09:39 / 15.10.2023
37394

Зўравонларга қарши қонун, Америка орзусидаги ўзбеклар ва ишга тушган Қўштепа канали — ҳафта дайжести

Ортда қолаётган ҳафта давомида Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисаларнинг қисқача тафсилотлари – Kun.uz дайжестида.

Яқин Шарқдаги вазият: Ўзбекистоннинг позицияси

Ўтган ҳафта охирида қайтадан бошланган ҲАМАС–Исроил уруши бутун дунёда, хусусан Ўзбекистонда ҳам муҳокамадаги энг долзарб мавзу бўлиб турибди. Можаронинг бу сафарги кескинлашуви ҳарбий ҳаракатлар ва инсоний йўқотишлар кўлами жиҳатидан аввалгиларидан кескин фарқ қиляпти. Уруш бир ҳафта ичида Ғазо бўлгасида 2200 дан ошиқ, Исроилда эса 1300 дан ошиқ қурбонларга олиб келди. Шунга қарамай, яқин истиқболда 75 йиллик муаммонинг ечими кўринмаяпти, чунки энг асосий халқаро ўйинчилар ўз позициясида собит қолмоқда.

Урушнинг учинчи кунига келиб, 9 октябрда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнот билан чиқди. Расмий Тошкент курашаётган томонларни қуролли қарама-қаршиликни тез фурсатларда тугатишга, инқирозни сиёсий ва дипломатик воситалар орқали ҳал қилишга чақирди. Ўзбекистон томони ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдириб, жароҳатланганларнинг тезроқ соғайиб кетишини тилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Исроил билан 1992 йилда, Фаластин билан 1994 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатган, уларни суверен давлатлар сифатида тан олади ва илиқ муносабатларга эга. Тошкентда Исроил ва Фаластин элчихоналари фаолият юритади. Ўзбекистоннинг Тел-Авивда жойлашган Исроилдаги элчихонаси бир вақтнинг ўзида Фаластин бўйича дипломатик ваколатхона вазифасини ҳам бажаради.

Аввалги йиллардаги эскалациялар вақтида берилган баёнотлардан келиб чиқилса, Ўзбекистон “икки халқ учун икки давлат” тамойилини қўллаб-қувватлайди ва низонинг шу пайтгача қабул қилинган БМТ резолюциялари асосида ҳал этилиши тарафдори. Бу позиция 1967 йилги чегаралар доирасида суверен Фаластин давлатини ташкил этиш бўйича бутун мусулмон оламида қабул қилинган консенсусга мос келади. Бу консенсусга кўра, Исроил оккупацияни тўхтатиши, 1967 йилги чегараларда суверен Фаластин давлати тўлалигича ташкил топишига имкон бериши ва Шарқий Қуддусни Фаластиннинг пойтахти деб тан олиши керак. Чунки бундан бошқа вариантлар фақат симптомларни вақтинча даволашга ўхшаб қолади, яъни узоқ муддатли ва барқарор тинчликни таъминлай олмайди.

Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш – кун тартибида

Янги ташкил этилган Ижтимоий ҳимоя агентлиги ўта долзарб ва умумиллий аҳамиятга эга муаммо – болаларга нисбатан зўравонликни кун тартибига олиб чиқди. Агентлик Адлия вазирлиги ва UNICEF билан биргаликда “Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тақдим этди.

UNICEF томонидан яқинда ўтказилган тадқиқотдан маълум бўлишича, Ўзбекистонда 1 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларнинг учдан икки қисми зўравонлик билан тарбиялаш усулларига, яъни жисмоний жазо ва психологик тажовузга учрайди. 15-19 ёшдаги қизлардан ҳар учтасидан биттаси эр ўз хотинини уришга ҳақли деб ҳисоблайди. Ҳукуматнинг расмий рақамларига кўра, йил бошидан бери республика бўйича 1200 дан ошиқ бола зўравонликка, улардан 417 нафари жинсий зўравонликка учраган.

Зўравонлик қурбони бўлган болалар кўпинча бу ҳақда бировга айта олмайди, ҳатто айтганида ҳам катталар ва масъуллар кўплаб ҳолатларда боланинг тақдирига бефарқ қарайди. Ваҳоланки, болаликдаги зўравонлик инсоннинг тақдирини, келажагини бутунлай ўзгартириб юборадиган оқибатларга олиб келади. “Биз бу долзарб масала бўйича сукунатни бузмоқчимиз ва жамиятдаги муносабатни ўзгартирмоқчимиз”, – дея эълон қилди қонун лойиҳаси тақдимотида сўз олган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева.

Қонун лойиҳасида болаларга нисбатан зўравонликнинг жисмоний, жинсий, руҳий, эксплуатация, буллинг ва ғамхўрлик кўрсатмаслик тарзидаги шакллари кўрсатилган. Зўравонлик ҳолатларида болаларга ҳимоя ордерини бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилалари билан ижтимоий иш олиб бориш, зўравон шахсларни хулқ-атворни тузатиш дастурларига жалб қилиш, жинсий зўравонлик қилганларнинг ҳуқуқларини чеклаш кўзда тутиляпти. Шаҳноза Мирзиёева педофилларга нисбатан кимёвий кастрация, мажбурий тақиб юриладиган билагузуклар, хавфли шахсларнинг очиқ реестрини юритиш кабиларни ҳам кўриб чиқишни таклиф қилди.

Ҳафта давомида, шунингдек, Болалар омбудсмани лавозимига Сурайё Раҳмонова номзоди тасдиқланди. Раҳмонова бир неча йил олдин Бош прокуратура матбуот котиби сифатидаги фаолияти билан жамоатчилик эътирофига сазовор бўлган эди. 2020 йилдан буён Болалар омбудсмани лавозимида ишлаб келган Алия Юнусова бир ой олдин истеъфога чиққанди.

2 йилда 13 минг ўзбекистонлик АҚШга кираётганида қўлга олинган

АҚШга Мексика орқали кириб бораётган ўзбекистонликлар сони охирги йилларда кескин ошиб бораётгани аён бўлса-да, бу тенденция кўламини баҳолаш учун шу пайтгача аниқ рақамлар йўқ эди. Шу ҳафта маълум бўлишича, бу ерда бир неча минглаб ўзбекистонликлар ҳақида гап кетяпти.

Fox News телеканали эълон қилган АҚШ божхона ва чегара хизматининг ички маълумотларидан маълум бўлишича, 2021 йилнинг октябридан 2023 йилнинг октябрига қадар, яъни охирги 2 йил ичида АҚШда чегарани ноқонуний кесиб ўтишга уринган 13 мингдан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қўлга олинган. Бу – Америкага ноқонуний кириб боришга уринаётганлар орасида ўзбекистонликлар етакчилар қаторида экани англатади.

Охирги 2 йилда, шунингдек, 31 мингга яқин Туркия фуқароси, 26 мингга яқин Мавритания фуқароси ва 6 мингдан ортиқ Афғонистон фуқароси АҚШ чегараларида қўлга олинган. Ушланганларнинг қанчаси АҚШдан чиқариб юборилгани ёки иммиграция бўйича суд мажлиси санаси белгиланганидан кейин мамлакатда бўлиб туришига рухсат берилгани маълум эмас.

Темирйўл соҳасида ўзгаришлар

Самарқандга сафар қилган Том исмли нидерландиялик блогер-сайёҳ Ўзбекистонда кўпчилик оддий ҳол деб қарайдиган маиший коррупцияни бутун дунёга кўрсатиб кетди. У июл ойида Самарқанддан Тошкентга “Афросиёб” поездида кетаётиб, эконом классдан ВИП классга ўтказиб қўйиши учун поезд ходимига 15 доллар берган ва бу ҳақда ўша куниёқ блогида сўзлаб берган. Унинг бу ҳақдаги видеоси октябр ойида ўзбекистонлик блогерларнинг каналида тарқала бошлади.

“Ўзбекистон темирйўллари”нинг изоҳ беришича, июл ойида, воқеа рўй берганидан 4 кун ўтибоқ ўша “Афросиёб” поездининг бошлиғи ишдан олинган. Компания бу каби ҳолатлар бошқа такрорланмаслиги учун назорат ўрганини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, шунга ўхшаш ҳолат баҳорда ҳам рўй берган, ўшанда россиялик машҳур блогер Иля Варламов “Тошкент-Самарқанд” поездининг люкс тоифадаги купеси учун қиммат нархда чипта сотиб олгани, лекин ундаги шароитлар пулига арзимаслигини айтиб видео қилган эди. Шундан кейин расмийлар вагон кузатувчилар ва поезд бошлиғига интизомий жазо қўллаганди.

Поездларда пул эвазига яхшироқ жойга ўтиб олиш мумкинлиги, ўша “яхшироқ” жойларда ҳам шароитларнинг баъзан қониқарсиз бўлиши – янгилик эмас. Темирйўл соҳасида ҳафтанинг асосий янгилиги – 10 октябр куни имзоланган қарорда келтирилган. Унга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб, юк вагонлари ва контейнерларни тақдим этиш, юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчи ташиш хизматлари тарифларини – оддийроқ айтганда поезд чипталари нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўхтатилади, нархларни бозор тамойиллари асосида белгилашга ўтилади.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон темирйўллари” негизида маълум фаолият йўналишларига ихтисослашган “Темирйўлэкспресс”, “Темирйўлкарго”, “Темирйўлинфратузилма” каби 6 та компания ташкил этилади. Кореядан “Афросиёб” каби юқори тезликда ҳаракатланувчи 6 та электропоезд, Чехиядан 30 та электропоезд сотиб олинадиган бўлди. Бунинг учун Корея ҳукуматидан 185 млн евро, чех банкларидан 350 млн евро миқдорида давлат кафолати остидаги кредитлар олинади. Шунингдек, фуқароларнинг марказий вокзаллар ҳудудига автомобилда кириб боришига рухсат бериш масаласи кўриб чиқилади. Тошкент, Самарқанд ва Қўқон вокзаллари бошқаруви хусусий инвесторларга топширилади.

Эслатиб ўтамиз, шу йил 20 октябрдан бошлаб, маҳаллий йўналишлардаги поездларда чипта нархлари 50 фоизга, “Афросиёб” чиптаси нархлари эса 100 фоизга оширилади. Масъуллар буни нархлар 4-5 йилдан буён ўзгармай келгани, лекин бу вақт давомида инфлция ҳисобига таннарх харажатлари ошиб боргани билан изоҳлаган.

Қўштепа каналининг учдан бир қисми ишга туширилди

Афғонистонда Қўштепа каналининг биринчи участкаси қурилиши якунланди. Каналнинг 108 км.лик биринчи қисми 1,5 йил давомида қурилиб, 11 октябр куни тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Канал Ўзбекистоннинг таклифларига қарамай, бетонлаштирилмаган.

Айни пайтда, “Толибон” 177 км.лик иккинчи босқич қурилиши бошланганини ҳам эълон қилди. Қўштепа каналининг умумий узунлиги 285 км.ни ташкил этиб, Афғонистон шимолидаги 50 минг гектаргача ерни суғориш имконини беради, бироқ Амударё сувининг камайиши орқали Ўзбекистон ва Туркманистон қишлоқ хўжалигига салбий таъсир кўрсатади. Лойиҳани тўлиқ якунлаш 2028 йилга мўлжалланган.

Халқаро ҳуқуққа кўра, трансчегаравий дарёлардан фойдаланишга унинг ўзанида жойлашган барча давлатлар ҳақли, лекин ким қачон ва қанча сув ишлатишини давлатлар квоталар ва бошқа механизмлар воситасида ўзаро келишиб олиши керак. Бахтга қарши, Афғонистон Марказий Осиёда сувдан фойдаланишга доир Олмаота декларациясини ҳам, БМТнинг сув конвенциясини ҳам имзоламаган.

Боз устига, “Толибон” ҳукумати тан олинмаган статусда қолмоқда; тан олиниш учун халқаро ҳамжамият томонидан инклюзив ҳукумат ва хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича ўз олдига қўйилаётган талабларни бажармаяпти. Ўзбек дипломатияси канални биргаликда, сув тежовчи замонавий ечимлар асосида лойиҳалаштириш ва қуриш бўйича толиблар билан музокаралар ўтказяпти, лекин ҳозирча жиддий натижаларга эришилмаган.

Қўшимча қилиш лозим, куни кеча Ўзбекистон 2400 дан ошиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлган Ҳиротдаги зилзила муносабати билан афғон халқига 100 тонна ҳажмдаги инсонпарварлик ёрдамини етказиб берди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

01 777 RRR тарзидаги автомобил рақами аукционда 893 млн сўмга сотилиб, бу борадаги рекордни янгилади. Бу жорий курсда 75 минг долларга тенг. Аукцион нақ 10 кун давом этиб, бошланғич суммадан 3 баробарга юқори нарх билан якунланди. Энг охирида икки нафар даъвогар қолиб, улар савдони 1,5 соат давом эттирди. Маълумот учун, аввалги рекорд ўтган йили ўрнатилган, ўшанда Наманган вилояти учун мўлжалланган 50 777 ZZZ рақами салкам 670 млн сўмга сотилган эди.

Шавкат Мирзиёев МДҲнинг олий мукофоти билан тақдирланди. Ҳамдўстликнинг Бишкекдаги саммити мезбони Садир Жапаров Ўзбекистон президентининг минтақада дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссасини эътироф этди. Мирзиёев ўз нутқида МДҲ эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартнома қоидаларини қайта кўриб чиқишни таклиф этди. Саммитда қатор ҳужжатлар, хусусан рус тили бўйича халқаро ташкилот тузиш тўғрисида битим имзоланди.

UzAuto Motors Captiva-5 нархларини эълон қилди. Октябр ойи охиридан бу модел 300 млн сўмдан 350 млн сўмгача нархда сотувга чиқарилади. Шунингдек, компания Lacetti, Cobalt ва Damas учун шартномалар йил охиригача бошқа очилмаслиги ҳақидаги хабарларни рад этди. Аввалроқ эълон қилинган Lacetti ишлаб чиқаришнинг тўхтатилиши эҳтимолига эса аниқлик киритилмаяпти.

Андижон давлат университетида қарийб 40 млрд сўм талон-торож қилинган. Бу – 3 млн доллардан ортиқ дегани. Ҳисоб палатасининг аниқлашича, университетда 9 мингга яқин талабага 25 млрд сўм ортиқча стипендия ҳисобланиб, тўлов қайдномалари сохталаштирилган. Бундан ташқари, талабалар тўлаган 9,3 млрд сўм контракт суммалари университет ҳисобрақамига кирим қилинмагани айтилмоқда. Ҳужжатлар ҳуқуқ органларига юборилган.

Top