Жаҳон | 09:24 / 06.11.2023
8332
2 дақиқада ўқилади

Украина армияси шартнома асосидаги ҳарбий хизматга ўтади

Концепция Украина Қуролли кучларининг кенг кўламли уруш даврида ҳам, тинчлик даврида ҳам эҳтиёжларини қондириш учун ишлаб чиқилган, дейилади Украина Мудофаа вазирлиги баёнотида. Муддатли ҳарбий хизматни интенсив тайёргарликка алмаштириш режалаштирилган.

Фото: Pixabay / LukasJohnns

Украина армияси контракт бўйича ҳарбий хизматга ўтади, мажбурий ҳарбий хизмат эса «чақирув ёшидаги фуқароларнинг интенсив ҳарбий тайёргарлиги» билан алмаштирилади. Бу ҳақда мудофаа вазири Рустем Умеровнинг фармони билан тасдиқланган 2028 йилгача ҳарбий кадрлар сиёсатининг янги концепциясида айтилган, деб хабар қилди 5 ноябр, якшанба куни Мудофаа вазирлиги ўзининг Telegram-каналида.

Концепцияда мудофаа соҳасида ҳарбий кадрлар сиёсатини келгуси беш йил давомида – ҳам ҳарбий ҳолат даврида, ҳам тинчлик даврида ривожлантириш бўйича стратегик қарашлар белгилаб берилган, дейилади вазирлик хабарида. Унинг мақсади - «Украина Қуролли кучларининг кенг кўламли уруш пайтида одамларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, Евроатлантика хавфсизлик маконига интеграциялашув, Украина Қуролли кучларининг НАТОга аъзо давлатларнинг қуролли кучлари билан ўзаро ҳамкорлиги».

Украина Қуролли кучларида эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятлар

Ҳужжатга кўра, Украинада Қуролли кучларни профессионал кадрлар билан тўлдиришнинг самарали тизими фаолият юритади. Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларнинг мартабасини бошқаришда уларнинг билим олиши, касбий маҳоратини ошириш ва гендер тенглигини ҳисобга олган ҳолда янги ёндашувдан келиб чиқади; армияда эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятлар таъминланади.

Шунингдек, концепцияда кадрларни бошқариш жараёнлари автоматлаштирилиши ва рақамлаштирилиши, ҳарбий хизматчилар маоши ва уларни уй-жой билан таъминлашнинг самарали ва шаффоф тизими, қўмондонлар ва бўйсунувчилар ўртасидаги муносабатларнинг янги маданияти, ҳарбий хизматдан бўшатилган ҳарбий хизматчиларнинг фуқаролик ҳаёти учун муносиб шарт-шароитлар ҳам назарда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид