Жаҳон | 09:58 / 05.10.2023
6447
2 дақиқада ўқилади

Алиев ва Эрдўған Пашинян билан учрашиш учун Гранадага бормайди

Озарбойжон ва Туркия президентлари Гранадада Арманистон бош вазири билан музокара ўтказишдан бош тортди. Боку Парижни «бузғунчи позицияда» айбламоқда.

Фото: tccb.gov.tr

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Европа Иттифоқи саммити доирасида Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан учрашуви бўлиб ўтиши керак бўлган Испаниянинг Гранада шаҳрига боришдан бош тортди. АПА Озарбойжон давлат ахборот агентлигининг 4 октябр, чоршанба куни хабар беришича, бунга Туркия, Озарбойжон талаб қилганидек, Европа Иттифоқи, Франция ва Германия етакчилари билан бирга музокараларда қатнашмаслиги сабаб бўлган.

Шу билан бирга, Боку Францияни «бузғунчи позицияда» айблаб, «француз расмийларининг арманпараст баёнотлари», Франция ташқи ишлар вазирининг Арманистонга ташрифи ҳамда Париж ва Ереван ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликка ишора қилди.

Эрдўғаннинг ташрифи бекор қилингани ҳақида расмий хабар берилмаган

Bloomberg ва турк матбуоти Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳам Пашинян ва Алиев ўртасидаги учрашув бўлиб ўтиши керак бўлган Гранададаги ЕИ саммитига бормаслигини тасдиқлади. Aydınlık газетасининг ёзишича, Эрдўған Испания бош вазири Педро Санчес билан телефон орқали мулоқот чоғида Испанияга таклиф қилинган, бироқ ташриф бекор бўлган. Нашрнинг қайд этишича, бунинг сабаби ҳақида расмий баёнот берилмаган.

ЕИ, Арманистон ва Озарбойжон вакилларининг Гранададаги учрашувида Бокунинг Қорабоғ ҳудуди устидан тўлиқ назорат ўрнатиш бўйича ҳарбий амалиётидан кейинги вазиятни муҳокама қилиш режалаштирилган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид