Жаҳон | 10:01 / 07.11.2023
4468
3 дақиқада ўқилади

Полша юк машиналари Украина билан чегарадаги ўтиш жойларини тўсиб қўйди

Полшадаги транспорт компаниялари Украинадан арзон рақобатга қарши норозилик билдирмоқда. Бир нечта чегара ўтиш жойларида улар автомобилларни ўтказяпти ва юк машиналарининг ўтишини тўсиб қўйган.

Фото: Reuters

Украинадан рақобатга норозилик сифатида ўнлаб Полша ташувчилари Украина билан чегарадаги бир нечта чегара ўтиш жойларини тўсиб қўйди. Полша транспорт компанияларининг норозилик билдираётган ходимлари енгил автомобиллар ўтишига рухсат бермоқда, бироқ юк машиналарининг мамлакатга киришига тўсқинлик қилмоқда, деб хабар берди PAP ахборот агентлиги 6 ноябр, душанба куни Полша полициясига таяниб. Ушбу маълумотларга кўра, соатига фақат битта юк машинаси ўтиши мумкин.

Шу тариқа юк ташувчилар арзонроқ транспорт хизматларини таклиф қилаётган украиналик рақобатчиларнинг ҳаракатларига қарши норозилик билдирмоқда. Улар, жумладан, Украина компаниялари Полша орқали товарларни фақат махсус рухсатнома билан олиб ўтишини талаб қиляпти, фақат гуманитар ва ҳарбий юклар бундан мустасно бўлиши мумкин, дея хабар берди PAP. Бундан ташқари, Полша транспорт соҳаси вакиллари Украинада ҳуқуқлари бузилганидан шикоят қилмоқда. Украинадан Полшага юкларни етказиб бериш учун электрон рўйхатдан ўтиш талаб қилинади, бу 12 кунгача кутиш вақтини ўз ичига олади, Полшада эса бундай талаблар йўқ. 

«Украинская правда»нинг қайд этишича, Гребенное, Дорогуск ва Корчевадаги ўтиш жойлари тўсиб қўйилган. Айни пайтда, Украина Давлат чегара хизмати ҳар икки йўналишдаги учта назорат-ўтказиш пункти йўналиши бўйича юк ташишда қийинчиликлар юзага келганини маълум қилди. «Норозилик ташкилотчилари соатига битта юк машинасини, шунингдек, хавфсизлик юклари, гуманитар юклар, тез бузиладиган озиқ-овқатларни ташувчи ва ҳоказоларни олиб ўтишга рухсат беришни режалаштирмоқда», дейилади баёнотда. 

Украинанинг Полшадаги элчиси блокадани олиб ташлашга чақирди 

Айни пайтда, Украинанинг Полшадаги элчиси Василий Зварич полшалик ташувчиларни блокадани олиб ташлашга чақирди. У бу қадамни Россия тажовузидан азият чекаётган «Украинага орқадан пичоқ уриш» деб атади. «Украина ва ЕИ ўртасидаги бирдамлик йўлаклари таҳдид остида. Биз чегара блокадасини тўхтатишга чақирамиз», - деб ёзди у X ижтимоий тармоғида. 

Европа Иттифоқи Украина иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида Россиянинг кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлари бошланганидан сўнг украиналикларга юк ташиш учун рухсатнома олиш заруратини бекор қилди. Дастлаб бу чоралар бир йилга амал қилди, ўтган ёзда эса 2024 йилнинг июнигача узайтирилган эди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид