Жаҳон | 20:56 / 06.11.2023
4395
2 дақиқада ўқилади

Москва аэропортларида мигрантларнинг бармоқ изини олиш жараёни йўлга қўйилади 

Шу сабабли, шахсий маълумотларини ўзгартирган шахслар Россия ҳудудига кира олмаслиги айтилмоқда. 

Фото: Владимир Жабриков

Россия Ички ишлар вазирлиги яқин кунларда пойтахт аэропортларида мигрантларнинг бармоқ изини олиш (дактилоскопия) ва суратга туширишни бошлайди. Бу ҳақда Россия ИИВ миграция масалалари бош бошқармаси бошлиғи Валентина Казакова маълум қилди. 

«Афсуски, биз ҳозирча чегарада бармоқ изларини олмаяпмиз, аммо, Москва маъмурияти таклифларини инобатга олган ҳолда, менимча, яқин келажакда биз ушбу тажрибани бошлаймиз. Аэропортларда дактилоскопия (бармоқ излари) ва фотосурат олинади. Натижада, шахсий маълумотларини ўзгартирган шахслар Россия ҳудудига кира олмайди», деди у. 

Казакованинг эслатишича, Россия ҳудудига кирувчи хорижликлар 2021 йил охиридан бошлаб бармоқ излари, суратга олиш жараёни ва тиббий кўрикдан ўтиши шарт. Бу жараёнлар миграция марказларида амалга оширилмоқда. 

«Бармоқ излари олиниши натижасида 2 мингдан ортиқ жиноят фош этилди», деди бош бошқарма бошлиғи. 

Казакова сўзларига кўра, Россияда 6,5 миллионга яқин хорижлик бор, уларнинг 4 миллиони бармоқ изларини олиш жараёнидан ўтган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид