Жаҳон | 13:20 / 25.10.2023
5919
2 дақиқада ўқилади

Венгрия бош вазири Орбан ЕИни собиқ СССРга пародия деб атади

Европа Иттифоқи СССРнинг бир вақтлар Шарқий Европадаги ҳукмрон мавқейига нисбатан «ёмон пародия» бўлмоқда, деди Орбан. Шу билан бирга, у Европа Иттифоқи ҳали ҳам ислоҳотларга қодир, деб ҳисоблайди.

Фото: EPA - ELTA

Венгрия бош вазири Виктор Орбан Европа Иттифоқини яна танқид қилиб, уни собиқ иттифоқ билан қиёслади ва уни СССРнинг «ёмон пародияси» деб атади. «Баъзида тарих такрорланади. Москва фожиа эди. Брюссел - шунчаки ёмон замонавий пародия. Биз Москва қўшиғига рақсга тушишимиз керак эди. Брюссел ҳам куй чаляпти, лекин биз хоҳлаган вақтда рақсга тушяпмиз», - деди у 23 октябр, душанба куни кечқурун Веспрем шаҳрида миллий байрам муносабати билан сўзлаган нутқида.

Шу билан бирга, Орбан Европа Иттифоқи мисолида ҳали ҳам умид борлигини таъкидлади. «Москвани энди тузатиб бўлмайди, лекин Брюссел ва Европа Иттифоқини тузатиш мумкин», деди у келаси йилга режалаштирилган Европа парламенти сайловларига ишора қилиб. Венгрия бош вазири бу сайловда ҳамфикр партиялар ғалаба қозониб, Брюсселни миграция каби масалаларда йўналишини ўзгартиришга мажбур қилишига умид билдирди.

Орбаннинг Европа Иттифоқи билан зиддиятлари 

2010 йилдан бери Венгрия ҳукуматини бошқариб келаётган Виктор Орбан бир неча бор Брюссел ва совет Москваси ўртасида ўхшашликларни келтирган ҳамда Европа комиссияси билан йиллар давомида қонун устуворлиги, оммавий ахборот воситалари ва ноҳукумат ташкилотларни назорат қилиш ва бошқа мавзуларда тортишиб келган. Орбан Украинага қарши уруш сабабли Россияга қўйилган Европа Иттифоқи санкцияларига қўшилишни истамади ва Москва билан ишлашда давом этмоқда. 

23 октябр куни венгерлар Венгриянинг бир партиявий диктатураси ва совет иттифоқи таъсирига қарши 1956 йилги халқ қўзғолони бошланишини хотирлайди. Совет армияси бу қўзғолонни шафқатсизларча бостирган. 1989 йилда Венгрияда коммунистик тузум қулаганидан кейин 23 октябр мамлакатда миллий байрам деб эълон қилинди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид