«Дориан»дан «Наргиз»гача: Нега тўфонларга аёллар номи берилади?
Ҳар гал у ёки бу ҳудудда тўфон содир бўлгани ҳақида ўқирканмиз, албатта, унинг номига кўзимиз тушади: «Катрина» тўфони, «Изабелл» тўфони, «Ҳарви» тўфони... Хўш, тўфонлар нега номланади? Уларга берилаётган номлар қандай танланади? Нега асосан аёллар исми қўйилади? Сўнгги йилларда энг йирик тўфонлар қаерларда содир бўлди? Ушбу мақолада шу саволларга жавоб топишингиз мумкин.

Фото: stock.adobe.com
Ер юзида ҳар йили кўплаб тўфонлар содир бўлмоқда ва минглаб одамлар ўлмоқда. Шаҳар ва қишлоқлар вайрон бўлмоқда. Бир неча кун олдин «Отис» деб номланган ана шундай тўфонлардан бири Мексикага анча зарар етказди.
Тинч океанида пайдо бўлиб, Мексиканинг жанубий қирғоқларига ёпирилган тўфоннинг кучи Саффир-Симпсон шкаласи бўйича энг юқори бешинчи тоифага чиққан.
Герреро штатида шамолнинг тезлиги секундига 75 метргача етган. Оқибатда, одамлар ҳалок бўлди, 500 мингга яқин турли бинолар ва аҳоли хонадонлари чироқсиз қолди.
«Отис» тўфони энг йирик табиий офат эмас. Яқин тарихда бундан ҳам йирик ва вайронкорроқ кўплаб тўфонлар содир бўлган. Қуйида тўфонларга нега ном берилиши сабаблари ва XXI асрда содир бўлган йирик тўфонлар ҳақида маълумот берамиз.

Тўфонлар нега номланади?
Ер юзи бўйлаб содир бўлаётган йирик тўфонларга турли номлар берилиши одат тусига кирган. Бунинг тарихи ХХ асрнинг бошларига бориб тақалади. Илк бор тўфонларни австралиялик Клемент Рагг номлай бошлаган.
Рагг турли тўфонларни табиат ҳодисаларини ўрганиш учун маблағ ажратишда жонбозлик кўрсатган парламент аъзолари номлари билан атаган.
Кейинроқ, Иккинчи жаҳон уруши пайтида америкалик ҳарбийлар Кариб ҳавзасида содир бўлган турли тўфонларга турмуш ўртоқлари ёки оналарининг исмларини қўйишган.
1950 йилдан бошлаб эса тўфонларга ҳарбий алифбо фонетикаси асосида ном бериш тизими жорий этилади. 1953 йилда тўфонларга яна аёллар исмини қўйиш тартибига қайтилади.
1979 йилдан бошлаб Жаҳон метеорология ташкилоти тўфонларга қўйиладиган исмлар рўйхатига эркаклар исмини ҳам қўшади. Бироқ ўшандан кейин ҳам бундай табиий офатларга асосан аёллар исми бериб келинмоқда.
Тўфонлар пайдо бўладиган бир нечта минтақаларнинг ҳар бири ўз рўйхатига эга. Мисол учун, Атлантика океанида пайдо бўладиган тўфонлар учун ҳар бири 21 номдан иборат 6 та рўйхат мавжуд.
Мазкур рўйхат 6 йил давомида тўфонларга қўйиб борилади. Олтинчи йилда рўйхат тугагандан сўнг еттинчи йилдан яна биринчи рўйхатдаги номлар қайта қўйила бошланади.
Мабодо, бир йилда 21 дан ортиқ тўфон содир бўлса ва рўйхатдаги номлар етмай қолса унда кейингиларига грекча ҳарфлар номи қўйилади. Йирик ҳамда катта ҳалокатларни келтириб чиқарган тўфонлар номи рўйхатдан чиқариб ташланади ва бошқаларига қўйилмайди.

Масалан, 2005 йилда «Катрина» номли довул мисли кўрилмаган талафотлар етказгани учун бошқа тўфонларга ҳеч қачон бу ном қўйилмайдиган бўлган. Ўшанда «Катрина» тўфони туфайли 1836 киши ҳалок бўлган ва у АҚШга 125 миллиард доллар зарар етказганди.
Тўфонларнинг японча номлари
Японлар тўфонларни бу тарзда номлаш тартибига амал қилмайди. Улар Тинч океанининг шимолий қисмида, Японияга яқин ҳудудларда содир бўлган табиий офатларни турли ҳайвонлар, гуллар, дарахтлар номи билан аташади.
Одатда кичик тўфонларга ном берилмайди. Асосан йирик табиий офатларга берилади. Бунда шамол тезлиги инобатга олинади. Сўнгги йилларда шамол тезлиги секундига 32 метрдан ошган тўфонларга ном бериляпти. Чунки бундай тўфонлар вайронкор бўлади.
Сўнгги йиллардаги энг йирик тўфонлар
Тарихда кўплаб йирик тўфонлар содир бўлган ва улар жуда катта зарар келтирган. Минглаб одамлар ҳалок бўлган. Қуйида 21-асрда юз берган йирик тўфонлар ҳақида маълумотларни келтириб ўтамиз.
«Ҳайян» тўфони
«Ҳайян» тўфони 2013 йил 3 ноябр куни Тинч океанида шаклланади ва асосан Филиппин, қисман Хитой ҳамда Ветнамга зарар етказиб, 11 ноябр куни сўнади.
Тўфон авжига чиққанда шамолнинг тезлиги соатига 385 километрга етади ва у йўлида учраган барча нарсани вайрон қилади.

БМТ маълумотларига кўра, ўшанда бу тўфон туфайли 11 миллион одам жабрланади. Табиий офат қарийб 600 минг уйни бутунлай вайрон қилади, яна шунча бино қисман зарарланади.
«Ҳайян» жами 6352 кишининг ҳаётига зомин бўлади. Яна 1771 киши бедарак йўқолади. Тўфон етказган зарар 3 млрд доллар ҳисобланган. Айтганча, «Ҳайян» ҳам Хитойда асосан қизлар исми ҳисобланади.
«Ҳарви» тўфони
«Ҳарви» тўфони АҚШ тарихида юз берган энг йирик табиий офатлардан бири бўлиб, у 2017 йил 17 август куни Кариб ҳавзасида шакллана бошлаган ва 2 сентябрда тўхтаган.
«Харви» АҚШда 107 кишининг ўлимига сабаб бўлади ва мамлакатга 125 млрд доллар зарар етказади. Кейинчалик тўфон етказган зарар 190 млрд долларга етгани айтилган.
У асосан АҚШ жанубидаги Техас штати шаҳар ва қишлоқларини вайрон қилган. Ўша пайтда табиий офат етказган вайроналарни тиклаш учун камида 70 млрд доллар керак бўлиши айтилганди.
«Катрина»
«Катрина» тўфони 2005 йил 23 августда Кариб ҳавзасида, Багам ороллари яқинида шакллана бошлайди ва бешинчи тоифагача кўтарилиб, 30 август куни сўнади. Тўфон авжига чиққанда шамол тезлиги соатига 280 километргача етади.
Ўшанда АҚШ президенти Жорж Буш Луизиана, Миссисипи, Алабама ва Флорида штатларини табиий офат ҳудуди деб эълон қилади. «Катрина» ёпирилиши мумкин ҳудудлардан миллионлаб одамлар эвакуация қилинади.

Луизиана штатидаги Янги Орлеан шаҳрини бутунлай сув босади. Аҳоли эвакуация қилинади. Бироқ барчани эвакуация қилишнинг иложи йўқ эди. Шу сабабли шаҳар маъмурияти Янги Орлеанда қолганларни тўфон вақтида усти ёпиладиган стадионга жойлаштиради.
Даҳшатли тўфон АҚШнинг Флорида, Миссисипи ва Луизиана штатларидаги кўплаб биноларни вайрон қилади. Оқибатда 1 836 киши ҳалок бўлади. 700 минг одам ўз уйларидан айрилади. Умумий ҳисобда «Катрина» АҚШга 125 млрд доллар зарар етказади.
«Айк» тўфони
Ушбу тўфон 2008 йил 1 сентябр куни Атлантика океанининг Африка қитъаси ғарбий қисмига яқин бўлган ҳудуддан бошланади. 8 сентябр куни у Куба оролига яқинлашганда тўртинчи тоифагача кўтарилади.
12 сентябр куни «Айк» шимолга қараб ҳаракатлана бошлайди ва Доминикан, Куба ҳамда Багам оролларига қисман зарар етказади.
Бир суткадан сўнг у Техас штати қирғоқ чегараларига етиб боради. Бу пайтга келиб «Айк» энг юқори бешинчи тоифагача кўтарилганди.
Техас штатида анча жойни вайрон қилган тўфон шимолга қараб кучсизланиб борадива 15 сентябр куни Канада ҳудудига етиб бориб сўнади. Унгача тўфон 214 кишини ҳаётдан олиб кетади ва АҚШга 38 миллиард доллар зарар етказади.
«Айван» (Иван) тўфони
«Айван» тўфони 2004 йил 2 сентябр куни Атлантика океанида шакланиб 25 сентябр куни АҚШ ҳудудида сўнади. Ушбу табиий офат Венесуэла, Ямайка, Кубадан ўтиб, Американинг Флорида штати соҳилларига етганда авжига чиқади.

Сўнг Луизиана ва Техас штатларида кўплаб вайронагарчиликлар содир этиб, АҚШнинг шарқий соҳиллари томонда тинади. «Айван» тўфони 117 кишининг ҳаётига зомин бўлади ва АҚШга 26,1 млрд доллар зарар етказади.
Ўшанда «Айван» тўфони туфайли Алабама, Флорида, Луизиана ва Техас штатларида 14 миллион одам жабрланади. Кўплаб бинолар вайрон бўлади. Аҳоли масканларини сув босади.
«Сэнди» тўфони
Ушбу тўфон ҳам 2012 йил 22 октябрда «Тўфонлар уяси» деб ном олган Кариб ҳавзасида шаклланади ва 2 ноябр куни Канада ҳудудида сўнади. Тўфон аввалига Ямайка, Куба, Багам ороллари ва Ҳаитига жиддий зарар етказади.
Сўнг Американинг шарқий қирғоқларига қараб ҳаракатланади ва Ню-Йорк, Ню-Жерси, Конектикут штатларига жуда катта зарар етказади. Ню-Йорк метросини бутунлай сув босади.
Табиий офат электр тармоқларига жиддий зарар етказади ва шаҳарнинг 7 миллион аҳолиси чироқсиз қолади. Табиий офат юз бераётганда авария участкаларида ишлаётган энергетика ходимларидан 19 нафари ҳалок бўлади.

Ўшанда тўфон туфайли Ню-Йоркда метро, автобус ва поезд қатнови тўхтаб қолади. Ню-Йорк фонд биржаси икки кун ишламайди. Товар биржаси савдоларни электрон режимга ўтказишга мажбур бўлади. БМТ бош қароргоҳи бир суткага ёпилади.
«Сэнди» тўфони 233 кишининг ўлимига сабаб бўлади ва АҚШга жами 68,7 млрд доллар зарар етказади. Ушбу тўфон «Катрина» тўфонидан сўнг бу мамлакатга жуда катта зарар етказган иккинчи табиий офат ҳисобланади.
«Дориан» тўфони
2019 йил 24 август куни Кариб ҳавзасида шаклланган ушбу тўфон АҚШнинг шарқий қирғоқларида жойлашган бир қатор штатларга жиддий зарар етказиб, 10 сентябр куни Канада ҳудудида сўнади.
«Дориан» аввалига Кариб ҳавзасидаги Антил ороллари, Пуэрто-Рико, Багам оролларига бироз зарар етказади. Сўнг АҚШ ҳудудига яқинлашганда шамол тезлиги соатига 298 километрга етиб, тўфон бешинчи тоифагача кўтарилади.
У Флорида, Жоржия, Шимолий ва Жанубий Каролина штатлари бўйлаб ҳаракатланиб, кўплаб биноларни вайрон қилади. Жойларни сув босади. Оқибатда, 84 киши ҳалок бўлади. Тўфон АҚШга 5 млрд доллар зарар етказади.

«Дориан» АҚШдан ўтиб, Канада қирғоқларига етганда шамол тезлиги пасаяди. Бироқ у сўниб бўлгунча Канаданинг Ню-Брансуик, Янги Шотландия, Шаҳзода Эдуард ороли провинцияларига ҳам зарар етказади.
«Рита» тўфони
Ушбу тўфон ҳам 2005 йил 18 сентябр куни Кариб ҳавзасида жойлашган Британияга қарашли Теркс ва Кайкос оролларидан бошланади. 26 сентябр куни АҚШ ҳудудида сўнади.
«Рита» авж палласига чиққанда шамол секундига 80 метр (соатига 290 километр) тезликда эса эсади ва йўлида учраган кўплаб биноларни вайрон қилади.
Тўфон Куба ороли, АҚШнинг Арканзас, Луизиана, Миссисипи, Техас ва Флорида штатлари бўйлаб ҳаракатланиб, 200 дан ошиқ одамнинг ҳалокатига сабаб бўлади.
Бешинчи категорияга кирувчи бу тўфон жами 12 млрд доллар зарар етказади. 2005 йилда «Катрина» тўфони туфайли кўчирилган ва бироз олдин уйига қайтган Янги Орлеан шаҳри аҳолиси «Рита» туфайли яна кўчирилади.

«Наргиз» тўфони
2008 йил 27 апрел куни Ҳинд океани шимолидаги Бенгал қўлтиғида шаклланган ушбу тўфон энг кўп зарарни Мянма давлатига етказади ва 2 май куни сўнади.
Шунингдек, у Шри-Ланка, Бангладеш ва Таиландга ҳам қисман зарар етказади. БМТ маълумотларига кўра, «Наргиз» тўфони туфайли 1,5 миллион одам жабрланади. Кўплаб бинолар вайрон бўлади.
Тўфон энди шаклланганда у аввалига Ҳиндистон томонга қараб ҳаракатланади. Ҳиндлар табиий офатга тайёрлана бошлайди.
Бироқ кўп ўтмай «Наргиз» ҳаракатни ўзгартиради ва Мянмага ёпирилади. Энг катта зарбани Янгон (Рангун) қабул қилади ва шаҳарни сув босиб, бинолар вайронага айланади.
Табиий офат туфайли қарийб 100 минг одам ҳалок бўлади. 56 минг одам бедарак йўқолади. 100 минглаб оилалар бошпанасидан айрилади. Умумий ҳисобда 2,4 миллион одам жабрланади. «Наргиз» етказган зарар миқдори 4 млрд долларга баҳоланган.

«Изабел» тўфони
«Изабел» тўфони 2003 йил 6 сентябр куни Атлантика океанининг Африка қирғоқларига яқин жойида шаклланади ва Кариб ҳавзаси томон ҳаракатланади.
У Катта Антил ва Багам оролларидан ўтиб, АҚШга ёпирилади ва бир қатор штатлар ҳудудидан ўтиб, Канаданинг Онтарио провинциясида сўнади.
«Изабел» содир бўлганда шамолнинг тезлиги соатига 270 километрга етади ва тўфон бешинчи тоифагача кўтарилади. Оқибатда, кўплаб жойларни вайрон қилади. Бир неча миллион одам чироқсиз қолади. 50 дан ошиқ одам ҳалок бўлади.

Ушбу тўфондан энг катта зарарни Виржиния штати кўради. Бу ерда 32 киши ҳалок бўлади ва штат кўрган зарар 2 млрд долларга баҳоланади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Тавсия этамиз
Сўнгги янгиликлар
-
“Asialuxe Travel” билан Шарм-эл-Шейхга: ҳаммага мос келадиган ритм
Ўзбекистон | 17:00 / 24.05.2025
-
АҚШ ҳукумати Пентагондаги журналистлар фаолиятини чеклади
Жаҳон | 16:35
-
Япония кемаси Россия билан баҳсли орол яқинида огоҳлантиришсиз ўт очди
Жаҳон | 15:50
-
Эронлик режиссёр филми Канн кинофестивали бош мукофотини қўлга киритди
Жаҳон | 15:44
Мавзуга оид

19:00 / 25.01.2025
Британия ва Ирландияда тўфон туфайли мингдан ортиқ рейслар бекор қилинди

17:59 / 25.12.2024
Иқлим ўзгариши зилзилалар сонини ошириши мумкин

18:50 / 07.12.2024
Ирландияда «Дара» тўфони сабаб 400 мингга яқин одам электр энергияси таъминотисиз қолди

20:50 / 14.11.2024