Жаҳон | 08:31 / 05.10.2023
3979
3 дақиқада ўқилади

Молдовада «Шор» партияси етакчиларига сайловда қатнашиш тақиқланди

Молдова парламенти томонидан қабул қилинган тузатишларга кўра, аввал конституцияга зид деб тан олинган «Шор» партиясининг бир қатор аъзолари уч йил муддатга сайловларда иштирок этиши тақиқланади. 

Фото: DW

Молдова парламенти 4 октябр, чоршанба куни биринчи ва иккинчи (якуний) ўқишда аввал конституцияга зид деб эътироф этилган ва тарқатиб юборилган деб топилган «Шор» партияси етакчиларининг сайловда иштирок этишини тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра, партиянинг конституцияга зид деб топилишига сабаб бўлган жиноятларда гумон қилинган ёки айбланаётган шахслар уч йил муддатга сайланиш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Шунингдек, халқаро санкцияларга олиб келган ҳаракатлар учун жавобгар шахслар, сайловолди ташвиқотини молиялаштириш шаффоф бўлмагани сабабли аввалги сайловлардан четлаштирилганлар ҳам янги сайловларда иштирок эта олмайди. 

Энди Молдова Марказий сайлов комиссияси ўзгартиришлар киритилиши лозим бўлган шахслар рўйхатини тузиши керак. 6 октябрдан маҳаллий сайловлар бўйича сайлов кампанияси бошланади. 

«Шор»нинг конституцияга зид партия сифатида тан олиниши 

«Шор» партиясига қарши биринчи жиноий иш – ноқонуний молиялаштириш бўйича – Молдовада 2022 йил июлида очилган. Тергов материалларига кўра, партия ўшанда биргина йилнинг биринчи ярмида 600 минг евродан ортиқ маблағ сарфлаган, харажатлар бўйича расмий ҳужжатларда эса бу миқдор олтмиш баравар кам бўлган. 2023 йил 19 июн куни Молдова Конституциявий суди «Шор»ни конституцияга зид партия сифатида тан олди, қочоқ олигарх Илан Шор эса банк фирибгарлигида айбланиб, сиртдан 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган. Судялар партия қонун устуворлиги тамойилларига зид иш қилган, мамлакат суверенитети ва мустақиллигига таҳдид солган, деб топди.

Молдова Сайлов кодексининг яқин вақтгача амалда бўлган қоидаларига кўра, Конституциявий суд томонидан конституцияга зид деб топилган партиянинг ижроия органлари аъзоси бўлган шахслар беш йил давомида сайловда қатнаша олмайди. Бироқ, «Шор» аъзоларининг шикоятидан сўнг, 3 октябр куни Молдова Конституциявий суди бу қоидаларни конституцияга зид деб топди ва уларни бекор қилди. Аммо мамлакат парламенти томонидан янги қонун қабул қилинганидан кейин ҳам «Шор» вакиллари сайловда қатнаша олмайди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид