Ўзбекистон | 08:36 / 12.10.2023
7801
2 дақиқада ўқилади

Судоче кўллар тизими халқаро аҳамиятга эга сув-ботқоқ ҳудуди этиб белгиланди

Кўл ҳудудида зич қамишзорлар, буталар, шўрхоклар ва саксовуллар мавжуд, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвонлар яшайди.

Фото: Дунё АА

Ўзбекистон Судоче кўллар тизимини халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ ҳудуди сифатида белгилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига кўра, бу ҳақда «Рамсар» конвенцияси расмий сайтида мақола чоп этилди. 

Мақолада Судоченинг 1960-йилларда дунёдаги тўртинчи йирик кўл ҳисобланган Орол денгизи кўрфази бўлгани таъкидланган. Шунингдек, кўл ҳудудида зич қамишзорлар, буталар, шўрхоклар ва саксовуллар мавжудлиги, қолаверса, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган ҳайвонлар яшаши қайд этилган.

«Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар кўлнинг Орол денгизи билан тарихий боғлиқлигини ўрганиш ва аҳоли пункти қолдиқларини кўриш учун келади. Маҳаллий аҳоли эса кўлдан балиқ овлаш, чорва учун озуқа ҳамда қурилиш материаллари учун қамиш йиғиш мақсадида фойдаланади», - дейилади мақолада.

Нашрда, шунингдек, қурғоқчилик Судоче олдида турган асосий муаммолардан бири сифатида таъкидланган.

Судоче жорий йил май ойида халқаро аҳамиятга эга бўлган «Рамсар» сув-ботқоқ ерлари рўйхатига киритилган Ўзбекистоннинг 4-объектига айланди. Бунга қадар, Денгизкўл 2001 йилда, Айдар-Арнасой кўллар тизими 2008 йилда ва Тўдакўл ҳамда Қуймазор сув омборлари 2020 йилда «Рамсар» рўйхатидан жой олган.

Мавзуга оид