ўқилади

Сердар Бердимуҳамедовга Туркманистон қаҳрамони унвони берилди

Унинг Туркманистон миллий мустақиллиги асосларини, мамлакат бетарафлиги тамойилларини мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси эътироф этилди.

Фото: Turkman.news

Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов Туркманистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланди.

24 сентябр куни Халқ Маслахати йиғилишида Сердар Бердимуҳамедовга Туркманистон Қаҳрамони унвонини топширишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Тадбирда мамлакат миллий парламенти спикери Дунёгўзал Гулманова Туркманистон Мажлисининг «Туркманистон президенти Бердимуҳамедов Сердар Гурбангулиевичга Туркманистон Қаҳрамони унвонини бериш тўғрисида»ги қарорини ўқиб эшиттирди.

Қайд қилинишича, давлат раҳбари Туркманистон миллий мустақиллиги асосларини, мамлакат бетарафлиги тамойилларини мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси, давлатни жадал ривожлантириш, халқаро нуфузини мустаҳкамлашдаги алоҳида хизматлари учун Туркманистон Қаҳрамони унвони билан тақдирланган.

Сердар Бердимуҳамедов 2022 йил март ойида Туркманистон президенти бўлди. Шу пайтгача «Мустақил Туркманистонга буюк муҳаббати учун» ордени, шунингдек, «Туркманистон мустақиллигининг 25 йиллиги», «Туркманистон нейтралитетининг 25 йиллиги» медаллари билан тақдирланган.

Мавзуга оид