Жаҳон | 08:38 / 27.09.2023
4379
2 дақиқада ўқилади

Ереван собиқ мэри Пашинянга суиқасд тайёрлашда айбланмоқда

Сиёсатчининг адвокати айбловларни асоссиз ва бир кишининг кўрсатмаларига таянган ҳолда шакллантирилган деб атади. Алберт Базеяннинг ўзи айбини тан олмади ва ўзини сиёсий маҳбус деб ҳисоблаяпти.

Фото: Maria Katamadze/DW

Ереван собиқ мэри, парламент собиқ вице-спикери ва «Еркрапа» кўнгиллилар уюшмаси собиқ раиси ўринбосари Алберт Базеян ҳокимиятни тортиб олишга уриниш ва бош вазир Никол Пашинянга суиқасд тайёрлашда айбланиб ҳибсга олинди. Бу ҳақда унинг адвокати Георгий Меликян 26 сентябр, сешанба куни ижтимоий тармоқларда маълум қилди. «Терговчининг талаби тўлиқ қаноатлантирилди. Мен эса соддалик билан адолатдан умид қилдим. Йўқ, Никол ҳали ҳам суд тизимини оёқ ости қилмоқда», - дейди у.

Меликян давлат тўнтаришига уриниш айбловини асоссиз деб атади. Адвокатнинг сўзларига кўра, у бир шахснинг кўрсатмаси асосида шакллантирилган. Базеяннинг ўзи ҳам айбини тан олмади ва ўзини сиёсий маҳбус деб ҳисоблаяпти.

Алберт Базеян ва «Салибчилар» ҳарбий-ватанпарварлик ташкилотининг 7 нафар аъзоси 23 сентябр куни ушланди. Тинтув чоғида қўлга олинганлардан ўқотар қуроллар, ўқ-дорилар ва зирҳли жилетлар топилган. Арманистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳокимиятни куч билан эгаллашга уринишнинг олдини олганини маълум қилди. 

Қорабоғдаги можаро ортидан Ереванда норозилик намойишлари 

Базеяннинг ушланиши Озарбойжон операцияси натижасида Қорабоғ ҳудуди қайтариб олингандан кейин Ереванда бошланган оммавий норозилик намойишлари фонида содир бўлди. Намойишчилар Арманистон ҳукумати тан олинмаган республикадаги арман диаспорасига ҳарбий ёрдам кўрсатмаётганидан норози ва бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилмоқда. 

Арманистон хавфсизлик кучлари намойишларни қаттиқ бостирмоқда. Кеча эрталаб Ереванда полиция шаҳар марказидаги кўчаларни тўсмоқчи бўлган 32 кишини қўлга олди, деб хабар беради «Интерфакс». 

Мавзуга оид