Жаҳон | 12:02 / 07.11.2023
6156
3 дақиқада ўқилади

Молдовада сайловлар: европапараст партия ўз позициясини мустаҳкамлади

Молдовадаги минтақавий сайловларда ҳукмрон «Ҳаракат ва бирдамлик» партияси 32 округдан 19 тасида ғалаба қозонди. Бу кўрсаткич 2019 йилги сайловларга қараганда саккиз баравар яхши.

Фото: Elena Covalenco/DW

Молдовада ҳукмрон европапараст «Ҳаракат ва бирдамлик» партияси минтақавий сайловларда 32 округнинг 19 тасида ғалаба қозонди. Бу ҳақда 6 ноябр, душанба куни Марказий сайлов комиссияси сайтида эълон қилинган овоз беришнинг дастлабки натижаларида айтилган. Ушбу кўрсаткич 2019 йилда бўлиб ўтган аввалги сайловларга қараганда саккиз баробар яхшироқдир

Сайловчилар иштироки, МСК раиси Анжелика Караман матбуот анжуманида маълум қилганидек, 41,4 фоизни ёки 1,147 миллиондан ортиқ фуқароларни ташкил этди. 2019 йилги маҳаллий сайловларда сайловчиларнинг 41,7 фоизи овоз беришда қатнашган. Мамлакатнинг саккизта аҳоли пунктида сайловчилар 25 фоиздан кам иштирок этди ва у ерда «сайлов рўйхатларидаги бир хил маълумотлар асосида, бир хил номзодлар, бир хил кенгашлар ва сайлов бюролари билан» такрорий овоз бериш ўтказилади», дея аниқлик киритди Караман.

Айни пайтда, «Ҳаракат ва бирдамлик» ҳеч қайси ҳудудда кўпчилик ўринга эга бўлмайди. Мамлакат шимоли анъанага кўра россияпараст Социалистлар партияси томонида бўлиб келган, бироқ сўнгги минтақавий сайловлардан бери у бешта туманни бой берди.

Яна бир россияпараст партия – «Имкон» - «хавфсизлик нуқтайи назаридан» овоз беришдан икки кун олдин сайловдан четлаштирилди. Молдова разведкаси «Имкон» ташқаридан, шу жумладан Россиядан пул олган бир нечта схемаларни аниқлаганини эълон қилди.

Молдова бош вазири яна Россия ҳақида гапирди

«Бизнинг ташқи душманимиз бор - Россия Федерацияси - у трансчегаравий жиноий тармоқ орқали улкан ўтказмалар ёрдамида Молдова Республикасини йўқ қилишни хоҳлаяпти», дея маълум қилди мамлакат бош вазири Дорин Речан.

Минтақавий сайловлар натижаларига кўра, 2019 йилгача пойтахт кенгашидаги социалистик фракция раиси лавозимида ишлаб келган Ион Чабан Кишинев мэри лавозимида қолади. У 50,62 фоиз овоз олди ва шу тариқа биринчи турда ғалаба қозонди. «Ҳаракат ва бирдамлик» Чабанни Москванинг потенциал иттифоқчиси деб билади. 

Жорий минтақавий сайловлар Молдовада 2024 йил ноябрида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларидан олдинги охирги миллий сайловлар бўлди. Сўнгги йилларда Молдова Россия таъсиридан халос бўлишга, европапараст йўл тутишга ва Европа Иттифоқига киришга интилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид