Жаҳон | 09:23 / 08.10.2023
44741
7 дақиқада ўқилади

«Биз ҳам руҳан ўлиб бўлдик» – Ироқдаги ёнғинда омон қолган келин-куёв

26 сентябр куни Ироқнинг Найнав вилояти Баҳдид шаҳридаги тўйхонада содир бўлган даҳшатли ёнғин оқибатида 120 киши ҳалок бўлиб, 200 дан ортиқ одам куйиш жароҳати билан касалхонага тушди. Аввалига келин-куёв ҳам қурбонлар орасида бўлгани айтилганди, аммо кейинчалик улар тирик қолгани маълум бўлди.

27 ёшли куёв Реван ва 18 ёшли келин Ханин журналистларга кичик интервю ҳам беришди. Тўғрироғи, интервюда фақат куёв гапирган: «Биз ҳозир қаршингизда турибмиз, аммо ишонинг, фақат танамиз тирик қолди холос. Руҳан биз ҳам ўлиб бўлдик», дейди куёв.

Унинг айтишича, хотини ёнғин оқибатида оиласининг 10 нафар аъзосини йўқотган: онаси, уч акаси, ҳамма амакилари, ёш амакиваччалари. Куёвнинг онаси ҳам фожиа оқибатида ҳалок бўлган.

Фото: AFP
Фото: AFP

Куёв келинни қандай қутқарганини айтиб берди: «Уни кўтариб ошхона орқали ташқарига олиб чиқмоқчи бўлдим. Талатўпда ҳамма ташқарига чиқишга уриниб, уни босиб ўтиб кетишди, шу сабаб оёқлари жароҳатланган. Шундай бўлса-да, ташқарига чиқа олдик», дейди Реван.

Тармоқда тўйдаги ёнғин қандай бошлангани акс этган кадрлар тарқалди. Улар сифатли эканидан тўйни суратга олиш учун келган операторлар камерасида олинганини билиш мумкин. Видеоларда келин-куёв рақс тушаётганда атрофида фейрверклар ёқилгани, улардан бири шифтдаги пардага теккач, ёнғин бошланганини кўриш мумкин.

Бошқа қадрларда эса тўйхонада ўтирган мингга яқин одам жонҳолатда ташқарига отилгани кўринади. Эшикка яқин ўтирган одамлар тезроқ ташқарига чиқа олган. Тўйхона ичкариси мато ва пардаларга тўла бўлгани, дастурхонлар ҳам матодан тикилгани учун аланга жуда тез тарқалган.

Фото: AP
Келин ва куёв. Видеодан кадр

Қурбонлар

Ёнғин оқибатида 120 киши ўлгани маълум. 54 жасаднинг шахси ҳам аниқланмагани, бу учун ДНК-тест талаб қилиниши айтилган. Яъни мана шунча инсон таниб бўлмайдиган даражада ёниб кетган. Тармоқда тўй меҳмонларидан бири ёнғин ўчирилгач, тўйхона ичига кириб, хотинининг кўйлагини топгани, унинг ичида эса ҳеч нарса йўқлигини билгач, ерга йиқилиб йиғлагани акс этган видео тарқалди.

Фото: EPA
Фото: BBC

Жабрланганлар атрофдаги касалхоналарга олиб борилган. Уларнинг аксарида тана ташқи қисмининг 100 фоиз куйиши кузатилган. Қолганларда 50-60 фоиз куйиш қайд этилган. Аввалига келин ва куёв ҳам ҳалок бўлгани айтилган, бу маълумотни Reuters ва BBC каби йирик нашрлар ҳам тасдиқлаганди. Аммо журналистлар билан гаплашган гувоҳлар келин-куёвни тирик кўришганини айтган, кейинчалик улар омон қолгани маълум бўлди.

Ёнғин Мўсул яқинидаги Баҳдид шаҳрида содир бўлган. Бу кичик шаҳарда 50 минг атрофида одам яшайди ва уларнинг аксари I-III асрлардаёқ насронийликни қабул қилган ассирийлардир. Вафот этганларнинг дафн маросими ҳам уч кун давомида насронийлик анъаналарига хос тарзда ўтказилди.

Келин-куёв бир нечта дафн маросимларида қатнашди. Шаҳардаги деярли ҳамма тўйдаги ёнғин оқибатида киминидир йўқотган. Ёнғин ҳақида хабар берилгач, кўплаб журналистлар воқеа жойига етиб борган ва дафн маросимида инсонни даҳшатга туширадиган видеолар тарқалди. Дрондан олинган кадрларда кетма-кет ўнлаб тобутлар қабристонга олиб кетилаётгани кўринган.

Келин ва куёв. Видеодан кадр
Келин ва куёв тўй куни

Дафн маросимларида қатнашган келин ва куёв жуда ёмон ҳолатда бўлган. Улар ўзини йиғидан тия олмаган, юришга ҳам ҳоли бўлмаган.

«Биз бу ерда яшай олмаймиз»

Келин ва куёв ортиқ Баҳдидда яшай олмаслигини айтган: «Нега бунақа бўлди? Биз нима қилдик ахир? Биз ортиқ бу ерда яшай олмаймиз», деган куёв.

ОАВда ёзилишича, ёнғин оқибатида яқинларини йўқотганлар ҳодисада келин-куёвларни айбламоқда. Реван ва Ханин ҳаёти бу ерда ортиқ хавфсиз бўлмаслигини ҳис қилиб, шаҳардан кўчиб кетган.

Келин ва куёв.
Фото: Rudaw
Фото: Rudaw

Арзон-гаров қурилиш материаллари

Тўйхонани қуришда арзон ва ёнишга мойил қурилиш материалларидан фойдаланилгани маълум бўлди. Оқибатда тўйхона томи бир неча сония ичида одамларнинг устига қулаб тушган. Ҳукумат комиссияси маълумотига кўра тўйхона зали жуда тез ёнадиган арзон «сендвич-панел»га ўхшаган материал билан безатилган. Икки йил аввал ёниб кетган Боғдоддаги «Ибн ал Хатиб» касалхонасида ҳам худди шундай материалдан фойдаланишган. 2021 йилдан буён Ироқда бу материалдан фойдаланиш тақиқланган.

Фото: Rudaw

Маълум бўлишича, ёнғиндан кейин том қулагач, одамлар ичкарида қолиб кетган. Уларни чиқариш учун эса тўйхонанинг бир қисмини булдозер орқали бузишган. Оқибатда тўйхона ичи кислородга тўлиб, аланга баттар кучайган.

«Бизни ИШИД ўлдирмади, аммо бу ҳалокат ўлдирди»

Ёнғин бутун Ироқ ҳукуматини оёққа турғизди. 28 сентябр куни Ироқ бош вазири Муҳаммад Шим ас Судани Баҳдидга бориб, яқинларини йўқотганларга ҳамдардлик билдирди. Ироқда уч кунлик мотам эълон қилинди. Ҳодисадан кейин Ироқдаги барча муассасаларда ёнғин хавфсизлиги бўйича текширувлар ўтказилган. Ёнғинда айбдор деб гумонланиб, 14 киши ҳибсга олинган. Хусусан, уч нафар фейрверк ёққан одамлар ҳам.

Фото: Rudaw

Ёнғинда ота-онаси ва икки синглисидан айрилган ироқлик Бутрос Шито ҳодисада мамлакатдаги коррупцияни айблаган: «ИШИД бизни ўлдира олмаганди, лекин мана бу ҳалокат ўлдирди. Биз бу давлатда ҳалокат содир бўлгунича яшаймиз, кейин эса нима бўлганини таҳлил қиламиз. Уйимиз мамлакатдаги очкўзлик ва коррупция сабаб бўшаб қолди», деган у.

Фото: Rudaw

Маълумот учун, 2003 йил АҚШнинг Уэст-Уорик шаҳридаги клубда, 2004 йил Буэнос-Айресдаги тунги клубда, 2009 йил Россиянинг Перм шаҳридаги клубда, 2013 йил Бразилиянинг Санта-Мария шаҳридаги клубда ҳам пиротехника воситаларидан фойдаланиш оқибатида даҳшатли ёнғинлар содир бўлган.

Мавзуга оид