19:28 / 05.11.2023
22159

Украина Керчдаги заводга зарба берди. Россия кемаларидан бири шикастланган

Шанба куни кечқурун украин армияси Керчдаги Б.Е.Бутома номидаги «Залив» кемасозлик заводига ракета зарбаси йўллади. Натижада у ерда турган Россия кемаси шикастланган, бу маълумот Россия мудофаа вазирлиги томонидан тасдиқланган.

Фото: Видеодан кадр

Аннексия қилинган Қримнинг Москва томонидан тайинланган раҳбари Сергей Аксенов 4 ноябр куни ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Керч ҳудудида бир неча ракетани уриб туширганини маълум қилди. Унинг телеграмдаги постида «уриб туширилган ракета парчалари қуруқликдаги кемалар турувчи доклардан бирига тушгани» айтилган, лекин шикастланишлар ҳақида маълумот берилмаганди.

Кўп ўтмай ижтимоий тармоқларда завод йўналишида ҳаракатланаётган ракета ва кучли ёнғин акс этган видео тарқала бошлади.

5 ноябрга ўтар кечаси РФ мудофаа вазирлиги завод томон 15 та ракета учирилгани, шундан 13 таси уриб туширилганини маълум қилди.

Украинадаги айрим манбалар эса ракеталар сони анча камроқ бўлганини хабар қилишган. Украиналик ҳарбий репортёрлар Юрий Бутусов ва Андрей Цаплиенкога кўра, икки ракета уриб туширилган, яна иккитаси эса нишонга бориб теккан.

«Қанотли ракета тегиши оқибатида рақибнинг завод ҳудудида турган кемаси шикастланди», — дея иқтибос келтирилган «Интерфакс» хабарида.

Айнан қандай кемага зарба берилганига аниқлик келтирилмаган.

Украина томони нималар демоқда?

Украина ҚК ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешчук «Залив» заводига зарба Украинанинг тактик авиацияси томонидан йўлланганини тасдиқлади.

Керчдаги кемасозлик заводи (архив фото). 2021 йилда олинган суратда докда РФ Қора денгиз флотининг «Асколд» кичик ракета кемаси тургани акс этган

Унинг маълумотига кўра, бу вақтда завод ҳудудида «РФ Қора денгиз флотининг „Калибр“ қанотли ракеталари ташувчиси саналган энг замонавий кемаларидан бири бўлган».

Олешчук Украина қуролли кучлари зарба бериш учун SCALP (британларнинг Storm Shadow ракетасининг французча варианти) ракеталаридан фойдаланганига ишора қилган, у украин ҳарбий самолётларидан учирилади.

«Баракалла, SCALРини олдик!» — дея ёзган Олешчук ўз телеграмида.

«Умид қиламанки, яна бир сузиш воситаси „Москва“ ортидан йўл олади», — дея ёзган у — ва украин ҳарбийлари зарбанинг «тасдиқланган расмий натижаларини кутаётгани»ни қўшимча қилган.

Бунгача Украина ҚК Стратегик коммуникациялар маркази телеграм-канали «Украина қуролли кучлари вақтинча оккупация қилинган Қрим ҳудудидаги „Залив“ кемасозлик заводининг денгиз ва порт инфратузилмалари бўйлаб муваффақиятли зарбалар йўллагани» ҳақида хабар берганди.

Украина Миллий қаршилик ҳаракати маркази Керч кемасозлик заводидаги ёнғин акс этгани айтилган видеони эълон қилган.

Украинадаги «Схема» проекти «Залив» заводининг сунъий йўлдошдан олинган тасвирларини эълон қилди. 

Тасвирлар Planet Labs компанияси томонидан 31 октябр ва 5 ноябр кунлари олинган.

Украина ҳарбий денгиз кучларининг захирадаги 1-рангли капитани Ондрий Риженко проектга берган изоҳида ҳужум оқибатида катта эҳтимол билан «Асколд» кичик ракета кемаси шикастланганини маълум қилган.

«Мендаги маълумотларга кўра, 4 ноябр куни Керчда „Калибр“ синфидаги ракеталарни олиб юриши мумкин бўлган фақат битта кема бўлган, бу „Асколд“. Уни сайқаллашаётганди, чунки декабр ойида фойдаланишга топширилиши керак эди. Афтидан, у ҳали суза олиш ҳолатида, аммо кеманинг юқори қисми сезиларли даражада шикастланган», — дея қайд этган Риженко.

«Залив» — Шарқий Европадаги энг йирик кемасозлик корхоналаридан бири бўлиб, у ерда 2020 йилдан буён Россия ҳарбий-денгиз флоти учун кемалар ясаб келинади.

Украина қуролли кучлари бунгача ҳам Россиянинг Қримдаги ҳарбий объектлари бўйлаб зарбалар берганди, шу туфайли, ОАВ маълумотига кўра, Россия қўмондонлиги Қора денгиз флотининг кўплаб кемаларини Севастополдан Қора денгизнинг шарқий қисмидаги бошқа портларга олиб ўтишга қарор қилган.

Сентябр ойида Украина ҚК Қора денгиз флотининг Севастополдаги штабига, шунингдек, Севастопол кемасозлик заводига муваффақиятли зарбалар йўллаган, натижада Россиянинг икки кемаси шикастланганди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top