Ўзбекистон | 17:53 / 24.10.2023
2721
3 дақиқада ўқилади

Болалар омбудсманининг вазифа ва ваколатлари белгиланади

“Бола ҳуқуқлари вакили тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Вакил мансабдор шахсларга огоҳлантириш юбориш, тақдимномалар киритиш, қамоқдаги вояга етмаганларнинг сақлаш шароитларини ўрганиш, вояга етмаган шахс иштирок этган жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш ва бошқа ваколатларга эга бўлиши кўзда тутилмоқда.

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 24 октябр кунги мажлисида “Бола ҳуқуқлари вакили тўғрисида”ги қонунни биринчи ўқишда кўриб чиқиб, маъқуллади.

Қонун лойиҳаси билан, бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда бола ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида бошқа ташкилотлар билан ўзаро муносабатлари кўзда тутилмоқда.

Лойиҳага кўра, Болалар омбудсмани Қонунчилик палатаси ва Сенат томонидан депутат ва сенаторлар умумий сонининг кўпчилик овози билан 5 йил муддатга сайланади. Номзодни Олий Мажлис палаталарига президент киритади.

Болалар омбудсманининг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:

  • бола ҳуқуқларига оид давлат сиёсатини амалга ошириш ҳамда БМТ Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажаришда иштирок этиш;
  • бола ҳуқуқлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқларини химоя қилиш кафолатларини таъминлаш;
  • бола ҳуқуқларига оид қонунчилик талаблари ижросини ўрганиш, бола ҳуқуқлари таъминлашини мониторинг қилиш;
  • бола ҳуқуқларига риоя қилиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш ҳолатидан жамоатчиликни хабардор этиш ва бошқа вазифалар.

Болалар омбудсманининг маърузаси Олий Мажлис палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилиши назарда тутилмоқда.

Болалар омбудсмани фаолиятининг асосий жиҳатлари ўрнатилмоқда:

  •  мансабдор шахсларга қонунчилик бузилишига йўл қўймаслик тўғрисида огоҳлантириш юбориш ва тақдимномалар киритиш;
  • қонун ҳужжатлари лойиҳалари бўйича таклифлар киритиш ва палаталар мажлисларида иштирок этиш;
  • болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриш;
  • қамоқдаги вояга етмаганларнинг сақлаш шароитларини ўрганиш, улар ва тегишли маъмурият ходимлари билан учрашиш, ҳужжатлар билан танишиш ва бошқалар;
  • суриштирув, тергов органлари ва суд вояга етмаганларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки жинсий эркинлигига қарши жиноятлар бўйича қабул қиладиган қарори, ҳукми (ажрими) ҳақида Болалар омбудсманини ёзма равишда хабардор қилиши;
  • вояга етмаган шахс иштирок этган жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш ва улардан кўчирма нусхалар олиш ва бошқалар.

Эслатиб ўтамиз, 10 октябрда Болалар омбудсмани лавозимига Сурайё Раҳмонова тасдиқланган эди.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид