Жаҳон | 11:46 / 03.11.2023
6494
4 дақиқада ўқилади

Латвия Россия автомобилларининг кўчаларда ҳаракатланишини тақиқлайди

Латвияда рўйхатдан ўтмаган Россия давлат рақамларига эга автомобиллар мусодара қилинади ва Украинага ўтказилади, бу мамлакатда қабул қилинган «Йўл ҳаракати тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартиришларда назарда тутилган.

Россия давлат рақамларига эга бўлган автомобиллар Латвияда белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтмаган бўлса, кўча ҳаракатида қатнашиши тақиқланади. Бу мамлакат парламенти (Сейм) 2 ноябр, пайшанба куни қабул қилган Латвия йўл ҳаракати тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларда назарда тутилган. «Автомобил кейинги йилнинг 14 февралидан кечиктирмай Латвияда рўйхатга олиниши ёки ҳудуддан олиб чиқилиши керак. Агар бу муддатдан кейин Латвияда рўйхатдан ўтмаган Россия автомобилидан йўл ҳаракатида фойдаланилгани аниқланса, у олиб қўйилади. Мусодара қилинган автомобиллар Украинага ўтказилади», дейилади Латвия Сейми сайтида.

Латвия орқали транзит ўтадиган рус автомобиллари учун истисно мавжуд. Бироқ, бундай транзитга фақат бир марта рухсат берилади ва у 24 соат ичида бажарилиши керак. Латвияга киришдан олдин, Латвия Йўл ҳаракати хавфсизлиги дирекциясининг электрон хизмати орқали ҳайдовчи ва транспорт воситаси тўғрисидаги маълумотларни расмийларга тақдим этиш керак.

Россияда рўйхатдан ўтган автомобиллардан фойдаланишга, агар улар «Латвия учун мажбурий бўлган халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ имтиёз ва иммунитетга эга» шахсга тегишли бўлса ҳам рухсат этилади. Бунинг учун ушбу ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларни топшириш керак.

Тузатишлар 15 ноябрдан кучга киради. Уларнинг Латвияда киритилиши Европа Иттифоқи санкцияларини амалга ошириш ва «хавфсизлик бўйича хатарларни камайтириш» билан изоҳланади.

ЕИ мамлакатларида Россия рақамлари бўлган шахсий автомобилларни олиб киришни тақиқлашга муносабат

Европа Иттифоқи орқали ҳаракатланадиган Россия рақамларига эга автомобилларни олиб қўйиш санкцияларни қўллаш тамойилини тушунтирувчи ва Европа Иттифоқига олиб кириладиган юзлаб товарлар рўйхатини кўрсатадиган 833/2014 Европа Иттифоқи низомининг 3i моддасига XXI илова асосида амалга оширилади. 

Бугунги кунга қадар бундай чоралар Болтиқбўйи мамлакатлари, Финландия, Полша, Болгария, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган Норвегия томонидан қўллаб-қувватланди. Россия фуқароларининг шахсий автомашиналарини хатловга олишнинг индивидуал ҳолатлари 2023 йилнинг июл ойидан бери Германия божхонасида ҳам содир бўлди.

Германияда Сўл партия депутати Андрей Хунко Германия Ташқи ишлар вазирлигига расмий сўров юбориб, «Германия ҳукумати Европа Иттифоқи қоидаларининг Россиядан ЕИга санкциялар тўғрисидаги низом XXI иловасида келтирилган шахсий автомобиллар ва бошқа шахсий буюмларни олиб киришга қўйилган тақиқ бўйича ушбу талқинига қўшиладими ёки йўқми, агар қўшилмаса, федерал ҳукумат Сергей Лагодинскийнинг (Германиядан Европа парламенти аъзоси) шахсий нарсаларга нисбатан санкциялар тўғрисидаги низомдан автомобилларни олиб ташлаш бўйича талабига рози бўлиши ёки бўлмаслигини» аниқлаштиришни сўради.

Германиянинг Россия рақамлари бўлган автомобилларни олиб киришни тақиқлаш бўйича позицияси

ДW ихтиёрида Андрей Хунконинг Германия Ташқи ишлар вазирлиги статс-котиби Томас Баггердан олган жавоби бор. Амалдор Европа Иттифоқи регламенти матнини такрорлаган ва Европа комиссияси ўз тушунтиришига киритган қўшимчани келтирган: «Шахсий гигиена воситалари ёки кийим-кечак санкцияларни четлаб ўтиш борасида жиддий ташвиш туғдирмайдиган товарлар ҳисобланади. Миллий ваколатли органлар тақиқни тегишли ва оқилона қўллашда давом этиши керак».

Баггер ўз номидан Германия ҳукумати бундай қўшимчани олқишлашини ва уни ҳуқуқий нуқтайи назардан бенуқсон қилиш учун санкциялар қоидаларини ўзгартириш масаласини кўриб чиқишга тайёрлигини қўшимча қилди. Бундан ташқари, статс-котибнинг таъкидлашича, «Германия ҳукумати 3i моддасини Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган мамлакатлар фуқароларининг яшаш ва кириш қоидаларига мувофиқлаштириш учун қўшимча имкониятларни ўрганмоқда».

Мавзуга оид