Жаҳон | 07:30 / 10.10.2023
14451
5 дақиқада ўқилади

ЕИ Фаластинга ёрдам беришни тўхтатиш масаласида келиша олмади

Европа Иттифоқи Исроилга ҳужум қилиш учун фойдалана олмаслиги учун фаластинликларга молиявий ёрдам ажратилишини зудлик билан қайта текширади. Бироқ, Европа Иттифоқи давлатлари молиялаштиришни бутунлай тўхтатиш масаласида келиша олмади.

Фото: Mahmud Hams / AFP / Scanpix / LETA

Европа Иттифоқи Фаластин миллий маъмурияти аҳолиси ва ҳукуматига «жойдаги шароитлар ўзгаргани муносабати билан» молиявий ёрдам ажратиш тартибини зудлик билан қайта кўриб чиқади. Бу ҳақда Еврокомиссиянинг 9 октябр, душанба куни кечқурун эълон қилинган расмий баёнотида айтилади. Таъкидланишича, текширувдан мақсад «Европа Иттифоқи молияси ҳеч қандай ташкилотга Исроилга қарши ҳужумлар уюштиришга билвосита ёрдам бермаслиги учун» ҳимоя чораларини кучайтиришдан иборатдир.

Шу билан бирга, ЕК баёнотида фаластинликларга ҳуманитар ёрдам кўрсатиш давом этиши таъкидланган. Буни X микроблоглар хизматида (собиқ Twitter) инқирозларни бошқариш бўйича Европа комиссари Янез Ленарчич тасдиқлади. «Мен ҲАМАС ҳужумини кескин қоралаган бўлсам-да, тинч аҳолини ҳимояга олиш ва халқаро ҳуманитар қонунларни ҳурмат қилиш зарур. Европа Иттифоқи муҳтож бўлган фаластинликларга зарур вақт давомида инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишда давом этади», деб ёзади у.

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррелнинг таъкидлашича, фаластинликларга молиявий ёрдамни қайта кўриб чиқиш жорий тўловларни тўхтатиб қўймайди, чунки уларни музлатиш «бутун Фаластин халқининг жазоси бўлади, бу эса ЕИнинг минтақадаги манфаатларига путур етказади». 

Европа кенгаши раиси Шарл Мишел ҳам худди шундай деди: «Биз Фаластин тинч аҳолисига жуда зарур бўлган ҳуманитар ёрдамни тўхтатмаслигимиз керак. Бу (ёрдамни тўхтатиш) ҲАМАС томонидан фойдаланилиши ҳамда кескинлик ва нафратни кучайтириши мумкин». 

Европа Иттифоқининг бир қатор давлатлари ёрдам тўхтатилишига қарши чиқди 

Душанба куни эрталаб Европанинг кенгайиш ва қўшничилик сиёсати бўйича комиссари Оливер Вархейи Брюссел ҲАМАС жангчиларининг Исроилга ҳужуми муносабати билан Фаластин миллий маъмуриятига молиявий ёрдамни тўхтатишини айтди. «Исроил ва унинг аҳолисига нисбатан террор ва шафқатсизлик кўлами бурилиш нуқтасига етди», деб таъкидлади Европа комиссари ва одатдагидек ишлаш энди мумкин эмаслигини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, гап 691 миллион евролик ёрдам пакетини қайта кўриб чиқиш ҳақида кетмоқда. 

Вархейининг баёноти баъзи Европа Иттифоқи аъзоларининг танқидига сабаб бўлди. «Ғазо секторида икки миллион одам яшайди. Улар ҳам ҲАМАСнинг гарови. Бундай усуллар билан биз уларни итариб юборяпмиз», - деди Люксембург ташқи ишлар вазири Жан Асселборн. Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албарес, AFP хабарига кўра, Вархейига қўнғироқ қилиб, молиявий ёрдамни тўхтатиш қарорига норозилик билдирган ва бу Европа Иттифоқига аъзо давлатлар билан келишилган бўлиши кераклигини айтган. Ирландия ҳукумати ҳам норозилик билдирди. 

Жозеп Боррел 10 октябр, сешанба куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирларини «Исроил ва минтақадаги вазиятни муҳокама қилиш учун» фавқулодда йиғилишга чақираётганини айтди. Европа комиссияси матбуот котиби Эрик Мамернинг аниқлик киритишича, ушбу йиғилиш иштирокчилари, хусусан, фаластинликларга кейинги ёрдам кўрсатишнинг «барча жиҳатларини кўриб чиқади». 

Европа Иттифоқи ва унинг таркибига кирувчи давлатлар 2022 йилда фаластинликлар учун энг йирик донор бўлди, деди аввалроқ Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен. ЕИнинг 2021-2024 йилларга мўлжалланган бюджетида Фаластин ҳудудларига молиявий ёрдам учун 1,18 миллиард евро ажратилади, деб хабар берди dpa. 

Германия фаластинликларга ёрдам беришни вақтинча тўхтатди 

8 октябр куни Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазирлиги фаластинликларга ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари тубдан қайта кўриб чиқилишини ва текширув ўтказилаётган вақтда маблағларни тақсимлаш тўхтатилишини маълум қилди. «Ўтмишда бу қўллаб-қувватлаш Фаластин ҳудудлари аҳолиси ва тинчлик ишига фойда келтиришига катта эътибор қаратилди. Аммо Исроилга қилинган бу ҳужумлар даҳшатли бурилиш нуқтасидир», деди вазирлик раҳбари Свеня Шулце.

10 октябр куни у Берлиннинг ривожланиш лойиҳалари «минтақавий тинчлик ва Исроил хавфсизлигига энг яхши хизмат қилиши» учун бу масала Исроил билан муҳокама қилинишини айтди. Свеня Шулценинг сўзларига кўра, бу «Исроил билан бузилмас бирдамликнинг ифодаси» бўлади. 

Шу билан бирга, Германия фаластинликларга ҳуманитар ёрдам кўрсатишда давом этади, дея хабар бермоқда AFP Германия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб. Германия Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, бу молиявий ёрдам асосан Фаластин ҳудуди аҳолиси учун озиқ-овқат харид қилиш ва соғлиқни сақлаш хизматларига йўналтирилади ҳамда БМТ ва халқаро ноҳукумат ташкилотлари орқали тақдим этилади. Германия бу мақсадлар учун 2023 йилда 73 миллион евро ажратган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид