Спорт | 07:58 / 09.10.2023
31336
12 дақиқада ўқилади

«Арсенал»да тарихий ғалаба, «Барса»да яна камбэк. Кун ўйинлари

Артета АПЛда Гвардиолани ниҳоят енгди, «Барселона» 0:2 ҳисобидан чиқиб кетди. Якшанба оқшомида Европа чемпионатларида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.

Фото: RYAN PIERSE/GETTY IMAGES

«Арсенал» – «Манчестер Сити» 1:0
Гол:
1:0 – 86 Мартинелли.
«Арсенал» – Райя, Уайт, Габриэл, Салиба, Зинченко (Томиясу, 75), Жоржинио (Парти, 75), Эдегор, Райс, Троссар (Мартинелли, 46), Габриэл Жезус, Нкетиа (Ҳаверц, 75).
«Манчестер Сити» – Эдерсон, Уокер, Аке, Рубен Диаш, Гвардиол, Люис (Стоунз, 68), Ковачич (Матеуш Нунеш, 68), Бернарду Силва, Фоден, Ҳоланд, Алварес (Доку, 68).
Огоҳлантиришлар: Жоржинио (11), Бернарду Силва (23), Ковачич (29).

АПЛда «Манчестер Сити» ва «Арсенал» ўртасидаги 8-турнинг марказий учрашувида асосий интрига қуйидагича эди — Микел Артета чемпионат доирасида ўз устози Пеп Гвардиола устидан илк ғалабага эриша оладими? Қаторасига саккиз мағлубиятдан кейин «канонирлар» августда «Сити»га қарши Суперкубок баҳсида зафар қучганди. Бу орқали лондонликлар жорий мавсумда ҳам чемпионга жиддий жанг таклиф этиши белгиси эди. Айниқса рақиб яхши формада эмаслигида. «Арсенал» «Сити»ни 2015 йилдан буён мағлуб этмаган, охирги ғалаба ҳали футболчи бўлган Артета томонидан урилган гол эвазига қўлга киритилганди — ва Лондоннинг шимолий қисми бу ютуқни орзиқиб кутаётганди.

Мураббийлар таркиблар билан ҳайрон қолдира олмади. Сака еврокубок ўйинида жароҳат олгани, Родри дисквалификация туфайли бу ўйинда туша олмаслиги олдиндан маълум эди. Меҳмонларнинг яна бир етакчиси Кевин де Брюйне АПЛнинг бу мавсумида ҳали ўйнамади. «Арсенал» ва «Сити» сафида одатдаги футболчилар, жумладан, жамоаларнинг асосий юлдузлари — Ҳоланд, Эдегор, Фоден, Райс тушишди.

Биринчи бўлим ўйин сийқаси чиққан тактик дуэлга айланиши ҳақидаги хавотирларни тасдиқлади, илк дақиқаларданоқ жамоалар асосан тўп учун қаттиқ курашларга киришишди — иккита асосий вазият эса мураббийларнинг режаси асосида эмас, балки майдондаги тартибсизликдан келиб чиқди.

17-дақиқада «Арсенал» дарвозабони Давид Райя бугунги мухлисларни юрак ўйноқи қиладиган вазиятни келтириб чиқарди. У жамоанинг охирги ҳимоячиси вазифасини бажаришга киришди ва рақиб футболчисини прессинг уюштиришга чорлади. Оёқ билан яхши ўйновчи замонавий дарвозабон учун стандарт амалиёт — аммо фанатлар бундай вазиятларда юрак ҳовучлаб ўтиришга мажбур. Бу ўйинда «канонирлар» мухлислари шундай ҳолатга тушишди — Райя бундай вазиятларда ишончли кўринмади. У тўпни ўзи билан олиб юрганида унинг оёқларига Алварес ташланиб қолди — дарвозабон тўпни узоққа тепиб юбормоқчи бўлганида рақиб ҳужумчисининг оёқлари орқали дарвоза томонга йўналди, фақат ташқи томондан. Алварес ярим сония кечроқ ташланганида «Сити» ҳисобда олдинга чиқиб олиши мумкин эди. Режиссёрлар «Арсенал» бошланғич таркибидан тушиб қолган Рамсдейл захира ўриндиғида асабий ўтирган ҳолатини намойиш этишди.

Иккинчи вазият ҳам «Сити» иштирокида рўй берди, аммо энди негатив томондан. 30-дақиқада Ковачич подкат қилиб, Эдегорнинг оёғини синдирай деди — ҳакам Оливерни мониторга чақиришди, аммо у қизил карточка кўрсатишдан бош тортди. Қоидага кўра унинг бунга тўла ҳаққи бор эди, аммо у турнинг марказий ўйинини бузиб қўйишни истамади ва сариқ карточка билан чекланди. Хорватиялик футболчи кейинроқ Райснинг оёғига ҳам қўпол ташланди ва иккинчи сариқ карточкани олиб майдонни тарк этиши мумкин эди, ҳакам уни яна аяди.

Биринчи бўлимда бошқа жиддий вазиятлар бўлмади. Ҳоланд фақат тойиб кетиш, йиқилиш ва тўпни йўқотиш билан машғул бўлди — ҳозир норвегиялик футболчининг фаолиятидаги энг яхши дамлар эмас — жамоанинг қолган футболчилари ҳам одатдагидан сустроқ ҳаракат қилишди. «Арсенал» бироз жонли ўйнади, аммо футболчилар хато қилмаслик ва тўп йўқотмасликка кўпроқ эътибор қаратишди.

Иккинчи 45 дақиқаликда ҳам жамоалар эҳтиёткорона ўйнашди. Артета Троссарни Мартинеллига алмаштирди, Гвардиола эса танаффусда умуман ҳеч нарсани ўзгартирмасликка қарор қилди — афтидан, бекор бундай қилди. Чунки Габриэл дарҳол мезбонлар ҳужумини фаоллаштирди ва бўлим ўрталарига қадар ташаббус «канонирлар»да бўлди. Кейин Пеп бирданига уч футболчини алмаштирди ва ўйин бироз тенглашди, чунки бу вақтга келиб лондонликларда ҳам чарчаш аломатлари сезила бошлаганди. Кўп ўтмай Артета ҳам уч футболчи алмаштириш билан жавоб қайтарди ва бу фарқни йўққа чиқарди, якунда айнан захирадан тушган тўрт футболчи голни юзага келтиришди.

87-дақиқада Томас Партей майдоннинг иккинчи қисмидан омадли узатма берди, уни «Сити» жарима майдонига кириб бораётган Томиясу қабул қилиб, Ҳаверцга узатди, у эса орқароқдан келаётган Мартинеллига ташлаб берди. Майдонга тушганидан кейин фақат фойдали ҳаракат қилган бразилиялик футболчи жарима майдони ташқарисидан зарба берди — тўп Акенинг бошига тегиб йўналишини ўзгартирган ҳолда Эдерсон қўриқлаётган дарвозага бориб тушди. «Эмирейтс» байрам қилишни бошлади.

Ишониш қийин, аммо «Сити» шундай ҳолатда ҳам айтарли ҳужум уюштира олмади — ёки куч етишмади, ёки хоҳиш, нима бўлганда ҳам «шаҳарликлар» қўшимча вақтларни шунчаки ўтказиб беришди. Гвардиола 2018 йилдан буён илк бор АПЛда қаторасига икки ўйинни бой берди — умуман олганда, «Манчестер Сити» сўнгги тўрт ўйиндан учтасида (бири лига кубогидаги мағлубият) ютқазган. Жамоада ҳақиқий инқироз.

«Арсенал» учун эса фақат хурсанд бўлиш мумкин. Микел Артета Пепни ёзда ҳам енгиб, Суперкубокни қўлга киритганди, энди эса фаолиятида илк бор уни АПЛда енгмоқда. Ҳозирданоқ «канонирлар» кучлироқ экани ва мавсум якунларига кўра турнир жадвалида «Сити»дан юқорида туришини аниқ айтиб бўлмайди. Аммо айни вақтда Лондон шимолидаги жамоалар 20 тадан очко тўплаган ҳолда турнир жадвалида «шаҳарликлар»дан юқорида жойлашган.

Брайтон – Ливерпуль 2:2
Голлар:
1:0 – 20 Аденгра, 1:1 – 40 Салоҳ, 1:2 – 45, пенальти Салоҳ, 2:2 – 78 Данк.
Брайтон – Вербрюгген, Велтман, Данк, Игор Жулио (ван Хекке, 63), Марч, Гросс, Митома, Балеба, Аденгра, Жоао Педро (Фати, 89), Фергюсон (Уэлбек, 60).
Ливерпуль – Алиссон, Александер-Арнолд (Гомес, 80), Матип (Конате, 73), ван Дейк, Робертсон, Собослаи, Мак Аллистер, Эллиотт (Гравенберх, 46), Салоҳ, Диас, Нуньес.

«Брайтон» «Астон Вилла»дан учралган 1:6 ҳисобидаги мағлубиятдан кейин ўзига келиб олган. Тўрт кун оралиғида «чайкалар» иккита ҳиссиётларга бой ва кўп энергия сарфланган ўйинларни ўтказди, бу ўйинларда нафақат сифатли футбол, балки характер ҳам намойиш этишди. Чунки Марселда ҳам, «Ливерпул»га қарши ҳам ҳисобда ортда қувишга тўғри келди. Якшанба кунги ўйинда Роберто Де Дзерби жамоаси қизилларни прессинг билан бўғиб қўйди. Меҳмонлар мудофаадан катта қийинчилик билан чиқишди, бундай вазиятлардан бири голга айланди. Алиссон дарвозага қайтишга ҳам улгурмаганди.

Кейин ўйин ўзгара бошлади. Бу чемпионатда Нуниесдан бешинчи голли ассистни қабул қилиб олган Салоҳ Эллиотнинг ақл билан тўпни ўтказиб юбориши эвазига ҳисобни тенглаштирди. Тўрт дақиқа ўтиб мисрлик ҳужумчи пеналтини аниқ ижро этди. Унинг учун «Брайтон» — «Манчестер Сити» билан биргаликда энг қулай рақиб бўлиб турибди. У бу жамоаларга қарши ўйинда 14 та гол ёки пас муаллифи бўлган. Аммо унинг голлари бу сафар ғалаба учун етарли бўлмади. Очкога муносиб ўйнаган мезбонлар Марчнинг жарима зарбасидан узатмасидан кейин ҳисобни тенглаштиришди, «Ливерпул» ҳимоячилари баланд бўйли Данкни тўхтата олишмади.

Вест Ҳэм – Нюкасл 2:2
Голлар:
1:0 – 8 Соучек, 1:1 – 57 Исак, 1:2 – 62 Исак, 2:2 – 89 Қуддус.
Вест Ҳэм – Ареоля, Цоуфал, Зума, Агерд, Эмерсон, Уорд-Проуз, Соучек (Қуддус, 76), Лукас Пакета, Альварес, Боуэн, Антонио (Бенрахма, 75).
Ньюкасл – Поуп, Триппьер, Шер, Ласселс, Берн, Бруно Гимараэс, Лонгстафф, Тонали, Альмирон (Мерфи, 82), Андерсон (Таргетт, 90), Исак (Уилсон, 86).

Лондонда параллел кечган учрашувда ҳам шунга жуда ўхшаш сюжет ва драматизм рўй берди. Бу ерда ҳам мезбонлар аввалига рақиб хатосидан максимум чиқаришди ва Поупнинг тушунарсиз ҳаракатини Эмерсон жазолади. Унинг узатмасидан кейин Соучекда дарвозани ишғол қилишдан бошқа вариант йўқ эди. «Нюкасл» ўз юлдузининг дубли билан жавоб қайтарди. Қаторасига учинчи ўйинда гол урган Исак Триппиернинг икки узатмасидан кейин дарвозани ишғол этди. Биринчи ҳолатда видеотакрорни кўриб чиқишга тўғри келди: швед офсайдда эмасди, чунки тўп унга «болғачилар» футболчиси орқали келди. Аммо якунда Дэвид Мойес Соучек ўрнига Қуддусни туширган ҳолда мағлубиятдан қутулиб қолди. Унинг узоқ масофадан йўллаган зарбаси газонга сапчиб борган ҳолда «қарғалар» дарвозабонини ожиз аҳволда қолдирди.

Испания: 17-сониядаги гол

«Гранада» – «Барселона» 2:2
Голлар:
1:0 – 1 Сарагоса, 2:0 – 29 Сарагоса, 2:1 – 45 Ямал, 2:2 – 85 Сержи Роберто.
«Гранада» – Андре Феррейра, Рикард Санчес (Валехо, 84), Микел, Нева, Рубио, Алваро Фернандес (Торренте, 59), Сарагоса, Гумбау, Виляр (Петрович, 59), Узуни (Пуэртас, 58), Бойе (Каллехон, 74).
«Барселона» – тер Стеген, Жоау Канселу, Кристенсен, Кунде (Араухо, 44), Балде, Гундўған, Гави, Лопес (Сержи Роберто, 61), Жоау Феликс, Ферран Торрес, Ямал (Ромеу, 76).

«Барселона» учун даҳшатли туш давом этади. Хави деярли ҳар турда бир футболчисидан айрилаётгандек. Педри, Френки де Йонг, Рафиня, Левандовски, энди эса Кунде ҳам жароҳатланди. Бу эса кўк-анорранглилар Сарагосадан икки гол ўтказиб, 0:2 ҳисобида ортда бораётганида рўй берди. Биринчиси — ўйин бошланганидан 17 сония ўтиб рўй берди. Иккинчисида — ушбу футболчи каталонияликларнинг бир неча ҳимоячисини алдаб ўтиб, зарба берди — бу чемпионнинг таҳқирланишидек кўринарди.

«Гранада» чемпионатнинг энг кўп гол ўтказиб юборган жамоаси экани ҳисобга олинса, бу ақлбовар қилмас ҳолат эди. Аммо бошқа рақамлар ҳам бор. Масалан, ушбу жамоа «Барселона»га қарши уч ўйиндан иборат мағлубиятсиз серия қайд этаётганди (+1=2). Лекин бу майдон эгалари рақибнинг қандайдир махфий сирини билишини англатмасди ва буни Жоау Феликснинг жарима майдонига ёриб кириши кўрсатиб берди, португалиялик футболчи йиқилаётиб тўпни узоқ устун сари йўллади ва Ямалга 16 ёшу 87 кунлигида ла лига тарихида гол урган энг ёш футболчига айланишда ёрдам берди.

Ўйин охирида «Барса» Балденинг Сержи Робертога узатмаси орқали мағлубиятдан қутулиб қолди, аммо жамоа ғалабани илиб кетиши ҳам мумкин эди. Аммо VAR каталонияликлар фойдасига қарор чиқармади ва Ферран Торресда кичик офсайд қайд этилди. Дарвозани ишғол этган Феликс тўғри ҳолатда эди, аммо ҳакам ўйиндан ташқари ҳолатда бўлган Торрес дарвозабонга халал берган деб топди. «Барса» тақдирдан нолимаса ҳам бўлади: жамоа икки тўп фарқини йўққа чиқарганида барибир очкосиз қолиши мумкин эди, Сарагоса ҳет-трикка яқин келди, аммо унинг зарбаси устунга тегди.

 

Азиз Қаршиев
Муаллиф Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид