Жаҳон | 14:57 / 26.10.2023
2809
3 дақиқада ўқилади

Молдова октябр ойи охиригача ЕИдан яна 72,5 миллион евро олади

ЕИга номзод Молдова ой охиригача ЕИ макромолиявий ёрдамининг муҳим қисмини олади, чунки у ўз сиёсий мажбуриятларини бажарди, дея маълум қилди Еврокомиссия.

Фото: rupor.md

25 октябр, чоршанба куни Евроиттифоқ Молдовага 50 миллион евро миқдорида кредит тўлади, ой охиригача эса ундан кейин грантлар кўринишида 22,5 миллион евро миқдоридаги яна бир транш йўналтирилади, деб хабар берди Еврокомиссия матбуот хизмати. Ушбу маблағлар Кишинёвга макромолиявий ёрдам кўрсатиш бўйича амалдаги келишувлар доирасида ажратилади.

Еврокомиссия Молдова Европа Иттифоқи олдидаги сиёсий мажбуриятларини бажарганини қайд этганидан кейин бу сумма ажратилган. Аниқроғи, Брюсселда таъкидланишича, мамлакат қиш мавсуми учун аниқ чора-тадбирлар режасини қабул қилиб, энергия хавфсизлигини оширди. Кишинёв, шунингдек, давлат сектори бошқарувини кучайтирди ва магистратура Олий кенгаши ҳамда прокурорлар Олий кенгашидаги бўш ўринларни тўлдириш орқали қонун устуворлиги бўйича муваффақиятга эришди. Бундан ташқари, Молдова тадбиркорликни ривожлантиришнинг янги дастури ва рақамли трансформация стратегиясини қабул қилиб, мамлакатда бизнес муҳитини яхшилаш бўйича муҳим қадамлар қўйди, деб хабар берди Еврокомиссия.

Европа Иттифоқи томонидан Молдова учун режалаштирилган макромолиявий ёрдам ҳажми 295 миллион еврони ташкил этади, шундан 220 миллиони кредит, 75 миллион евро грант шаклида. Бу миқдор 2023 йил июн ойида Европарламент ва ЕИ кенгаши томонидан қабул қилинган 145 миллион еврогача бўлган қўшимча молиялаштиришни ўз ичига олади, шундан 72,5 миллиони октябр ойи охиригача Молдовага тўланади. Умуман олганда, шу ой охиригача Молдова макромолиявий ёрдам доирасида 172,5 миллион евро олади. Кейинги тўловлар Европа Иттифоқи томонидан сиёсий шартлар бажарилганда амалга оширилади.

Еврокомиссия Молдованинг 2023 йил ноябрига мўлжалланган навбатдаги Европа Иттифоқи «кенгайиш пакети» доирасида устувор ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги ўзгаришлари ҳақида ҳисобот беради. Устувор ислоҳотлар бўйича муваффақиятлар Европа Иттифоқи билан интеграцияни жадаллаштириш, сармоя ва молиялаштиришни кўпайтиришнинг бевосита йўлидир.

2022 йил 23 июн куни Европа Иттифоқининг 27 давлати давлат ва ҳукумат раҳбарлари Украина билан бирга ариза берган Молдовани ЕИга кириш учун номзод давлат сифатида тан олди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид