Ўзбекистон | 19:30 / 14.10.2023
12217
2 дақиқада ўқилади

Президент Шайхонтоҳур туманидаги иссиқлик марказини кўздан кечирди

Шавкат Мирзиёев «Тошкент иссиқлик маркази» корхонасининг Шайхонтоҳур туманидаги 3-сон иссиқлик марказини бориб кўрди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд қилинишича, мажмуа 1972 йилда қурилган, 5 та қозонхона умумий қиймати 400 Гкал қувватга эга, 491 та кўпқаватли уй, 150 дан ортиқ ижтимоий соҳа муассасаларига иссиқлик етказиб беради.

Жорий йилда иссиқлик марказида муқобил ёқилғидан фойдаланиш имкони яратилди. Хусусан, мазут хўжалиги қурилиб, қозонларнинг иккитаси аралаш шаклда – газ ва мазутда ишлашга мослаштирилди. Барча қозонхоналар таъмирланди. Шунингдек, газ босимини таъминлаш мақсадида иншоотга 4,6 километр алоҳида қувур тортилди.

Таъкидланишича, энди куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни иссиқлик билан узлуксиз таъминлаш имкони яратилди. Хусусан, тармоқ 30 даража совуқ ҳароратгача барқарор ишлайди. Бундай пайтларда захираланган мазутдан фойдаланилади. Қувурлар изоляцияси мустаҳкамлангани учун иссиқлик йўқотилиши камайган. Аҳолига 65 даражадан кам бўлмаган иссиқлик етказиб берилади. Худди шу тартибда яна бир - 5-сон иссиқлик маркази ҳам модернизация қилинган.

- Очиғи, узоқ йиллар давомида бу тизимга эътибор бўлмаган. Иссиқлик корхоналари эски ресурсда, эскича услубда ишлаб келган. Лекин олинган иссиқлик сарфланган харажатга нисбатан ўзини оқламади. Бундан одамлар ҳам рози бўлмади, корхоналар ҳам манфаат топмади. Ўтган йилги синовдан ва имкониятларимиздан келиб чиқиб, иссиқлик таъминотини модернизация қилаяпмиз. Энди иссиқликни сақлаш ва тежаш чораларини кўриш керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзуга оид