Жаҳон | 09:40 / 07.10.2023
7708
2 дақиқада ўқилади

АҚШ икки нафар россиялик дипломатни чиқариб юборяпти

Фото: AP

Россиянинг АҚШдаги элчихонаси икки ходими персона нон грата деб эълон қилинди. Бу сентябр ойида икки америкалик дипломатни чиқариб юборган Россиянинг худди шундай ҳаракатига жавобдир.

АҚШ Давлат департаменти Россиянинг шу каби ҳаракатларига жавобан Россия элчихонаси икки ходими мамлакатдан чиқариб юборилишини эълон қилди. «Давлат департаменти Россия ҳукуматининг дипломатларимизни таъқиб қилиш билан тавсифланган хатти-ҳаракатларига тоқат қилмайди», дейилади АҚШ ташқи сиёсат идораси 6 октябр, жума куни эълон қилган баёнотда.

Бу билан Вашингтон Москвага «Москвадаги элчихона ходимларига нисбатан номақбул хатти-ҳаракатлар оқибатларга олиб келиши ҳақида аниқ сигнал юбормоқда», дейилади пресс-релизда. Мамлакатдан чиқариб юбориладиган Россия элчихонаси ходимларининг исм-шарифлари ва лавозимлари ошкор этилмаган.

АҚШ дипломатларини чиқариб юбориш ва Роберт Шоновга қарши иш

14 сентябр куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги АҚШнинг Москвадаги элчихонаси биринчи ва иккинчи котиблари Жеффри Силлин ва Дэвид Бернстайнни персона нон грата деб эълон қилди. Уларнинг исмлари «ФСБ» томонидан Американинг Владивостокдаги бош консуллиги собиқ ходими Роберт Шоновга қўйилган айбловларда кўрсатилган, унинг ҳибсга олингани май ойида маълум бўлганди. «ФСБ» маълумотларига кўра, Шонов Қўшма Штатлар элчихонаси ходимларининг кўрсатмаларига биноан уруш, сафарбарлик ва норозилик ҳаракатлари ҳақида маълумот тўплаган. Махсус хизмат айбланувчининг айбига иқрор бўлган видеони эълон қилди.

Шонов Россия Жиноят кодексининг 275.1-моддаси («Хорижий давлат билан махфий ҳамкорлик») бўйича саккиз йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. У Жиноят кодексига Россиянинг Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан кейин қўшилган. Давлат департаменти аввалроқ Шоновга қўйилган айбловларни асоссиз деб атаганди.

Мавзуга оид