Жамият | 11:56 / 14.10.2023
62631
8 дақиқада ўқилади

«Сувтекин» сув: арзимаган баҳога эга сувнинг тежалишига эришиб бўлмайди

Глобал иқлим исиш шароитида дунёнинг кўплаб давлатларида бўлгани каби Ўзбекистонда ҳам ичимлик суви танқислиги долзарб муаммолардан бирига айланиб бормоқда. Аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси ҳали 74,4 фоиз эканидан ҳам буни англаш қийин эмас.

Фото: undp

Хусусан, Сурхондарё ва Жиззах вилоятларида ичимлик суви таъминоти 60 фоиз атрофида. Таъминот бўйича республикадаги кўрсаткич энг паст ҳудуд Қашқадарё вилояти саналади — 51,6 фоиз.

Тоза ва чучук ичимлик сув аввало чекланган ресурс ҳисобланади. Қолаверса, жуда қиммат ижтимоий харажатлар тоифасига киради. Бу — бутун дунёда тан олинган ҳақиқат. Шундай экан, сув ҳаммага етиши учун аввало мамлакат миқёсида уни тежаш талаб этилади. Аммо тан олиб айтиш керакки, ҳозирги тарифлар билан аҳоли ўртасида тежамкорлик маданиятини шакллантириб бўлмайди. Арзон нарса ҳеч қачон қадрланмайди. Фақат бозор нархларигина одамларни сувни тежашга ундаши, мотивация бериши ва мажбур қилиши мумкин.

Ҳозир республикамизнинг кўплаб туманларида сув қувурларида олдингидек сув оқмаяпти. Чунки сув қувурлари бошидаги манбаларда ҳам аввалгидек сув захираларининг ўзи йўқ. Ерости ичимлик сувларининг ҳам сатҳи йилдан йилга пасайиб бормоқда. Ариқларда ҳам ёшлигимизда кўзимиз ўрганган сувлар оқмай қўйди. Масала жиддийлигига бугун олимлар, жамоатчилик эътибор қаратмоқда. Сув тақчиллиги барча муаммоларни кучайтирмоқда. Прогнозлар эса вазиятнинг нақадар қалтис эканини кўрсатмоқда.

Қатъий тежамкорликка ўрганмас эканмиз, яқин келажакда вазият ўта жиддийлашиб кетиши турган гап.

Жаҳон банки таҳлилларига кўра, 2050 йилга бориб Ўзбекистонда сувга бўлган талаб 59 километр кубдан 62–63 километр кубгача ошади ва мавжуд сув ресурслари 57 километр кубдан 52–53 километр кубгача камаяди. Бу эса жорий сув танқислигини беш баробарга оширади. Ичимлик суви таъминотидан фойдаланишда асосий хавфлар — чучук сувнинг тақчиллиги, фойдаланиш учун рақобат, унинг ифлосланиши, қурғоқчилик ва бошқалардан иборат.

Сув нархи нега ошириляпти?

Биринчидан, сўнгги пайтда Ўзбекистонда сув нархи ниҳоятда арзонлиги боис уни исроф қилиш ҳолатлари кўпайгани жамоатчилик эътиборига тушган.

Тариф нархлари ошишида биринчи навбатда сув исрофини камайтириш ва бозор нархларини жорий қилиш орқали, ундан унумли фойдаланиш даражасини ошириш назарда тутилмоқда.

Умуман олганда, айни пайтда кўплаб мутахассислар ҳукуматнинг сув танқислиги муаммосига янги ёндашувлар билан кириб бориши муҳим аҳамиятга эгалигини такрорламоқда. Бу жараёнда аҳолининг сувга бўлган муносабатини ўзгартириш ҳам зарур. Ичимлик суви бассейн тўлдириш, боғ суғориш ёки автомобил ювишга эмас, фақат истеъмол учун сарфланиши кераклигини тушуниб етиш лозим.

Мавжуд вазият аҳолини сув билан таъминлаш масалаларида бозор нархлари механизмларига ўтиш зарурлигидан далолат беради. Янги тарифларда пул тўлашни бошлаган хонадонлар энди ундан хўжасизларча фойдаланишни тўхтатади. Қолаверса, бу мавжуд қувватларни модернизация қилиш ва янгиларини қуриш имконини ҳам беради.

Иккинчидан, сўнгги йилларда юртимизда марказлашган ичимлик суви таннархи ва ундан фойдаланиш учун белгиланган сув тарифлари орасидаги тафовут катталашди. Бу йўналишдаги мавжуд ҳолат ичимлик суви етказиб бериш тизимини модернизация қилишга тўсқинлик қилмоқда.

Маълумки, бугунги кунда Тошкент шаҳрида аҳоли томонидан 1 метр куб (1000 литр) ичимлик суви учун 400 сўм, оқова хизматлар учун эса 350 сўм тўлов амалга оширилмоқда. Амалдаги тарифга бундан 3 йил олдин ўзгартириш киритилган бўлиб, бугунги кунда ичимлик суви таннархини белгиловчи омиллар қиймати ошгани сабабли аҳолига берилаётган ичимлик суви учун тўловлар ўз харажатларини қопламай қолмоқда.

Шуни инобатга олиб, Тошкент шаҳрида аҳоли истеъмолчиларига 1 литр ичимлик суви учун тўловни 1 сўм 40 тийин (амалда 40 тийин), оқова сув учун эса 1 сўм (амалда 35 тийин) этиб белгилаш бўйича халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига тақдим этилди. Яъни эндиликда пойтахтдаги истеъмолчилар бир метр куб сув учун 1400 сўм, оқова сув учун эса 1000 сўм тўлаши кўзда тутилмоқда.

Тошкент шаҳрида ошиши кутилаётган сув ва канализация нархлари республиканинг бошқа ҳудудларидаги айни кундаги нархлардан пастлигича қолмоқда.

Бугунги кунда, 1 метр куб (1 000 литр) ичимлик сувини ишлаб чиқариш ўртача таннархи 1681 сўмни ташкил этади. Мисол учун, ичимлик сув нархи таннархига нисбатан:

  • Қорақолпоғистонда 1,7 баробарга (сув нархи – 1850 сўм, ишлаб чиқариш таннархи – 3221 сўм);
  • Сирдарё вилоятида 1,9 баробарга (сув нархи – 1250 сўм, ишлаб чиқариш таннархи – 2374 сўм);
  • Тошкент вилоятида 1,8 баробарга кам (сув нархи – 950 сўм, ишлаб чиқариш таннархи 1722 сўм).

Натижада сув таъминоти корхоналари 2021 йилда 127,4 млрд сўм, 2022 йилда 286,8 млрд сўм ва 2023 йилнинг I чорагида 120,4 млрд сўм зарар кўрган.

Биргина Тошкент шаҳри мисолида кўрадиган бўлсак, 2021 йил январ ойидан бери тарифлар оширилмагани ва харажатлар каррасига ошиб кетгани туфайли 2022 йилда 15,7 млрд сўм, 2023 йил 1 сентябр ҳолатига 42 млрд сўм зарар кўрилган.

Шунингдек, республикамизда жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб бюджет ташкилотлари, компаниялар ва бошқа юридик шахслар учун электр энергияси нархи амалдаги 450 сўм ўрнига икки баравар, яъни 1 kWh учун 900 сўмгача оширилди. Сув учун таклиф этилаётган янги тарифларда «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖ томонидан тўланадиган 1 йиллик электр энергия тўлови ичимлик суви учун 118,8 млрд сўм, оқова суви учун 73,3 млрд сўм ҳисобга олинган.

Эътиборли жиҳати, таннархдаги электр энергия сарфини қисқартириш мақсадида қуёш панеллари ва энерго тежамкор насосларни ўрнатиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, республика бўйича электр энергия, реагентлар, тармоқларни жорий ва мукаммал таъмирлаш бўйича соҳада қўшимча харажатлар юзага келган. Бу харажатлар 3 йил олдин тасдиқланган амалдаги тарифларда кўзда тутилмаган.

Учинчидан, вилоятларда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланиш даражасини ошириш режалаштирилган. Бунинг учун ичимлик суви ва канализация тармоқлари, сув ҳамда канализация иншоотлари барпо этилиши зарур. Бундан ташқари, иш ҳақи, электр-энергия, солиқ тўловлари, хорижий кредитлар тўлови амалга оширилган бўлиб, жорий ва капитал таъмирлаш, тизимни модернизация қилиш ишларида ҳам сарф-харажатлар талаб этилади. Шундан келиб чиқиб, ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари учун янги тарифлар тасдиқланмоқда.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ичимлик сувини ишлаб чиқириш ва уни истеъмолчиларга етказиб берилишидаги асосий муаммо – мавжуд 10 минг 942 та сув иншоотининг 2 минг 318 таси (21,2 фоизи), 89 минг км марказий ва ички тармоқларнинг 23,6 минг км (26,5 фоизи) қисми таъмирталаб ҳолатга келиб қолганидир.

Ичимлик сувининг ўртача йўқотилиши республика бўйича 25,7 фоизни ташкил этиб, шундан технологик сарфлар 10,6 фоиз, таъмирталаб тизимларда вужудга келаётган авариялар натижасидаги йўқотишлар 15,1 фоизни ташкил этади.

Таклиф этилаётган янги тарифлар орқали келадиган қўшимча маблағлар ҳисобига тармоқлар жорий ва мукаммал таъмирланиб, авария ҳолатларини қисқа муддатларда бартараф этиш имкони яратилади. Бу эса, албатта, сув йўқотишлар даражасини қисқартиришга хизмат қилади.

Мавзуга оид