Ўзбекистон | 07:45 / 03.10.2023
1688
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик давлат хизматчилари Жанубий Кореяда тажриба оширади

Давлат бошқаруви академияси ва Корея давлат бошқаруви ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида меморандум имзоланди. 

Фото: Дунё АА

Жанубий Корея тажрибасини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Адҳам Бекмуродов бошчилигидаги мамлакат делегацияси ушбу мамлакатга келди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Академия ректори Жанубий Корея давлат маъмурияти тадқиқотлар институти раҳбарияти билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш борасида учрашувлар ўтказди.

Бунда ўзаро ҳамкорлик режалари, жорий йили ноябр ойида Бухоро шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган халқаро конференциялар дастури ва ундаги мавзулар кўлами келишиб олинди. Академия профессорлари ушбу масалада давлат хизматчиларининг бошқарув компетенцияларини оширишга хизмат қиладиган контентлар билан Корея давлат бошқаруви институти профессорлари билан тажрибалар алмашди. Бухоро шаҳрида бўладиган конференцияда маъруза материалларини келишиб олди.

Ташриф давомида Адҳам Бекмуродов Жанубий Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш миллий институт ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш учун учрашув ўтказилди. Унда икки давлат бошқарув таълим дастурлари келишиб олинди ва келгусида Ўзбекистонлик давлат хизматчиларининг Жанубий Корея давлатида тажриба ошириши масаласи кенг кўламда ўрганиб чиқилди.

Шунингдек, академия ректори бошчилигидаги делегация Сеул шаҳрида бўлиб ўтган Корея Республикаси Давлат бошқаруви ассоциацияси Глобал форумида ҳам иштирок этди. 

Форумда Давлат бошқаруви академияси ва Корея давлат бошқаруви ассоциацияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш тўғрисида меморандум имзоланди. Ушбу меморандум келгусида Ўзбекистон ҳамда Жанубий Корея мутасадди институтлари ва олимлари ҳамкорликда давлат сиёсати, бошқарув соҳасидаги тадқиқотлар олиб бориш, илмий ахборотлар алмашиш ва илмий анжуманлар ўтказишга замин яратади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид