Ўзбекистон | 13:22 / 28.10.2023
36435
4 дақиқада ўқилади

1 ноябрдан Тошкентда жамоат транспорти йўлкира нархлари ўзгаради

Бир турдаги жамоат транспортида қатнов учун қатъий белгиланган йўл ҳақи — нақд ва банк карталари билан тўлашда 2000 сўм, АТТО транспорт картаси билан тўлашда 1700 сўм этиб белгиланди. Мослашувчан нархлар доирасида кунлик, ойлик ва йиллик тарифлар ҳамда бир соат ичидаги алмашишлар учун чегирмалар ҳам жорий этилмоқда.

Фото: Kun.uz

Ноябрдан бошлаб Тошкент жамоат транспорти учун мослашувчан тарифлар жорий этилади. Эндиликда йўловчилар автобус ва метрога 1 400 сўм эмас, 2 минг сўм йўлкира тўлайди. Бу ҳақда “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Қайд этилишича, бунда нақд пул шаклида ёки банк карталарти орқали тўлов қилувчиларга йўл ҳақи 2 000 сўмдан, АТТО транспорт карталаридан фойдалаунвчиларга эса 1 700 сўмдан тушади.

АТТО транспорт карталаридан фойдаланган ҳолда бир соат ичида иккинчи маротаба автобусдан фойдалансалар йўл ҳақи учун 700 сўм тўланади. 1 соат давомида йўловчилар автобусдан учинчи ва тўртинчи маротаба маълум бир манзилга ҳаракатланиши мутлақо бепул бўлади.

1 соат ичида автобусдан метрога ёки метродан автобусга ўтиш билан дастлаб 1 700 сўм, кейин 1 100 сўм, учинчи алмашишда автобусга чиқиш билан 700 сўм тўланади. Тўртинчи марта алмаштиришда эса йўлкира бепул бўлади. Нақдсиз тўлов ва 1 соат ичидаги алмашишлар учун имтиёзли нархлардан фақат транспорт карталари эгалари фойдалана олади. Улар билан қуйида батафсил танишиш мумкин:

Таъкидланишича, 1 соатлик алмашиш тарифларининг 3 та асосий шарти бор. Унга кўра, бу тарифдан фойдаланувчиларга автобуснинг фақат олд эшигидан чиқишига рухсат берилади.

Йўловчи биринчи транспортга чиқишидаги тўлов қилинган вақтдан бошлаб ҳисоб даври бошланади. Бир соатлик тарифда имтиёзли нарх метродан фақат бир марта фойдаланишга нисбатан татбиқ этилади. Бу вақт ичида икки марта метродан фойдаланилса, ҳисоб даври янгидан, 60 дақиқа бўлиб бошланади.

Қолаверса, юқоридагидан ташқари, кунлик, ҳафталик, ойлик ва йиллик тариф режалари ҳам таклиф этиляпти. Маълум суммада тўлов қилиб белгиланган вақт давомида чексиз қатновларни амалга ошириш мумкин. Имтиёзли тоифадаги шахслар учун 50 фоиз чегирма қилинади.

Автобус учун тарифлар қуйидагича:

1 кунлик — 7 минг сўм.

5 кунлик — 27 минг сўм.

7 кунлик — 34 минг сўм.

10 кунлик — 54 минг сўм.

15 кунлик — 81 минг сўм.

20 кунлик — 108 минг сўм.

1 ойлик — 160 минг сўм.

3 ойлик — 436 минг сўм.

6 ойлик — 811 минг сўм.

1 йиллик — 1 млн 497 минг сўм.

Автобус + метро учун тарифлар қуйидагича:

1 кунлик — 6 минг 500 сўм.

5 кунлик — 36 минг сўм.

7 кунлик — 46 минг сўм.

10 кунлик — 73 минг сўм.

15 кунлик — 110 минг сўм.

20 кунлик — 147 минг сўм.

1 ойлик — 221 минг сўм.

3 ойлик — 604 минг сўм.

6 ойлик — 1 млн 123 сўм.

1 йиллик — 2 млн 73 минг сўм.

Айтиш лозим, янги тариф нархлари бир муддат аввал жорий этилиши кутилаётган ва эълон қилинган шаклига нисбатан бироз қимматлашган.

Эслатиб ўтамиз, пойтахт жамоат транспортида йўлкира нархи ошиши ва мослашувчан тарифлар жорий этилиши анчадан бери кутилаётган эди. 16 феврал куни имзоланган президент қарорига кўра, Тошкент шаҳри жамоат транспорти учун мослашувчан тарифлар 1 апрел санасиданоқ жорий этилиши кўзда тутилганди.

Кейинроқ Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов тарифларнинг йўлга қўйилиши нима сабаб кечикаётганига изоҳ бериб, 15 майдан бошлаб йўлга қўйилишини ваъда қилганди.

Бу муддатда ҳам кечикилгача, вазирлик матбуот хизмати Kun.uz мухбирига аниқлик киритиб, янги амалиёт шаҳар депутатлар кенгаши сабаб ҳанузгача қўлланилмаганини маълум қилганди.

Айтиш лозим, янги тариф тизими жорий этилишининг асосий мақсад-мазмуни аҳоли мобиллигини рағбатлантириш ҳисобланади. Яъни йўловчи 2-3 та манзилга бормоқчи бўлса, унинг учун жамоат транспортидан фойдаланиш энг қулай вариант бўлиши керак. Бу шахсий транспорт жозибадорлигини камайтириш, жамоат транспортидан фойдаланувчилар сонини оширишга хизмат қилади.

Мавзуга оид