13:50 / 07.11.2023
4426

ЕИ Украина ва Молдова билан музокараларни 2024 йилда бошлаши мумкин

Еврокомиссия Украина ва Молдова билан Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилмоқчи - аммо иккала давлат ҳам қолган шартларни бажариши керак, деб ёзади Reuters. 

Фото: AP

Еврокомиссия (ЕК) Украина ва Молдовани Европа Иттифоқига қабул қилиш бўйича музокараларни бошлашни тавсия қилмоқчи, бироқ иккала давлат қолган талабларни бажариши керак, деб хабар берди Reuters 6 ноябр, душанба куни Европа Иттифоқининг икки вакилига таяниб. Агентлик таъкидлашича, бу Киев ва Кишинев билан Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича расмий музокаралар 2024 йилдаёқ бошланиши мумкинлигини англатади

8 ноябр, чоршанба куни Еврокомиссия Украина ва Молдованинг Европа Иттифоқига номзод мақомини олиш йўлида эришган ютуқлари тўғрисидаги навбатдаги ҳисоботини тақдим этади - унда бажарилиши лозим бўлган етти банд назарда тутилади. Ушбу ҳисоботга асосланиб, Европа Иттифоқининг 27 давлати давлат ва ҳукумат раҳбарлари декабр ойида бўлиб ўтадиган саммитда Киев ва Кишинев билан Европа Иттифоқига кириш бўйича музокараларни бошлаш мақсадга мувофиқлиги ҳақида қарор қабул қилади. 

Украина узоқ вақтдан бери Европа Иттифоқига қўшилиш бўйича расмий музокаралар бошланишига интилмоқда. Бундан бир неча кун олдин Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Олий радада сўзга чиқиб, Киев ўз олдига қўйилган вазифаларни 90 фоизга бажарганини таъкидлаган эди. Украина бош вазирининг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича ўринбосари Олга Стефанишина бу баёнотни танқид қилди. «Ҳатто 99,9 фоиз ҳам Украина учун салбий сигналдир, чунки гап мамлакатдаги экзистенциал ўзгаришлар ҳақида кетяпти», деб таъкидлади Стефанишина. Унинг фикрича, фон дер Ляйеннинг бундай баёнотидан Киев қолган 10 фоиз вазифаларни бажаришга саноқли кунлар қолган, деган хулосага келиши мумкин. «Биз қанчалик кўп қилсак, шунчалик кўп муаммолар пайдо бўлади, бу эса 100 фоизлик кўрсаткич бажарилмай қолишига олиб келмайди», дея қўшимча қилди у. 

Top