18:20 / 24.10.2023
11531

Шавкат Мирзиёев Қарши туманидаги мактабда бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига сафари доирасида яна бир назарда тутилмаган манзилга ташриф буюрди. Қарши тумани маркази – Бешкент шаҳридаги 12-мактаб ҳам режалаштирилмаган ҳолда бориб кўрилди.

Бу ерда айни пайтда 1 минг 400 га яқин ўғил-қиз ўқимоқда. Уларга юздан ошиқ малакали педагоглар таълим бермоқда. Мактаб ўтган йили капитал таъмирланган. Ўқувчиларга битта касб-ҳунар ва иккита хорижий тилни ўргатиш йўлга қўйилган. Компьютер саводхонлиги, тикувчилик, дурадгорлик каби тўгараклар бор.

Давлат раҳбари синфхоналарни кириб кўрди, ўқитувчи ва ўқувчилар билан суҳбатлашди. Мактаб шароитлари, дарсликлар сифати билан қизиқди.

Айни кунларда мамлакатда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ва кўчат экиш авжида. Президент мактаб мисолида шу борадаги ишларни кўздан кечирди. Мутасаддиларга ижтимоий муассасаларни иссиқлик билан таъминлаш, энергия тежамкор технологияларни қўллаш бўйича кўрсатмалар берилди. Ўз навбатида, мактабларнинг қурилиш стандартларини замонавийлаштириш, бунда инфратузилма билан таъминланганлик, функционаллик ва энергия самарадорлиги билан боғлиқ барча мезонларни назарда тутиш зарурлиги таъкидланди.

«Яшил макон» лойиҳаси доирасида мактаблар атрофида кўчат экиш ишларига ҳам эътибор қаратилди.

«Мактаб бор жойда маданият бўлади. Педагоглар бошқаларга ҳар жиҳатдан ўрнак. Мактаб атрофи обод бўлиб, мавсумий гуллар яшнаб турса, ёшларга ҳам тарбия, ҳам даъват бўлади», – деди давлат раҳбари.

Top