12:47 / 16.10.2023
16907

ДХХ кучли таъсир қилувчи дорилар контрабандаси ва савдоси билан шуғулланган гуруҳни қўлга олди

ДХХ ходимлари томонидан Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, халқаро куръерлик жўнатмалари орқали хориждан кучли таъсир қилувчи моддаларни контрабанда қилиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Фото: Видеодан кадр

ДХХ хабарига кўра, авиажўнатмалар орқали Хитой давлатидан косметика маҳсулотлари тайёрлашда ишлатиладиган восита номи остида юборилган 5 кг “Прегабалин” моддаси тўхтатиб қолинди.

Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ушбу кучли таъсир қилувчи модда 2000 ва 2002 йилларда туғилган 3 нафар Ўзбекистон фуқаросига тегишли экани аниқланиб, улар ҳаракатланаётган “Кобалт” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Автомашина салонида бўлган 1500 дона “Прегабалин” ва 90 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида улар ижарага олган хонадон кўздан кечирилганда, ушбу манзилда яширин лаборатория ташкил этилгани ва жиноий гуруҳ аъзолари бўлган – 2003 ва 2005 йилларда туғилган 2 қиз кимёвий моддаларни аралаштирган ҳолда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини тайёрлаш ва бўш капсулаларга қадоқлаш билан шуғулланиши маълум бўлган.

Мазкур хонадондан сотишга тайёрлаб қўйилган 376 дона “Прегабалин” капсуласи, 101 дона флаконда “Тропикамид”, 14 кг 150 гр кучли таъсир қилувчи моддалар кукуни, 9 та полиэтилен қопда бўш капсула ва флаконлар, 20 литр хлорид кислотаси, электрон торози, колба, миксер ва шприцлар процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ҳозирда жиноий гуруҳнинг 6 нафар аъзосига нисбатан Жиноят кодексининг 246 ва 251-1 моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.

Top