Тбилиси – Иссиқ булоқ шаҳри: Гуржистон пойтахтига саёҳат (Фотогалерея)
Гуржистон пойтахти Тбилиси шаҳрининг 1500 йилдан ошиқ тарихи бор. Бугун бу шаҳарнинг Эски шаҳар деб аталган қисмида бутун бошли тарихий даҳалар сақланиб қолган. Kun.uz мухбири ушбу шаҳарда бўлиб, унинг диққатга сазовор жойларини кадрларга муҳрлади.
Гуржистон деганда энг аввало Кавказдаги тоғли юрт ва у ерда яшайдиган мағрур халқ эсланади. Агар бошқа миллатларга қиёсан олинса, дунёда гуржилар унча кўп эмас.
Бироқ ана шу кам сонли миллат ўзининг алифбосини, бошқаларникига ўхшамайдиган исм-шарифини сақлаб қолгани таҳсинга сазовор.
Яқинда Kun.uz мухбири Гуржистон пойтахтида бўлиб, ушбу шаҳар ҳаёти ва ундаги диққатга сазовор бўлган тарихий жойларини кадрга муҳрлади.
Гуржистон-Сакартвело ҳақида
Кавказдаги бу мамлакатни яқин қўшнилари Туркия, Эрон, Озарбойжон ва қисман Ўзбекистонда Гуржистон деб аташади. Бу атама форс тилидаги гург-бўри сўзидан олинган.
Гуржистонни собиқ иттифоқ республикаларида яшовчилар Грузия дейди. Бу атама илк бор руслар орқали тарқалган. Россия империяси Гуржистонни босиб олар экан, руслар «Гуржистон» атамасини талаффуз қилишда қийналишади.
Улар бу давлат номини Гурджия, Гурзия, гуржиларни эса «гурзин» деб атай бошлашади. Кейинчалик Гурзия атамаси Грузияга, гурзин эса «грузин»га ўзгаради.
Ғарб давлатларида Гуржистонни «Жоржия» дейишади ва бу унинг қадимда Георгия деб аталишидан келиб чиққан.
Гуржилар ўз юртларини Грузия дейилишини унча хушлашмайди ва уни Сакартвело деб аташади. Бу атама «картвелилар юрти» деган маънони англатади.
Гуржиларнинг Грузия атамасини ёқтирмаслиги Россиянинг 2008 йил 8 август куни бу мамлакатга бостириб кириб, унинг бир қисми бўлган Жанубий Осетия ва Абхазиянинг босиб олинишидан сўнг кучайган. Бироқ унгача ҳам гуржилар Грузия атамасини хушламаган.
Гуржистон ҳудуди 69 789 километр квадрат, аҳолиси 3,8 миллион. Мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажми 25 миллиард долларни ташкил этади ва аҳоли жон бошига ҳисоблаганда қарийб 7 минг доллардан тўғри келади.
Гуржистоннинг йирик шаҳарлари Тбилиси, Батуми, Кутаиси, Рустави, Зугдиди, Гори, Поти, Сухуми ва Цхинвали ҳисобланади (Сухуми ва Цхинвали расмий Тбилиси бошқарувида эмас).
Тбилиси
Ўзбек тилига таржима қилинганда «Иссиқ булоқ»ни англатувчи Тбилиси шаҳрига 458 йилда асос солинган. Айтишларича Гуржистоннинг ўша пайтдаги ҳукмдори Вахтанг Горгасал I ов қилиб юрганда қирғовулни учратади ва уни нишонга олиб, яралайди.
Ярадор қирғовул шу яқин атрофдаги булоққа қўнади, унинг сувига кириб чиққанида ярадан асар ҳам қолмайди. Бу ажойиботга гувоҳ бўлган ҳукмдор булоқ атрофида шаҳар бунёд этишни амр қилади. Шу тариқа Тбилиси пайдо бўлади.
Кўп ўтмасдан пойтахт тоғлар орасида жойлашган Мцхета шаҳридан Тбилисига кўчирилади. Ўшанда Тбилиси шаҳри бунёд этилишига олтингугуртга бой сув чиқадиган шифобахш булоқ сабаб бўлади.
Аслида Тбилиси жойлашган ер шаҳар тиклаш учун ноқулай бўлган паст-баландликлардан иборат. Бироқ бу нарса шаҳарнинг чиройли архитектура билан қурилишига тўсқинлик қила олмаган.
Гуржистон Россия империяси томонидан босиб олинганидан сўнг руслар Тбилиси атамасини талаффуз қилишда ҳам қийналишади ва уни Тифлис деб аташади. Ҳатто расмий ҳужжатларга ҳам Тифлис тарзида ёзилади. 1936 йилда шаҳар ўзининг эски номига қайтарилади.
Бугун Тбилисида шаҳар атрофидаги йўлдош шаҳарчалар аҳолисини қўшиб ҳисоблаганда 1,2 миллион одам яшамоқда. Шаҳар ҳудуди Тбилиси дараси бўйлаб 40 километр масофага чўзилиб кетган.
Тбилисининг ўртасидан Кура дарёси оқиб ўтади. Бу дарё Туркиядаги тоғлардан бошланади ва Грузия ҳамда Озарбойжонни кесиб ўтиб, Каспий денгизига қуйилади.
Тбилисига ҳар йили дунёнинг кўплаб давлатларидан миллионлаб сайёҳлар келмоқда. Уларнинг асосий қисми Гуржистон пойтахтининг Эски шаҳар қисмини томоша қилишга ошиқади.
Бу ерда кўплаб меҳмонхоналар, овқатланиш шохобчалари жойлашганига қарамасдан шаҳар ўзининг тарихий кўринишини сақлаб қолган.
Ҳозирда Тбилисига ўтмишдаги таниқли футболчи Кахабер Каладзе ҳокимлик қилмоқда.
Тилга эътибор
Гуржиларнинг ўз тилига бўлган муносабати Тбилиси аэропортидан бошлаб яққол кўринади. Турли ёзувлар, эълонлар асосан гуржи ва инглиз тилларида.
Шаҳар кўчаларида барча ёзувлар фақат ва фақат гуржи тилида. Бизга йўлбошловчилик қилган Сашанинг айтишича, гуржилар аввалдан ўз тилларига, ёзувларига эътиборли бўлиб келишган.
«Совет даврида иттифоқдаш республикаларда жуда кўп жойларга, шаҳар ва қишлоқларга коммунистларнинг номлари берилган пайтда Гуржистонда вазият бошқача бўлган ва аксарият жойлар ўзининг асл номини сақлаб қолган. Бошқаларга нисбатан олганда дунёда гуржилар сони жуда кам, 5 миллион нафар атрофида. Бироқ миллатимиз ўз алифбосини сақлаб келяпти. Бугун дунёда оммабоп алифболар сони саноқли. Улардан бири гуржи алифбоси эканидан фахрланамиз», дейди Саша.
Тбилисида айланиб юрар эканмиз, жуда кўп ёшлар рус тилини билмаслиги, бироқ ўзининг она тили билан бирга ва инглиз тилида бурро гаплашишини кўрдик.
Сашанинг айтишича, Гуржистонда ҳам кўп сонли арманлар, озарбойжонлар, руслар, яҳудийлар, греклар яшашади. Яқин йилларгача улар учун рус тили ўзаро мулоқот тили ҳисобланган бўлса, ҳозирда унинг ўрнини гуржи тили эгаллади.
Бугун Гуржистонда яшаётган бошқа миллатларнинг биронтаси рус тилининг даражаси тушириб юборилганига эътироз билдирмайди. Аксинча ўз тилини ҳурмат ва ҳимоя қилаётган гуржиларнинг ишини қўллаб-қувватлайди.
Нарх-наво
Гуржистон пул бирлиги лари деб аталади. Ҳозирда 1 доллар 2,6,-2,7 атрофида олди-сотди бўлмоқда.
Тбилисида нарх-наво анча баланд. Масалан, 15-20 долларга меҳмонхона топиш қийин. Энг арзонлари 30-40 доллардан бошланади. Бунга шаҳарга жуда кўп хорижий сайёҳлар келаётгани сабаб бўлмоқда.
Шунингдек, мамлакатнинг ўзида етиштириладиган мева ва сабзавотлар нархи ҳам анча қиммат. Шафтоли, нок, узум, анор, олхўри ва бошқа мевалар 10-20 лари (40-90 минг сўм) атрофида.
Тбилисига етиб боргач уч кунлик чекланмаган интернет ва сўзлашувларга эга сим картани 160 минг сўмга олдик ва бу ҳам биздаги нархлар билан солиштирганда анча қиммат.
Тбилисида бензин нархлари ҳам жуда баланд. Жумладан:
Аи98 – 3,70-3,75 лари (1,4 доллар, сўмда 17 000 сўм);
Аи95 – 3,28-3,30 лари (1,22 доллар, сўмда 15 000 сўм);
Аи92 – 3,03-3,05 лари (1,150 доллар, сўмда қарийб 14 000 сўм);
Дизел – 3,35-3,40 лари (1,260 лари, сўмда 15 500 сўм) сотилмоқда.
Гарчи бензин бироз қиммат бўлса ҳам, бирон жойда сиқилган ёки суюлтирилган газ сотилаётганига гувоҳ бўлмадик. Барча машиналар бензин ёки дизелда ҳаракатланади.
Шаҳар транспорти
Тбилисида метро бор ва у Тошкентдагидан анча аввал, 1966 йилда қурила бошланган. Метрода иккита линия ва 23 та бекат бор. Унинг умумий узунлиги 29 километрни ташкил этади. Мустақиллик йилларида бор-йўғи иккита бекат ишга туширилган.
Тбилисининг ўртасидан Кура дарёси оқиб ўтади ва бу ерда метронинг янги бекатларини қуриш учун ноқулай ҳисобланади. Шу сабабли шаҳар ҳокимлиги сўнгги йилларда автобус қатновларини кўпайтиришга эътибор қаратаяпти.
Шаҳар кўчаларида асосан 12 метрли MAN ва 8 метрли Isuzu автобуслари хизмат қилади.
Жамоат транспортида (метро ва автобусларда) йўлкира нархи 4 500 сўм (1 лари). Йўловчилар деярли нақд пулдан фойдаланишмайди. Йўлкирани асосан банк картаси ёки транспорт картаси орқали тўлашади.
Аксарият бекатларда транспорт карталари сотилади ва уларга пул ташлаш учун махсус қурилмалар ўрнатилган.
Ёқилғи қимматлиги учун Тбилисида такси жуда қиммат. Масалан, Тошкентда 20-30 минг сўмга етиб оладиган жойга Тбилисида камида 70-100 минг сўм тўлашингиз керак бўлади.
Тбилиси кўчаларида машиналарнинг рақамлари бир хил. Гуржистонда юридик ва жисмоний шахсларга алоҳида авторақам бериш амалиёти йўқ. Барчага бир хил авторақам берилади. Фуқаролар ва юридик шахслар ўз машиналарига ҳарф ва рақамлар кетма-кетлигини танлаши мумкин.
Оддий рақамлар 72 лари (330 минг сўм)дан бошланади. Энг қиммат рақамлар 10 минг ларигача (45 миллион сўм) етади. Авторақамлар ундан қиммат сотилиши мумкин эмас.
Тбилисининг гўзал манзаралари
Тбилиси ҳам дунёнинг бошқа шаҳарларида бўлгани каби эски ва янги шаҳарга бўлинади. Унинг эски шаҳар қисмида бутун бошли даҳалар сақланиб қолган. Сайёҳларни асосан ана шу нарса ўзига жалб қилади.
Тбилисининг эски шаҳар қисмини бемалол айвонлар шаҳри дейиш мумкин. Бу ердаги 2-5 қаватли эски уйларнинг қарийб барчасида айвон бор. Айтганча, гуржилар ҳам айвонни «айван» дейишади.
Эски шаҳарнинг марказий қисмида озарбойжонлар маҳалласи бор ва шаҳардаги ягона жоме масжид шу ерда жойлашган. Масжид яқинида Усмонлилар даврида қурилган эски ҳаммом биноси сақланиб қолган.
Тбилисини икки томондан паст тоғлар қуршаб туради. Шаҳар ўртасидан Кура дарёси оқиб ўтади. Тбилисини ўраб турган тоғлар тепасида шаҳарнинг эски вайроналарини бор. Шунингдек, дарёнинг олди тўсилиб, кўлга айлантирилган.
Тбилисида чинор дарахтларининг жуда кўплиги ҳайратимизга сабаб бўлди. Ўзимча чамалаб кўрдим, Ўзбекистондаги барча чинорлар қўшиб ҳисобланса ҳам Тбилисидаги чинорлар сонига етмайди.
Кура дарёсининг икки соҳилида 15-20 километрга чўзилиб кетган йўлларнинг икки четига, эски шаҳардаги кўчалар ёқасига тўлиқ чинор экилган.
Тбилисида аҳоли ўз ҳовлисидаги исталган дарахтни шунчаки кеса олмайди. Бу учун шаҳар ҳокимлигидан рухсат олиш керак. Агар кимдир рухсатсиз дарахт кесса бу учун салмоқли миқдорда жарима тўлашига тўғри келади.
Қисқаси, Тбилисига келаётган барча ёшдаги сайёҳлар учун мароқли дам олиш учун шароит бор. Ана шу ҳолат ҳам шаҳарга сайёҳларнинг оқиб келишига сабаб бўлмоқда.
Ҳайдовчилик маданияти ва кўчалар
Тбилиси кўчаларида машиналар жуда кўп. Бу бежизга эмас. Гуржистонда аҳоли сонига ҳисоблаганда машиналар сони бўйича юқори ўринларда туради.
Масалан, 2022 йил маълумотларига кўра Гуржистонда жами транспорт воситалари сони 1,5 миллион донага етган. Аҳоли жон бошига ҳисоблаганда ҳар 1 000 кишига қарийб 400 дона машина тўғри келади.
(Статистика агентлигининг маълумотларига кўра, 2023 йил 12 январ ҳолатига кўра Ўзбекистонда ҳар 1 000 кишига 95 та машина тўғри келади. Демак, Гуржистонда аҳоли жон бошига ҳисоблаганда машина биздагидан 4 баробар кўп)
Тбилиси кўчаларида бир-бирига ўхшаш машиналарга кўзингиз тушмайди. Шунингдек, Россия ёки Хитойда ишлаб чиқарилган машиналар ҳам йўқ. Гуржистон пойтахтида энг кўп Япония, Корея ва Европада ишлаб чиқарилган машиналарни кўриш мумкин.
Кичик кўчаларда йўлнинг ҳар икки томонида машиналар тўхтайдиган жойлар (парковка) қилинган. Улар алоҳида чизиқлар билан белгилаб қўйилган ва бепул.
Тбилисида машина жуда кўп бўлганига қармасдан энг тиғиз пайтларда ҳам жиддий тиқилинчлар юз бермайди. Бунинг сабаби йўллар жуда кўп ва ҳайдовчилар жуда маданиятли.
Тбилисида уч кун юрган бўлсак бирон жойда машина сигналини эшитмадик. Ҳайдовчилар жуда ҳам тоқатли ва бир бирига йўл бериб, тартиб билан ҳаракатланади.
Аксарият йирик кўчаларда автобуслар ҳаракатланиши учун алоҳида йўлаклар қилинган. Тиқилинч бўлиб қолса ҳам биронта ҳайдовчи автобуслар учун белгиланган йўлакка ўтмайди.
Ҳар қандай вазиятларда енгил машина ҳайдовчилари автобусларни ўтказиб юборади. Йўлбошловчимизнинг айтишича, бу нарса йўл ҳаракати қоидаларида белгиланмаган. Шунчаки ҳайдовчилар автобусларни ўтказиб юборишга одатланишган. (Шу жойида шаҳарларимизда енгил машиналар автобусларнинг йўлини тўсиб, ҳайдовчиларнинг ўзаро жанжаллашиб юргани эсимга тушиб кетди).
Нафақат Тбилисида, Гуржистоннинг барча ҳудудларида йўлларнинг сифати аъло даражада. Йўл белгилари ҳам жуда кўп. Тбилиси кўчаларида айрим жойларда 15-20 метр масофада, ўнлаб йўл белгилари ўрнатилган.
Хизмат кўрсатиш соҳаси
Тбилисида хизмат кўрсатиш соҳалари жуда ривожланган. Шаҳарнинг эски шаҳар қисмида ва бошқа ҳудудларида қадамда ресторан, кафе, енгил тамаддихоналар ҳамда меҳмонхоналар жойлашган.
Кура дарёсида турли қайиқлар билан сайр қилиш мумкин. Тбилиси марказида дор йўли қилинган ва шаҳарнинг эски қўрғонига олиб чиқади. Тбилиси кўчалари бўйлаб айлантирадиган икки қаватли автобуслар бор.
Шаҳарнинг тарихий жойларида кўплаб гидлар бор ва улар маълум ҳақ эвазига Тбилиси тарихини бажонидил сўзлаб беришади. Жумладан, бизга бириктирилган Саша ҳам Гуржистон ва Тбилиси тарихи билан бирга, қўшнилар Туркия, Эрон, Озарбойжон, ҳатто Ўзбекистон тарихига доир жуда кўп маълумотларни билар экан.
Тбилисининг эски шаҳар қисмида жойлашган даҳаларни айланар экансиз, бу ерда дунёнинг жуда кўп давлатларидан келган сайёҳларни кўриш мумкин.
Энг кўп эронликлар, турклар, озарбойжонлар, ҳиндлар, руслар ва Европанинг турли давлатларидан келган одамларни учратдик.
Умумий манзарани кўриб айтиш мумкинки, Тбилиси аҳолиси асосан хорижий меҳмонларга хизмат кўрсатиш билан банд ва улар шундан даромад қилишади.
Гуржистонда валюта алмаштириш соҳаси банклар томонидан монополия қилинмайди. Исталган шахс давлат рўйхатидан ўтиб хоҳлаган жойида валюта алмаштириш шохобчасини очиши мумкин. Шаҳарда бундай шохобчалар ҳар қадамда бор ва бу сайёҳлар учун жуда қулай.
Тбилисида ҳам дунёнинг бошқа жойларида бўлгани каби сайёҳларга нархлар бироз баландроқ айтилади. Айрим ҳолларда кичик дўконлар ўзлари ёзиб қўйган нархдан қимматроқ пул олганига ҳам гувоҳ бўлдик.
Гуржистон бугун дунёдаги энг хавфсиз давлатлардан бири ҳисобланади. Ана шу омил ҳам сайёҳларнинг бу давлатга ошиқишларига сабаб бўлмоқда.
Тбилиси кўчаларида юрар экансиз, исталган жойни ва одамни тасвирга туширишингиз мумкин. Бу иш учун ҳеч ким эътироз билдирмайди.
Шунингдек, одамлардан, ҳатто полиция ходимларидан ҳам тасвирга тушириш учун рухсат сўрасангиз табассум билан бош ирғаб, рози бўлишади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
14:23 / 21.11.2024
Гуржистондаги норозиликлар ташкилотчилари янги ҳаракат режасини ишлаб чиқади
13:53 / 20.11.2024
Зурабишвили сайловлар юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилди
07:50 / 19.11.2024
ЕИ Гуржистон ҳукуматига ажратилган 121 млн еврони қайтариб олди
22:49 / 18.11.2024