Жаҳон | 19:55 / 09.10.2023
11091
2 дақиқада ўқилади

Исроил армияси мамлакат ҳудуди устидан назоратни қайтарганини эълон қилди 

ҲАМАС аъзолари томонидан эгалланган ҳудудлар яна ЦАХАЛ назоратига қайтди. 

Фото: Reuters

Исроил мудофаа кучлари (ЦАХАЛ) матбуот котиби, контр-адмирал Даниэл Ҳагари сўзларига кўра, Исроил қўшинлари Ғазо сектори чегарасидаги барча аҳоли пунктлари устидан назоратни тиклади. 

Бироқ, Исроил аскарлари ва ҲАМАС аъзолари ўртасида ҳамон вақти-вақти билан тўқнашувлар бўлиб турибди, деди у. Шу билан бирга, у ҳудудда ҳамон «террорчилар» борлигини истисно қилмади. 

Ҳагари сўзларига кўра, Ғазо чегараси тўсиғи танклар, ҳужум вертолётлари ва учувчисиз ҳаво воситалари билан ҳимоя қилинади. Армия чегарадаги 24 та шаҳардан 15 тасини эвакуация қилди, қолганларини эса яқин кунлар ичида эвакуация қилади. 

ҲАМАС аъзолари 7 октябр куни эрталаб Исроилга ҳужум қилди. Улар Ғазо секторидан уч мингга яқин ракета отган ва чегара ҳудудларига бостириб кириб, Исроил ҳарбийлари билан жанг қилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторига кенг миқёсда зарбалар берди. 8 октябр куни Исроил расмийлари мамлакат уруш ҳолатида эканини эълон қилди. 

Шу кунга қадар Ғазо секторида 500 нафарга яқин одам, Исроил томонида 700 нафардан ортиқ одам ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берилди. 

Мавзуга оид