Жаҳон | 09:46 / 16.10.2023
3437
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Полша меҳнат миграцияси соҳасидаги алоқаларни кенгайтиради

Тошкентда Ўзбекистон ва Полша Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди.

Фото: ТИВ

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Полша Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги давраси бўлиб ўтди.

ТИВ маълумотига кўра, тадбир давомида Ўзбекистон-Полша ҳамкорлигининг устувор йўналишлари ва халқаро кун тартибининг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Сиёсий мулоқотни, хусусан, ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш орқали янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Польшанинг етакчи компаниялари иштирокида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни ўрнатиш, минтақалараро ҳамкорликни ривожлантиришга икки томон ҳам тайёрлиги тасдиқланди. Кимё, тўқимачилик саноати ҳамда қишлоқ хўжалигига оид инвестиция салоҳияти ва истиқболли лойиҳалари таклифлари тақдимоти бўлиб ўтди.

Маданий-ҳуманитар соҳадаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, икки мамлакат илмий ва таълим муассасалари ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Томонлар туризм соҳасида шерикликни ривожлантириш, икки томонлама муносабатларнинг шартномавий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, меҳнат миграцияси соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш масалаларини ҳам муҳокама қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид