Жаҳон | 13:43 / 07.11.2023
6875
2 дақиқада ўқилади

Россия Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномадан чиқди

ЕОҚКШдан чиқиш тартиби якунланди, деб хабар қилди Россия ТИВ. Шартномада ҳарбий техника, жумладан, танклар, артиллерия, вертолётлар ва самолётлар миқдори бўйича квоталар белгиланганди.

Фото: Picture Alliance

Россия 7 ноябр, сешанбага ўтар кечаси Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартномадан (ЕОҚКШ) чиқиш тартибини якунлади, дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. Хабарда таъкидланишича, айни пайтда 1990 йил 3 ноябрдаги Будапешт келишуви ва 1996 йил 31 майдаги Қанотли ҳужжат деб аталувчи, ЕОҚКШ шартномаси билан боғлиқ бўлган ҳужжатлар Москва учун энди амал қилмайди.

«Биринчиси, ўша пайтдаги Варшава шартномаси иштирокчиларининг ҳар бири учун оддий қуроллар даражасини аниқлаш мақсадида тузилган, иккинчиси эса СССР парчаланиши муносабати билан юзага келган қанотли чекловлар муаммосини вақтинча ҳал қилиш учун ишлаб чиқилган», - деб тушунтирди Россия Ташқи ишлар вазирлиги. 

ЕОҚКШнинг денонсацияси

Европада оддий қуролли кучлар тўғрисидаги шартнома 1990 йил 19 ноябрда НАТОнинг ўн олтита давлати ва Варшава шартномаси ташкилотига аъзо бўлган олти мамлакат томонидан имзоланган. Ҳужжат иштирокчи давлатлар учун оддий қуроллар ва ҳарбий техникалар сонига чекловлар ўрнатди. Жанговар танклар ва зирҳли техникалар, артиллерия, жанговар самолётлар ва вертолётлар учун чекловлар белгиланди. 

Россия 1992 йил июл ойида шартномани ратификация қилди ва 2007 йил июл ойида унинг амал қилишини тўхтатди. Ташқи ишлар вазирлигининг таъкидлашича, ЕОҚКШ шартномасининг тўхтатилиши Владимир Путиннинг «Мюнхендаги нутқига мувофиқ» қилинган. Ўшанда Мюнхенда йиллик хавфсизлик конференциясида сўзга чиққан Россия президенти кутилмаганда АҚШни ва Россия ташқи сиёсатида бурилиш нуқтаси бўлган бир қутбли дунё моделини қаттиқ танқид қилди. 2015 йилда Москва ЕОҚКШ бўйича қўшма маслаҳат гуруҳи йиғилишларида иштирок этишни тўхтатди. 

2023 йил май ойида Владимир Путин ЕОҚКШни денонсация қилувчи қонунни имзолади. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид