Жаҳон | 11:01 / 27.10.2023
8041
3 дақиқада ўқилади

АҚШ республикачилари Украина ва Исроилга ёрдамни тақсимлашни талаб қилмоқда

АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг янги спикери Украина ва Исроилга умумий қиймати 106 миллиард долларлик ёрдам пакетини қўллаб-қувватламайди.

Фото: Reuters

Украина ва Исроилни қўллаб-қувватлашни молиялаштириш қўшма пакетнинг бир қисми сифатида эмас, балки алоҳида амалга оширилиши керак, деди АҚШ Конгресси Вакиллар палатасининг янги спикери Майк Жонсон 26 октябр куни Американинг Fox News телеканалига берган изоҳида. Унга кўра, Вакиллар палатасида республикачилар ҳарбий можароларда иштирок этаётган икки давлатга ёрдамни тақсимлаш масаласида консенсусга эришган. Бу ҳозирда кўпчилик республикачилар вакили бўлган АҚШ Конгрессининг қуйи палатаси президент Жо Байден таклиф қилган 106 миллиард долларлик ёрдам пакетини қўллаб-қувватламаслигидан далолат беради.

Ушбу пакет Украинага Россияга қарши урушда, шунингдек, Исроилга ёрдам кўрсатиш учун маблағларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, пакет Фаластин аҳолисини қўллаб-қувватлаш ва АҚШнинг миллий хавфсизлик устуворликларини ҳал қилишга қаратилган. Бироқ, умумий маблағнинг катта қисми Киевга ажратилиши керак: Исроил мудофаасини мустаҳкамлаш учун 14,3 миллиард долларга нисбатан 61,4 миллиард доллар. Байденнинг фикрича, маблағлар ягона ёрдам пакетига киритилиши Конгресснинг иккала палатасига ҳам уни тезроқ ўтказишга ёрдам беради, деб таъкидлайди Reuters.

Конгресс сентябр охиридан бери Украинага ёрдамни маъқулламаяпти

Республикачилар партиясининг яна бир вакили Кевин Маккарти спикерлик лавозимидан четлаштирилгач, 3 октябрдан бери АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси иши деярли фалаж бўлиб қолди. Партиядошларнинг норозилигига 30 сентябрда вақтинчалик бюджет тўғрисидаги қонун лойиҳаси қабул қилиниши сабаб бўлган.

Ушбу қонун лойиҳаси федерал ҳукумат фаолиятини тўхтатиб қўйиш (шатдаун)нинг олдини олишга қаратилган - ундаги бюджет лойиҳаси 17 ноябргача мўлжалланган. Шу билан бирга, ҳужжатда Украинага Россия томонидан олиб борилаётган урушда ёрдам бериш учун маблағлар киритилмаган - сўнгги пайтларда Конгрессдаги республикачилар вакиллари Киевга ёрдамни тобора кўпроқ танқид қилмоқда.

Аввалроқ Қўшма Штатлар Украинага устувор ислоҳотлар рўйхатини топширган эди, уларнинг тез амалга оширилиши Киев Вашингтондан доимий ёрдам олишига боғлиқ бўлади. Устувор мақсад – жуда қисқа вақт ичида мамлакатда коррупцияга қарши курашни кучайтириш.

Байден учун Украинани қўллаб-қувватлаш борасида келишиб олиш муаммога айланди

Конгресс вақтинчалик бюджет лойиҳасини қабул қилгач, Байден Киевга ёрдамни давом эттиришга чақирди. «Ҳеч қандай шароитда биз Американинг Украинани қўллаб-қувватлашини тўхтатишига йўл қўя олмаймиз», деди у.

АҚШ Конгрессининг юқори палатасини ташкил этувчи Сенатнинг бир қатор нуфузли аъзолари мурожаатни қўллаб-қувватлади, Байден Конгресснинг ушбу қисмига таяниши мумкин, чунки унда демократлар кўпчиликни ташкил қилади. Сенатдан фарқли ўлароқ, Вакиллар палатаси ва илгари республикачиларнинг кўпчилиги Киевни худди шу ҳажмда қўллаб-қувватлашни танқид қилган ва янги сайланган спикер Жонсон, кетган Маккартидан фарқли ўлароқ, сўнгги ойларда Украинага ёрдам бериш учун маблағ ажратишга қарши бўлган.

Мавзуга оид