Жаҳон | 11:42 / 07.11.2023
3353
3 дақиқада ўқилади

Киев: янги ёрдамсиз бюджет тақчиллиги 29 млрд долларга етади

Украина молия вазири Марченко иттифоқчиларни Киевни қўллаб-қувватлашни тўхтатмасликка чақириб, коррупцияга қарши кураш органларини янада ислоҳ қилишга ваъда берди.

Фото: Shutterstock

Хорижий ҳамкорларнинг молиявий ёрдами бўлмаса, Украина келаси йили 29 миллиард долларлик бюджет камомадига дуч келади. Бу ҳақда Олий раданинг 2024 йил учун бюджети қабул қилиниши арафасида Украина молия вазири Сергей Марченко 6 ноябр, душанба куни Politico нашрига берган интервюсида маълум қилди.

«Макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш жуда муҳим, чунки урушдан ташқари биз иқтисодий инқирозга ҳам дуч келяпмиз», - деди у. Украина вазирининг сўзларига кўра, мамлакатдаги инқироз Европа Иттифоқида миграция, нархларнинг ошиши, айниқса, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари, нефт ва газ нархига таъсир кўрсатади. 

Украина Молия вазирлиги раҳбари кейинги ислоҳотларга тайёрлигини маълум қилди 

Марченко, шунингдек, Киевнинг коррупцияга қарши кураш органларини кучайтириш бўйича кейинги ислоҳотларга тайёрлигини таъкидлади. «Биз муҳокамага тайёрмиз, аммо Украинага ёрдам кўрсатишни кечиктиришига тайёр эмасмиз. Келгуси йил бошигача бизга пул керак», - деди у. 

Шу билан бирга, Украина вазири иттифоқчиларни Россиянинг кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошида G7 давлатлари музлатиб қўйган 300 миллиард долларга яқин Россия активларини Киевга ўтказишга чақирди. «Украина учун Россиянинг музлатилган активларини олиш қонуний устувор вазифадир», деди у. 

Яқин кунларда Украина Олий радаси мамлакатнинг 2024 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунни қабул қилиши керак. ЕИ Украинага 2024-2027 йилларга мўлжалланган 50 миллиард евро миқдоридаги ёрдам пакетини тақдим этишга ваъда берди, унинг ажратилиши ЕИга аъзо барча 27 давлатнинг розилигига боғлиқ. Словакия ва Венгрия Украинадаги коррупцияни тилга олиб, бу ёрдам кўрсатилишига қарши. АҚШнинг кейинги молиявий ёрдами ҳам ноаниқ, чунки Вакиллар палатаси 3 ноябр куни Украинани тилга олмасдан, Исроилни қўллаб-қувватлаш бўйича республикачилар режасини қабул қилди. АҚШ президенти Жо Байден агар у Сенат томонидан қабул қилинса, ҳужжатга вето қўйишини айтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид